Сенат ялпи мажлисида «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Қайд этилганидек, саноат корхоналари сонининг ортиши, кенг кўламли қурилиш ишлари, шаҳарлар ҳудудининг кенгайиши ва транспорт воситалари кўпайиши натижасида шовқиннинг аҳоли турмушига салбий таъсири кучайиб бормоқда.
Айни пайтда аҳоли саломатлиги, осойишталиги ва дам олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган ягона комплекс ҳуқуқий механизм мавжуд эмас. Гарчи шовқин меъёрларини белгилайдиган 7 та санитария норма ва қоидалари амал қилсада, уларга риоя этилишини таъминловчи қатъий ҳуқуқий талаблар етарли даражада белгиланмаган.
Янги қонун билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органларнинг вазифалари ҳамда профилактик чора-тадбирлар аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқин турлари, бундай ҳаракатларга йўл қўйилмайдиган вақт оралиқлари ҳамда шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби назарда тутилмоқда.
Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам белгилаб, инсон саломатлигига зарар етказувчи шовқин манбалари учун масъулият чораларини кучайтиришга хизмат қилади.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан самарали ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги ва дам олиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.