Улуғ бобокалонимиз, сўз мулкининг соҳир султони Алишер Навоий бу азалий ҳақиқатни бетакрор бир тарзда бундай ифодалаган эди:
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билки, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
Табиийки, инсоният даҳоси эришган буюк ва мўъжизакор ютуқлардан яна бири эса ёзувдир. Ёзув кашф қилиниши инсоният маданий тараққиётининг том маънодаги ибтидоси, кишилик жамиятининг узоқ ва мураккаб тадрижий такомили жараёнидаги тенгсиз, қудратли воситаларнинг энг асосийларидан бири. Ёзувнинг умумбашарий маданият шаклланишидаги бу қадар улкан аҳамиятини бутун тўлалигича тасаввур қилиш, бундан беҳад ҳайратланиш натижасида ҳатто баъзи олимлар “Ёзув тилдан илгари пайдо бўлган” деган назарий жиҳатдан янглиш қарашларни ҳам баён қилган, аммо тилнинг ёзувга қараганда анча “кекса”лиги шубҳасиздир. Албатта, оғзаки тилнинг замон ва макон-масофа нуқтаи назаридан чеклангани ва шу чекланганликни бартараф этиш зарурати табиий равишда ёзув келиб чиқишига сабаб бўлган.
Шубҳасизки, айнан ёзув туфайли кишилик жамияти яратган улкан билимлар, бой тажрибалар, инсон закоси маҳсули бўлган нодир кашфиётлар, инсониятнинг олис, лекин ойдин бадиий тафаккури ойнаси бўлмиш сўз санъати дурдоналари, жамиятлар тарихининг нурли ва нурсиз саҳифалари ҳамда шу каби қимматли ахборотларнинг барча-барчаси авлодлардан авлодларга, халқлардан халқларга, қитъалардан қитъаларга бевосита етиб боради. Бой ва улкан ўтмиш маданиятимиз, туганмас тарихимиз ҳақидаги бугунги устувор тасаввурларимизнинг мавжудлиги, тириклиги фақат ва фақат ёзув туфайлидир. Умуман, ёзувнинг беқиёс аҳамияти, кишилик алоқасидаги ўрнининг нақадар катта экани бугунги ҳақиқатдир.
Она юртимиз Ўзбекистон ҳудудида қадимдан ўрхун, уйғур, араб каби турли ёзувлардан фойдаланиб келинган. Ўтган аср бошларига келиб, мазкур алифболарнинг ўзбек тили товуш қурилишини етарли ифодалай олмаётгани англаб етилгач, 1929 йилдан лотин ёзуви асосидаги алифбога ўтилган, тегишли сиёсат тазйиқи билан 1940 йилдан кирилл алифбоси жорий қилинган.
Аслида, 1926 йили Бокуда бўлиб ўтган туркийшунослар қурултойида шўролар мамлакати таркибидаги туркий халқларнинг лотин алифбосига ўтишига қарор қилинган эди. Бу даврда тиниқ миллий тафаккур эгалари бўлган жуда кўплаб зиёлиларимиз, хусусан, жадидлар ўзбек тилининг мунтазам камоли учун лотин ёзувига ўтиш нурли истиқбол экани ҳақида қайта-қайта гапирган. Лотин ёзуви асосидаги алифбога ўтиш учун ҳаракатнинг объектив сабаблари бор эди. Хусусан, бу ёзувни турли тилларнинг товуш хусусиятларини акс эттиришга мослаштириш имкониятлари катталиги муҳим эди. Халқаро фонетик уюшма (IPA) алифбоси ҳам шу ёзув асосида бўлиб, дунё тилшунослари хилма-хил тилларнинг товуш қурилишини тавсифлашда айни уни қўллайди. Ҳозирги кунда Ер юзи аҳолисининг жуда катта қисми лотин ёзуви асосида шаклланган алифбони қўллайди. Бу ёзувдан Американинг барча, Европа, Австралия, Африканинг аксар, шунингдек, Осиёнинг айрим мамлакатлари (Туркия, Индонезия, Вьетнам, қисман Филиппин) фойдаланади, бу жаҳон аҳолисининг 30 фоизини ташкил этади. Славян-кирилл ёзувидан жаҳон аҳолисининг 10 фоизи, араб ёзувидан 10 фоизи, ҳинд ёзувидан 20 фоизи фойдаланади. Қолган 30 фоиз аҳоли эса бошқа турли ёзув тизимларини истифода қилади.
