Айниқса, бу даврда савдо йўлларининг хавфсизлиги, бозорларда адолатли муҳитни таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилган.
Бугунги кунда рақобат
муҳити ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг муҳим
йўналишларидан бирига айланган. Аслида эса бу каби тамойилларнинг тарихий
илдизлари анча қадимга, хусусан, Амир Темур даврига бориб тақалади.
Айни шу мавзу юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бош мутахассиси Шохбоз Зарипов билан суҳбатлашдик.
— Амир
Темур даврида рақобат муҳитини шакллантиришга қандай эътибор қаратилган?
— Амир Темур иқтисодий сиёсатининг асосий
йўналишларидан бири савдо йўлларини тиклаш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш
бўлган. Бу эса бозорларда эркин савдо муҳитини шакллантиришда муҳим омил
ҳисобланган. Буюк Ипак йўлининг Марказий Осиё орқали ўтувчи қисми қайта
жонлантирилган, карвонсаройлар, кўприклар, бозорлар ва шаҳар марказлари барпо
этилган. Натижада турли ҳудудлардан келган савдогарлар учун қулай шароит
яратилган ва бозорларда табиий рақобат муҳити вужудга келган.
— Давлат
савдогарлар ва ишлаб чиқарувчиларни қандай қўллаб-қувватлаган?
— Амир Темур даврида
савдогарлар ва деҳқонларга давлат ёрдами масаласига ҳам жиддий ёндашилган.
“Темур тузуклари”да сармоясидан ажралган савдогарга давлат хазинасидан ёрдам
бериш, деҳқончилик қилиш имконияти чекланган кишиларга эса уруғ ва асбоб-ускуна
ажратиш ҳақида қайд этилган. Бу эса давлат иқтисодий фаолликни фақат назорат
қилмагани, балки рағбатлантирганини ҳам кўрсатади.
— Бозорда
инсофсиз савдо ва нархларни сунъий оширишга қарши қандай чоралар кўрилган?
— Амир Темур ноҳалол
савдо, нархларни асоссиз ошириш ва аҳолига қийинчилик туғдирадиган ҳолатларга
қатъий қарши бўлган. Кастилия элчиси сифатида Самарқандга келган Руи Гонсалез
де Клавихонинг ёзишича, Соҳибқирон гўшт нархини ошириб сотган қассобларни,
молга ортиқча нарх қўйган баъзи ҳунармандларни жазолашга буюрган. Бу эса
бозорда фақат савдо эркинлиги эмас, балки адолат тамойили ҳам устувор бўлганини
англатади.
— Бу жараёнда истеъмолчилар манфаатлари қандай ҳимоя қилинган?
— Ҳозирги маънодаги
“истеъмолчилар ҳуқуқи” тушунчаси ўша даврда бўлмаган бўлса-да, амалда шу
мазмунга яқин қоидалар мавжуд эди. Масалан, алдов ва фирибгарлик тақиқланган,
сифатсиз товарни яшириб сотиш қораланган, ўлчов ва тарозида инсофлилик талаб
этилган. Ҳалол савдо рағбатлантирилган. Шу орқали аҳоли, яъни харидорлар
манфаатлари ҳимоя қилинган.
— Бозорларда
назоратни ким амалга оширган?
— Бу вазифани асосан
муҳтасиблар бажарган. Муҳтасиб — бозор назоратчиси бўлиб, у тарозиларни
текширган, нархларни назорат қилган, сифатсиз маҳсулот сотилишининг олдини
олган ва майда ҳуқуқбузарликлар бўйича чора кўрган. Муҳтасиб институти
анъаналарига асосланган бўлиб, амалда бозордаги тартиб, ҳалоллик ва
истеъмолчилар манфаатини таъминлашга хизмат қилган.
— Ҳунармандчилик
ва ишлаб чиқариш соҳаларида рақобат қандай кўриниш олган?
— Амир Темур ва
Темурийлар даврида тўқимачилик, темирчилик, кулолчилик, наққошлик, қоғоз ишлаб
чиқариш, кўнчилик, этикдўзлик каби кўплаб соҳалар ривожланган. Бу эса бозорда
турли маҳсулотлар кўпайишига ва ҳунармандлар ўртасида сифатга асосланган
рақобат шаклланишига олиб келган. Айни пайтда, айрим ҳунармандлар уюшмалари
маҳсулот сифати, касб одоби ва нархларга таъсир кўрсатиб турган.
— Давлат
бозор иқтисодиётига қанчалик аралашган?
— Амир Темур даврида
бозор тўлиқ эркин қўйиб берилмаган. Давлат муҳим соҳаларни назорат қилган,
зарур ҳолатларда нарх-навога аралашган, стратегик аҳамиятга эга ресурслар
устидан кузатув олиб борган. Шу жиҳатдан бу давр иқтисодий тизимини “тартибга
солинадиган очиқ бозор” деб баҳолаш мумкин. Яъни савдога имконият берилган,
аммо ижтимоий адолат ва барқарорликни сақлаш учун қатъий назорат ҳам
ўрнатилган.
— Савдо
йўллари ва инфратузилманинг ривожи рақобат муҳитига қандай таъсир кўрсатган?
— Карвон йўлларида работлар, ямлар, карвонсаройлар ва хонақоҳлар қурилиши савдо айланишини кескин жонлантирган. Самарқанд, Бухоро, Марв ва бошқа йирик шаҳарларда бозорлар кенгайган, ихтисослашган расталар кўпайган. Турли мамлакатлардан келган товарлар маҳаллий маҳсулотлар билан бир қаторда сотилган. Бу эса бозорда танлов имкониятини кенгайтириб, рақобат муҳитини мустаҳкамлаган.
— Бу даврда давлат ёрдами ва имтиёзлар тизими ҳам бўлганми?
— Ҳа, албатта.
Деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш, янги ерларни ўзлаштириш, боғ-роғлар яратиш,
хароб ерларни обод қилиш каби ишларга рағбат берилган. Айрим деҳқонларга солиқ
имтиёзлари тақдим этилган. Бу эса иқтисодий фаолликни ошириш, маҳсулот етиштиришни
кўпайтириш ва бозорни товар билан таъминлашга хизмат қилган.
— Амир Темур даври тажрибасининг бугунги кун учун қандай аҳамияти бор?
— Бу тажриба шуни
кўрсатадики, адолатли рақобат муҳити, савдо эркинлиги, бозор назорати ва
истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиш ғоялари янги даврда пайдо бўлган эмас.
Уларнинг чуқур тарихий асослари бор. Хусусан, Амир Темур даврида қонун, тартиб,
назорат ва адолат иқтисодий ҳаётнинг муҳим таянчи бўлган. Бугунги бозор
муносабатларида ҳам айнан шу тамойиллар долзарб аҳамият касб этади.
Амир Темур даврида савдо
ва бозор муносабатлари фақат иқтисодий фаоллик эмас, балки адолат ва тартиб
асосида шаклланган тизим бўлган. Бу даврда савдо йўлларининг муҳофазаси,
бозорларда назоратнинг мавжудлиги, инсофсиз савдога қарши кескин чоралар, ҳалол
меҳнат ва ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш орқали рақобат муҳити ривожланган.
Энг муҳими, аҳоли
манфаати, харидор ҳаққи ва бозордаги мувозанатга бефарқ қаралмаган. Шу маънода,
бугун рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга
оширилаётган ислоҳотлар илдизи тарихимизнинг ана шундай мустаҳкам даврларига
бориб тақалади.
Зулхумор
Акбарова cуҳбатлашди.