Регистон майдони, Гўри Амир мақбараси, Бибихоним масжиди, Шоҳизинда мажмуаси, Улуғбек расадхонаси ва бошқа ёдгорликлар ўзининг салобати, ҳайбати, гўзаллиги билан ҳаммамизни мафтун этган. Шу билан бирга, минг йилларнинг гувоҳи бўлган бу муҳташам бинолар аста-секин нураб, хароб бўлиб бораётганига ачиниш билан қараганмиз.
Тан олиб айтишимиз керак: ўша пайтда журналистика факультети талабаси бўла туриб, диний билимга эга эмасдик. Шўролар конституциясида диний эътиқод эркинлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, зиёлилар, айниқса, ёш авлод бу масалада доимий назоратда эди. Масжидга бориш, қабристонларни зиёрат қилиш совет кишисига хос бўлмаган фазилат эди. Улуғ муҳаддисларимиз, диний арбобларимиз ҳақида умуман маълумот берилмасди. Ваҳоланки, бир ярим минг йиллик ислом тарихини, илм-маърифатини юртимиздан етишиб чиққан буюк олиму уламоларнинг асарлари, номларисиз тасаввур этиш асло мумкин эмас.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидан халқимиз ўзининг ўтмишини, бир неча
асрларга бориб тақалувчи давлатчилик тарихини, жаҳон илм-фани ва тараққиётига
ҳисса қўшган буюк боболари меросини, улар босиб ўтган шонли йўлни ўргана
бошлади. Қуръони каримни, ҳадиси шарифни мутолаа қилиш имкони туғилди. Хусусан,
ислом оламининг буюк сиймолари Имом Бухорий, Абу Исо Термизий, Бурҳониддин
Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий кабиларнинг асарларини ўқиш имкони пайдо
бўлди. Хуллас, аста-секин тарихимизни ўрганиб, боболаримизни таний бошладик.
Тўқсонинчи
йилларнинг охирида Самарқанд вилояти Пайариқ туманида “ҳадис илмида мўминлар
амири” деган шарафли номга сазовор бўлган аллома Имом Бухорий қабри атрофида
мажмуа қуриш ишлари бошланди. Албатта, бу иншоотнинг қурилишига қизиқиш жуда
кучли эди. Чунки мустақиллик йилларида биринчи марта дин вакилига шундай улкан
ҳурмат кўрсатилаётганди. Илк бор у мангу қўним топган манзил обод гўшага
айлантирилаётганди.
Тез
орада мажмуа ўша давр талабларига муносиб даражада барпо этилди. 1998 йили улуғ
муҳаддис таваллудининг 1225 йиллиги муносабати билан тантанали очилди. Шундан
сўнг мажмуани кўргани, Имом Бухорий қадамжосини зиёрат қилгани юртимизнинг
турли ҳудудидан, хорижий давлатлардан кўплаб меҳмонлар кела бошлади.
Шу ўринда бир савол туғилади: нега шунча пайт юртдошларимиз
учун табаррук бўлиб келган зиёратгоҳни кейинги йилларда қайтадан қуриш зарурати
пайдо бўлди? Бунга асос бормиди?
Ҳа,
асос бор эди. Бунинг бир неча сабаби мавжуд. Аввало, орадан салкам ўттиз йилга
яқин вақт ўтди. Давр силсиласида бино таъмирталаб бўлиб, замонавий талабларга
жавоб бермай қолди.
Иккинчидан, кейинги ўн йилда Ўзбекистон дунёга эшикларини
очди. Ҳозир жаҳоннинг юзлаб мамлакатидан юртимизга миллионлаб сайёҳ келяпти.
Улар ўлкамизда яшаб ўтган улуғ алломалар мангу қўниб топган манзилларни зиёрат
қилишни истайди. Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонга 11,7 миллион сайёҳ
келган. Бу 2024 йилга нисбатан 3,7 миллион кўп дегани. Бошқача айтсак, бугун
Ўзбекистон сайёҳлик энг тез ривожланаётган давлатлардан бирига айланди.
Айниқса, зиёрат туризми юқори суръатда ўсиб бораётган пайтда барча имкониятга эга
мажмуалар керак эди. Шунинг учун ҳам Президентимиз ташаббуси билан Пайариқда
буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳияти,
улуғ мақомига муносиб янги мажмуа бунёд этилди.
“Муборак
Рамазон ҳайити арафасида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий
ҳазратларининг руҳи покларига яна бир бор ҳурмат-эҳтиром бажо келтирмоқдамиз.
Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар
китобини яратиб, бутун ислом оламида шуҳрат қозонган улуғ сиймодир. Муқаддас
заминимиз дунёга мана шундай машҳур алломани бергани билан ҳар қанча
фахрлансак, арзийди”, деди Президентимиз мажмуага ташрифи чоғида.
Яқинда
Туризм қўмитаси ва Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуасига
медиатур уюштирилди. Оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар
мажмуанинг қурилиш тарихи, зиёратчилар учун яратилган шароит ҳамда имкониятлар
билан яқиндан танишди. Бу ерга келган сайёҳлар билан суҳбатлашиб, уларнинг
фикрлари ҳамда таассуротларини ёзиб олишди.
Ушбу
муҳташам ва ноёб зиёратгоҳ бугун янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларини
дунёга намоён этмоқда. Ушбу мажмуа юртдошларимиз, шунингдек, дунёдаги барча
мўмин-мусулмонлар учун эзгулик ва маърифат нурини таратувчи улуғ масканга
айланди.
Бинога
ёндош жойдаги 15 гектар майдонда битта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли
меҳмонхона қурилиб, замонавий инфратузилма яратилган. 176 ўринли 22 та оилавий
меҳмон уйи ва сервис нуқталари зиёратчиларга юксак савияда хизмат кўрсатмоқда.
