Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов “Оқтепа” сув омбори ҳудудида Александр Федин билан учрашиб, у яратган боғни кўздан кечирди.
Учрашув давомида Александр Федин давлат ҳимоясида экани, шунингдек, Экология қўмитаси тизимидаги Ўрмон агентлигига ишга қабул қилиниши маълум қилинди.
Шунингдек, “Оқтепа” сув омбори атрофида узоқ йиллар давомида барпо этилган, ноёб дарахтлар, ёввойи ҳайвонлар, қушлар ҳамда бошқа биохилма-хиллик объектларини ўзида мужассам этган ҳудудда “Дендрология боғи” ташкил этилади.
Кўп йиллик меҳнати, табиатни муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси ва ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, Александр Федин учун боғ ҳудудида барча зарур қулайликларга эга кичик уй-жой қуриб берилади. Шу билан бирга, боғ ходимлари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилиб, улар квадроцикллар билан таъминланади.