Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб борар экан, ахборот тизимлари, муҳим инфратузилма ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Киберхавфсизлик эндиликда фақат мутахассислар фаолиятига дахлдор соҳа эмас, балки давлатлар, бизнес вакиллари ва бутун жамият олдида турган муҳим вазифалардан бирига айланиб улгурди. Бундай шароитда халқаро тажриба алмашиш, замонавий таҳдидларга қарши самарали ечимларни муҳокама қилиш ва малакали мутахассислар салоҳиятини ошириш алоҳида аҳамиятга эга.
Жлоий йил 5–7 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Киберхавфсизлик саммити – Марказий Евросиё, CSS 2026” халқаро тадбири ҳам айнан шу мақсадларга хизмат қилди. Киберхавфсизлик маркази ва Буюк Британиянинг “Dialogue Events” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир минтақавий ва халқаро киберҳамжамият вакилларини бир майдонда жамлади. Унда 30 давлатдан 600 дан ортиқ делегат иштирок этди ва соҳа доирасида қатор тақдимотлар тингланди.
Муҳокамаларда глобал киберхавфларнинг ўзгарувчан табиати, муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш, бизнес активлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда рақамлаштириш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Замонавий киберҳужумлар давлат чегаралари билан чекланмайди. Бир ҳудудда юзага келган заифлик ёки содир этилган ҳужум бошқа мамлакат ва ташкилотлар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис киберхавфсизликни таъминлашда халқаро ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ривожлантириш муҳимдир.
Саммитда иштирок этган Франциянинг “Expertise France” ташкилоти Тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик департаменти директорининг ўринбосари Бенедикт Борел ҳам минтақавий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашишнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
– Биз тадбирда Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида киберхавфсизлик бўйича амалга ошираётган лойиҳаларимиз тажрибасини тақдим этдик. Бу саммитда иккинчи бор иштирок этишимиз. Ўзбекистоннинг бундай кенг кўламли тадбирни ташкил эта олгани, киберхавфсизлик ва замонавий ечимлар муҳокама қилинаётганини кўриш жуда қувонарли, – дейди Бенедикт Борел.
Унинг қайд этишича, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик турли мамлакатларнинг тажрибаси ва билимларини бирлаштириш имконини беради. Бир мамлакатда самарали натижа берган ечимни бошқасининг шароитига мослаштириш мумкин. Чунки киберхавфсизлик муаммолари глобал хусусиятга эга ва уларга қарши самарали курашиш учун ҳамкорликка асосланган умумий ёндашув зарур.
Озарбайжон Республикаси Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги ҳузуридаги Миллий киберхавфсизлик агентлиги вакили Элман Мурадов ҳам саммитда иштирок этиш имконияти учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдирди.
– Агентлигимизга кўрсатилган эътибор ва самимий таклиф учун Ўзбекистон Киберхавфсизлик марказига миннатдорлик билдирамиз. Бундай тадбирда қатнашиш Марказий Осиё ва ундан ташқаридаги ҳамкасблар билан фикр ва тажриба алмашиш учун ажойиб имкониятдир, – деди Элман Мурадов.
Саммит доирасида “Cyberkent 4.0” мусобақалари ҳам бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар назарий билимларини амалий вазифаларда синовдан ўтказиб, ўзаро рақобат ва тажриба алмашиш орқали касбий маҳоратларини намоён этдилар. Халқаро саммитнинг муҳим таркибий қисмларидан бири бўлган мусобақа киберхавфсизлик соҳасидаги билим ва кўникмаларни амалий шароитда синаш, иқтидорли мутахассисларни аниқлаш ҳамда ёшларнинг соҳага бўлган қизиқишини оширишга қаратилди.
“Cyberkent 4.0”нинг Red team (ҳужумчи жамоа), Blue team (ҳимоячи жамоа), очиқ топшириқлар, “CyberQuiz” викторинаси, Bug Bounty, Cybermergan, “Cybermuloqot” семинар-тренинги каби етти йўналиши иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Жамоалар киберҳужумларни аниқлаш, тизимларни ҳимоя қилиш ва мавжуд заифликларни топиш каби вазифаларни бажардилар. Мусобақанинг халқаро миқёсда ўтказилиши унинг аҳамиятини янада оширди.
– Киберхавфсизлик таҳдидлари трансчегаравий хусусиятга эга, – дейди Беларусь вакили Аляксей Тсембалов. – Шу сабабли Тошкент каби майдонларда тажриба алмашиш, ўз билим ва кўникмаларимизни намойиш этиш ҳамда бошқа мамлакатлардан келган ҳамкасблар билан мулоқот қилиш жуда муҳим. Биз бу йилги мусобақаларда иккита жамоа билан қатнашдик. Бу жамоаларимиз учун ўз салоҳиятини намоён этиш, янги тажриба орттириш ва бошқа мутахассислар билан профессионал алоқаларни ривожлантириш имкониятидир.
“Enersok” компаниясининг ахборот хавфсизлиги бўйича раҳбари (CISO) Қуёшбек Мирзакамолов саммитда иккинчи бор қатнашаётганини айтиб, бундай тадбирларнинг соҳа ривожи учун аҳамиятига тўхталди.
– Бугунги кунда киберхавфсизлик соҳасида янги босқичга чиқиш, мутахассисларни бир майдонда жамлаш ва айниқса, сунъий интеллект ривожланаётган даврда юзага келаётган таҳдидларга муносиб жавоб қайтариш жуда муҳим. Бундай тадбирлар соҳа вакилларига ўзаро фикр алмашиш ва биргаликда ечим излаш имконини беради.
Қуёшбек Мирзакамолов “Cyberkent 4.0” мусобақаларининг амалий жиҳатларини ҳам алоҳида таъкидлади. Унинг фикрича, “Red team” ва “Blue team” жамоаларининг реал вазиятларга яқин сценарийларда беллашиши мутахассислар учун фойдали тажриба мактабидир. Чунки бу жараёнда ҳимоя механизмларини синаш, заифликларни аниқлаш ва юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга тайёр туриш кўникмалари ривожланади.
Очиқ топшириқларнинг “CTF Master” йўналиши иштирокчиларнинг техник билим ва муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини синовдан ўтказган бўлса, “The AI Underworld” сунъий интеллект билан боғлиқ таҳдидлар ва ҳужум сценарийларини таҳлил қилишга йўналтирилди. “Attack Surface AI” доирасида эса сунъий интеллект тизимларидаги эҳтимолий заифликларни аниқлаш ва уларнинг хавфсизлигини баҳолаш вазифалари бажарилди.
Мусобақа дастуридан ўрин олган “Cybermuloqot” семинар-тренинги эса ёшлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун имконият яратишга қаратилди.
Достонбек ТЎРАЕВ,
Киберхафсизлик маркази матбуот котиби