Турли мамлакатларда лотин алифбосига ўтиш ғоясига анчайин хайрихоҳлик билан қаралган. Хитой зиёлиларининг катта қисми лотинлаштирилган алифбо тарафдорлари бўлган. Хитойнинг ўтган асрнинг 20-30-йилларидаги атоқли давлат ва жамоат арбоби Цай Юаньпей олий лавозимларда туриб, лотин ёзувига ўтиш ғоясини илгари сурган. Халқ вакиллари Умумхитой мажлиси хитой тилининг лотинлаштирилган алифбосини тасдиқлаган. Аммо турли эҳтиросли мулоҳазалар бу ишни тўлалигича амалга оширишга имкон бермаган. Хитойда ҳозирга қадар лотинлаштирилган бу ёзувдан фақат ёрдамчи восита сифатида фойдаланилади. Ёки Шарқнинг юксак маданият марказларидан бири — Японияда ҳам лотин ёзуви ўзига хос ўринга эга, япон ёзуви билан бир қаторда ёрдамчи восита сифатида лотин ёзуви ҳам қўлланилади. 1885 йилда тузилган “Ромадзикай” жамияти (япон тилини лотин — “рома” ёзувига ўтказиш жамияти) ҳозирга қадар фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу жамиятнинг 3 та ҳажман ихчам журнал ва хабарномаси нашр қилинади (“Лотинча Япония”, “Лотин ёзуви олами” ва “Лотин ёзуви таянчи”).
Лотинлаштиришга бу каби амалга ошмай қолган ҳаракатлар собиқ шўролар юртида ҳам бўй кўрсатган. Хусусан, ўтган асрнинг 30-йилларида кирилл алифбосини лотин алифбосига алмаштириш бўйича, бунинг фойдалари ҳақида давлат арбоби А.В.Луначарскийнинг мақолалари эълон қилинган, аммо кескин қарорлар туфайли бу ҳаракатлар тўхтатилган.
Ўзбек тили 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми билан қовушгач, уни ривожига боғлиқ тадбирлар белгиланди. Улар орасида янги алифбони жорий қилиш масаласи фавқулодда муҳимларидан бири эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Унинг муқаддимасида бундай дейилган: “Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланиб ва ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929-1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларни инобатга олган ҳолда республиканинг ҳар томонлама камол топишини ва жаҳон коммуникация тизимига киришини жадаллаштирувчи қулай шароит яратишга хизмат қилади”.
Мазкур қонунга кўра қабул қилинган ўзбек алифбосида айрим ҳарфлар ост ва уст белгилар ёрдамида ясалган бўлиб, замонавий техника воситаларида бўлмагани учун улардан қўшимча сарф-харажатларсиз фойдаланиш имкони йўқ эди. Шунинг учун устига, остига турли ишоралар қўйилган ҳарфлардан воз кечиш мақсадга мувофиқ деб топилди. Ана шу мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда 1995 йил 6 майда “Ўзбекистон Республикасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ўзгартиришлар киритилгандан кейин янги ўзбек алифбоси 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмасидан таркиб топди.
Шундан буён ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди, бу давр ичида ундаги айрим нотамомликлар сезилиб борди. Жуда кўп мулоҳазалар юзага келди, муҳокамалар бўлди. Сўнгги йилларда ўзбек тилини ривожлантиришга, давлат тили сифатида нуфузини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда ва халқаро майдонда ўзбек тили фаол қўлланмоқда. Хорижий мамлакатларда ўзбек тилига эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда. Шундай шароитда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ва имло қоидаларини янада такомиллаштириш ҳаётий заруратга айланди. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бу масаланинг ҳаққоний ечимига эришишнинг фавқулодда муҳимлигига мунтазам эътиборни қаратиб келди. Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонларида “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш” вазифаси қўйилган.
Янги Ўзбекистонни яратиш стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда ўзбек-лотин алифбосини такомиллаштириш бўйича Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида республикамизнинг илғор зиёлилари ва олимлар иштирокида йиғилишлар, муҳокамалар, семинарлар ўтказилди, фикрлари эшитилди. Ушбу муҳокамаларда Олий Мажлис депутатлари, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, нашриёт ходимлари, ахборот технологиялари мутахассислари, блогерлар, умуман, кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида, ижтимоий тармоқларда юртимизнинг илғор зиёлилари ва олимлари иштирокида ўтказилган муҳокамаларда жамоатчилик фикри ўрганилди, 4 та ҳарфни қўллашда муаммо борлиги айтилди, жамоатчилик шу 4 ҳарфни ўзгартиришда якдил фикр билдирди. Ҳарф-товуш тамойилига асосланган ёзув тизимида, бундай тизимдаги алифбо ҳатто идеал ҳисобланади, бир ҳарф фақат муайян товушни ифодалаши, бир товуш фақат муайян ҳарф билан ифодаланиши лозим. Албатта, амалдаги алифбода айни тамойил