Мажмуа
кунига 65 минг зиёратчини қабул қилиш қувватига эга. Илгари бу кўрсаткич 12
минг эди. Зиёратгоҳ 45 гектар майдонни эгаллаган. 10 минг кишига мўлжалланган
улкан масжидга Рамазон ҳайити намозида 65 минг намозхон келганининг ўзи
келгусида бу мажмуа ислом оламида энг табаррук масканлардан бири бўлиб
қолишига ишонч уйғотади.
Ушбу
масжид муҳташамлиги, маҳобати, жозибаси, гўзаллиги билан Макка, Мадина,
Абу-Даби, Жакарта ва яна кўплаб шаҳарлардаги масжидлардан асло қолишмайди.
Мажмуа
таркибидаги музей медиатур қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Тўққиз
павильондан иборат, энг илғор ахборот технологиялари ўрнатилган бу ноёб
инновацион музейда муҳаддислар султонининг ҳаёти ва илмий мероси, ислом
маърифати ривожига қўшган ҳиссаси тўла қамраб олинган. Музейда Қуръони каримда
исми зикр қилинган 25 пайғамбар тарихи, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг
шажараси, ҳаёти, ҳадисларнинг жамланиши ва ёзилиши ҳақидаги маълумотлар бор.
Улуғ
муҳаддис ўн ёшидан бошлаб ҳадисларни мутолаа қилиб, ёдлаган ва тўплаган. Ўн
олти ёшида онаси ва акаси билан Ҳижозга йўл олган. Қирқ йил Макка, Мадина
Дамашқ, Қоҳира, Басра, Куфа, Бағдод каби шаҳарларда яшаб, у жойлардаги машҳур
олимлардан ҳадис билан бир қаторда фиқҳ илмидан таълим олган. Шу йилларда у яёв
ва отлиқ 13 минг 900 километр масофани босиб ўтган.
Медиатур
давомида анчадан буён ўйлантириб келаётган бир саволга жавоб изладим. Буюк
Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ислом дини, шариат қоидаларига қатъий амал
қилган, дин пешволарига чуқур ҳурмат кўрсатган, мусулмон дунёси бирлигини
сақлашган интилган. Фақат Самарқанддагина эмас, бошқа юртларда ҳам кўплаб
масжид ва мадрасалар қурдирган. Туркистонда Соҳибқирон ташаббуси ва маблағи
ҳисобига қад ростлаган, маҳобати билан бугун ҳам кўпчиликни ҳайратга солаётган
Аҳмад Яссавий мақбараси гапимизга яққол мисолдир.
Мени
ўйлантирган савол бундай эди: Амир Темур Имом Бухорий шахсига, қабрига эътибор
берганми? Бирор бино қуриб қолдирганми? Ахир улуғ муҳаддиснинг ислом оламидаги
ўрни жуда юксак эканини буюк саркарда яхши биларди-ку.
Мажмуа ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
марказининг қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими Йўлдошхон
Исаев бу саволга қуйидагича жавоб берди:
—
Амир Темур Имом Бухорийни чуқур ҳурмат қилган. Унинг қабри устига мақбара ҳам
қурдирган ва лекин йиллар ўтиши билан у йўқ бўлиб кетган бўлиши мумкин. Бу
менинг тахминим. Чунки алломанинг қабри атрофида қазиш ишлари бажарилганда у
ердан XV-XVI асрларга оид ғиштлар топилган.
Ўзбекистон
халқ шоири Хуршид Даврон “Тафаккур” журналининг 2022 йил 2-сонида босилган
“Сукунатни бузган сас” мақоласида ливанлик аллома Шайх Надим ал-Жисрнинг 1956
йили Самарқандга, Имом Бухорий қабри зиёратига келгани ҳақида ёзар экан, ўша
пайтда бу ерда хароб аҳволдаги масжид ва мақбара бўлганини айтади. Хуллас, бу
масала ҳали тадқиқотчилар томонидан тўла ўрганилиши лозим.
Халқаро
илмий-тадқиқот марказида бўлганимизда Йўлдошхон Исаев яна бир гапни алоҳида
таъкидлади. Шарқда қўлёзмалар асосан қамишда ёзилган. Лекин бизда кўпинча кино,
тасвирий санъатдаги тарихий лавҳаларда сиёҳдон ёнига қуш патини чизишади,
қўйишади. Бу хато. Қуш пати Ғарбга, Европага хос нарса.
Марказда
журналистларни деворда осиғлиқ турган бир папка сурати ҳам қизиқтирди. “Бу
жизгу, — деди Йўлдошхон Исаев. — Биласизлар, ҳозир раҳбарларга имзо учун
киритиладиган ҳужжатлар махсус папкага солиб, олиб кирилади. Бу нарса бизда
Бухорий даврида бўлган. Тарихий манбалар буни исботлайди. Мазкур суратда ўша
жизгу тасвирланган. Тўғрисини айтсам, европаликлар бу нарсани ҳам Шарқдан
ўрганишган”.
Давлатимиз раҳбари бундан бир неча йил олдин Имом Бухорий мажмуасини бобомизнинг мақомига, мавқеига мос ҳолда қайта қуриш ниятида ташаббус кўрсатган эди. Улуғ муҳаддис тўплаган саҳиҳ ҳадислар орасида “Амаллар ниятларга боғлиқдир” деган ҳадис бор. Президентимизнинг ушбу эзгу нияти бугун амалга ошди, муҳташам мажмуа қад ростлади. У минглаб, миллионлаб зиёратчиларни, сайёҳларни ўз бағрига чорламоқда.
Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири