Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида ўрнатилган светофорлар ўзаро синхронлаштирилди. Тизим 2 та ҳаракат йўналишини қамраб олган.

Янги тизим ҳайдовчиларга белгиланган ҳаракат шартларига риоя қилган ҳолда светофорларда ортиқча тўхтамасдан ҳаракатланиш имконини беради.

Жумладан, Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасида, «Beeline» офиси томонидан яшил сигналда ҳаракатни бошлаган автомобиль Амир Темур хиёбони атрофидаги айланма чорраҳадан ўтиб, Амир Темур кўчаси бўйлаб Олой бозори томон светофорларда тўхтамасдан ҳаракатланиши мумкин.

Қарама-қарши йўналишда ҳам Темурийлар тарихи давлат музейи томонидан Амир Темур кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётган автомобиллар айланма чорраҳадан ўтиб, «Яшил тўлқин» режимида Амир Темур ва Бухоро кўчалари кесишмасигача етиб бориши мумкин.

«Яшил тўлқин» барча светофорларда яшил сигналнинг бир вақтда ёниши дегани эмас. Тизимда автомобиль белгиланган тезликда ҳаракатланганда кейинги светофорга яшил сигнал вақтида етиб бориши ҳисобга олинган ҳолда сигналлар маълум вақт оралиғида созланган.

Бунда тизимдан самарали фойдаланиш учун ҳайдовчилар ҳаракатни яшил сигналда бошлаши, белгиланган тезлик меъёрига риоя қилиши, кескин тезлашиш ва тормозлашдан сақланиши ҳамда хавфсиз оралиқ масофани сақлаши лозим. Пиёдаларга ҳам йўл бериш талаб этилади.

«Яшил тўлқин» жорий этилиши натижасида светофорлар олдидаги ортиқча тўхташлар, чорраҳалардаги навбатлар ва кутиш вақти қисқариши, транспорт ҳаракати бир маромга тушиши кутилмоқда. Шунингдек, кескин тезлашиш ва тормозлашлар, ёқилғи сарфи ҳамда зарарли чиқиндилар ҳажмини камайтириш кўзда тутилган.

Айни пайтда Амир Темур хиёбонидаги айланма чорраҳадан Махтумқули кўчасигача бўлган йўналишни ҳам «Яшил тўлқин» тизимига улаш алгоритми ишлаб чиқилмоқда.

Янги босқич амалга оширилса, мувофиқлаштирилган ҳаракат йўналиши қамрови янада кенгайади.