бузилган, шу ҳолат саводхонлик масаласида ҳам мушкулотларга йўл очмоқда, алифбомизнинг расолигига путур етказмоқда. Илмий муҳокамаларда 1995 йилда қабул қилинган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги айрим ҳарфларга хос бўлган мураккаблик ва ноқулайликлар илмий-амалий жиҳатдан асослаб берилди. Жумладан, биргина Оʻ (ў) ва Gʻ (ғ) ҳарфларини ёзиш учун компьютерда 6 та амални бажариш талаб этилмоқда. Амалиётда, масалан, Оʻ ҳарфининг 10 дан зиёд шакллари (O', O`, O’, O‘, O´, Oʻ, Ö, Õ, Ō, Ó, Ò, Ǒ, Ô) ишлатилмоқда. Замонавий ахборот технологиялари бу ҳарфлар қатнашган сўзларни яхлит сўз сифатида қабул қилмаяпти. Натижада турли дастурлар ва луғатлар яратишда, умуман, ўзбек тилини рақамлаштиришда жиддий муаммолар юзага келмоқда. Шунингдек, Ch (ч) ва Sh (ш) ҳарфлари ўзбек тилида фаол товушларни ифодалаш учун танланган, инглиз тилига нисбатан она тилимизда 3-5 баравар кўп учрайди. Shoshilinch, xushchaqchaq, achchiqtosh каби сўзларда кетма-кет келадиган Ch, Sh ҳарфларини ёзиш ва ўқишда қийинчиликлар туғилмоқда. Қўшҳарфлилик муаммоси имло қоидаларида ҳам айрим чалкашликларга сабаб бўлмоқда. Масалан, Is’hoq (Исҳоқ), As’hobiddin (Асҳобиддин), as’hob (асҳоб) каби сўзларни “Ishoq”, “Ashobiddin”, “ashob” тарзида нотўғри ёзиш ва ўқиш ҳолатлари кузатилаётир. “Имло қоидалари”га кўра эса мазкур сўзлардаги s ва h ҳарфлари орасига тутуқ белгиси (’) қўйилиши лозим. Ёки Mo‘tabar, mo‘tadil, mo‘jaz, mo‘jiza каби сўзларни тутуқ белгисисиз ёзишдек истиснолар юзага келди. Бундай ҳолатлар аҳолининг саводхонлик даражасига ҳам салбий таъсир қилмоқда. Шунинг учун 2016 йилдан буён давом этаётган муҳокамалар жараёнида аксарият мутахассислар алифбодаги қўш белгили ҳарфларни яхлит шаклга келтириш (oʻ — ö, gʻ — ğ, sh — ş, ch — ç) билан чекланиш лозим деган хулосага келган.
Ана шундай, яъни асосан, тўртта ҳарфни ўзгартиришни ўз ичига олган ва 28 та ҳарф ҳамда тутуқ белгисидан иборат янги алифбомиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланиб, Сенатга тақдим қилиниши ва Сенатнинг ялпи мажлисида маъқуллангани тилимиз ва ёзувимизнинг ривожи йўлидаги яна бир муҳим воқеа бўлди. Зотан, бу ислоҳот алифбомиз такомилининг табиий тақозосидан бошқа нарса эмас, у тилимизнинг рост ва расо тараққиёти йўллари янада равон бўлиши учун хизмат қилади. Энди амалиётда турли муаммоларга сабаб бўлаётган апострофли O‘ va G‘ ҳарфлари диакритик белгили Ö va Ğ шаклини олади. Ҳарф бирикмаси шаклидаги Sh ва Ch ўрнини диакритик белгили Ş ва Ç эгаллайди.
Янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида фуқаролар ва ташкилотлар ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олиш мақсадида янги қонун кучга киргунга қадар амалдаги алифбо асосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларнинг муомалада бўлишига тўсқинлик қилинмаслиги белгиланган. Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан эса улар яроқсиз ҳолатга келгунига қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат берилади.
Шубҳасиз, мазкур қонуннинг қабул қилиниши лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Табиийки, кўпдан буён кутилган мазкур қонун ижросини таъминлаш мақсадида қатор ташкилий-тадбирий амаллар талаб этилади. Бу борадаги ишларнинг айримлари ҳақида, хусусан, мактаб дарсликлари нашрлари тўғрисида мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари А.Турдиев Сенат мажлисида қуйидагиларни маълум қилди: янги дарсликларга дастлаб биринчи синф ўқувчилари ўтади, барча синфларда эса ушбу жараённи 2031 йилгача якунлаш режалаштирилган. Ҳозирги вақтда 1-синф дарсликлари ҳар йили,
2-4-синфлар учун уч йилда бир марта, 5-11-синфлар учун эса беш йилда бир марта қайта нашр этилмоқда, шу боис, мактаб дарсликларини 2027-2031 йиллар давомида тўлиқ янгилаш режалаштирилган. Бундай тартиб дарсликларни қайта нашр этиш учун қўшимча харажатларни талаб қилмайди, чунки уларнинг янгиланиши белгиланган тартиб ва муддатда амалга оширилади. Шу билан бирга, вазирлик ўқитувчи ва ўқувчиларни янги алифбога мослаштириш учун зарур чора-тадбирларни тайёрламоқда. Педагогларни янги ёзув тизимидан фойдаланишга тайёрлаш мақсадида улар учун ўқув семинарлари ва тушунтиришлар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти тилшунослари янги имло қоидаларини яратиш борасида жадал ишламоқда.
Муҳтарам она тилимизнинг мунтазам тараққиётига мусаллам алифбомиз такомили давримизнинг табиий тақозосидир.
Низомиддин МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили,
адабиёти ва фольклори институти етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори, профессор