Низом Алишер Навоий номидаги халқаро ўзбек тили олимпиадасини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, халқаро олимпиадада 14-18 ёшдаги чет элда истиқомат қилувчи ватандош бўлган мактаб ўқувчилари якка ёки жамоавий тарзда ихтиёрий равишда иштирок этади.
Халқаро олимпиада ҳар йили октябр ойигача 2 босқичда (тест топшириқлари ва ёзма иш шаклида) ўтказилади.
Иштирокчилар жамоавий ёки якка тартибда оффлайн ва онлайн шаклда иштирок этишлари мумкин.
Хорижий давлат терма жамоалари таркиби 6 нафаргача иштирокчи ва 1 нафар жамоа раҳбаридан иборат бўлади.
1 та давлатдан 3 тагача терма жамоа иштирок этишига рухсат берилади.
1-босқичда (тест) иштирокчилар умумий 50 балл билан баҳоланадиган 30 та тест топшириқларини бажарадилар.
2-босқичда (ёзма иш) иштирокчилар Ҳакамлар ҳайъати томонидан тақдим этилган 5 тагача ёзма иш (эссе) мавзулари орасидан қуръа ташлаш йўли билан танланган 1 та мавзу асосида ижодий иш ёзадилар.
Олимпиада ғолиб ва совриндорлари олтин, кумуш, бронза медаллари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.