“Чуст оши” асосан очиқ ҳавода, баланд оловда, алюмин қозонларда тайёрланади. Таомнинг ўзига хос тўқ олтин-жигарранг ранги сунъий бўёқларсиз, суякли гўшт ва пиёзнинг баланд оловда қовурилиши натижасида ҳосил бўлади.

Ҳудуднинг ўзига хос микроиқлими, шувоқ ва кийикўт билан боқилган қора қўчқор гўшти ҳамда Гавасой ва Косонсой ҳавзаларининг табиий юмшоқ булоқ суви “Чуст оши”нинг бетакрор таъми ва сифатини таъминлайди.

“Чуст оши”га географик кўрсаткич мақомининг берилиши унинг номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади.

Шу билан бирга, мазкур мақом маҳсулот сифатининг озиқ-овқат маҳсулотлари учун белгиланган давлат меъёрларига мувофиқлигини кафолатлайди ҳамда ҳудуднинг гастрономик брендини халқаро миқёсда тарғиб этиш имкониятларини кенгайтиради.

Бугунги кунда “Чуст оши” гастрономик туризмни ривожлантириш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ўзбек миллий маданиятини дунёга танитишда муҳим ўрин тутмоқда.

Маълумот учун: Географик кўрсаткич — маҳсулотнинг маълум бир ҳудудга мансублигини, унинг сифати, ўзига хос хусусиятлари ёки обрў-эътибори айнан шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ҳамда ижтимоий-маданий омилларига боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объектидир.