Жорий йил 18 июн куни соат 15:05 да Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи 46 ёшли фуқаро Т. И. томонидан "102" қисқа рақамига мурожаат келиб тушган бўлиб, унда 9 ёшли ўғлига тан жароҳати етказилгани ҳақида хабар берилган. Ушбу мурожаат асосида ички ишлар органлари ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, 2016 йилда туғилган икки нафар вояга етмаган бола ўртасида келишмовчилик юзага келиб, улар ўзаро муштлашиб кетган. Шу вақтда улардан бирининг отаси — 1988 йилда туғилган М. Б. — вазиятга аралашиб, жанжални тўхтатиш ўрнига қўшни болага бир неча бор қўл кўтарган. Натижада вояга етмаган бола тан жароҳати олган.
Ҳозирда Шаҳрихон тумани ИИБ томонидан мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Воқеанинг барча ҳолатлари атрофлича ўрганилмоқда ва якуний натижалар бўйича иштирокчиларнинг ҳаракатларига қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилади.