Бу ҳақда The New York Times ва The Guardian нашрлари хабар қилди.
Маълум қилинишича, ҳужум натижасида қурилиши ҳали якунланмаган B1 кўприги вайрон бўлган. BBC News маълумотларига кўра, мазкур иншоот Яқин Шарқдаги энг баланд кўприклардан бири бўлиб, унинг узунлиги 1050 метр, устунлари баландлиги эса 136 метрни ташкил этган.
Дональд Трамп зарбани тасдиқлаб, кўприк бутунлай ишдан чиққанини билдирди. У ўзининг Truth Social тармоғида ҳодиса акс этган видеони эълон қилиб, агар Эрон АҚШ билан келишув имзоламаса, янада жиддий оқибатлар бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Эрон давлат ОАВлари маълумотига кўра, ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 95 нафар инсон жароҳат олган.
Нашрлар маълум қилишича, АҚШ ҳарбийлари кўприкка икки марта зарба берган. Айтилишича, ушбу объект орқали ҳарбий логистика, жумладан, баллистик ракеталар ва дронлар учун бутловчи қисмлар ташилган.
Бироқ Кодратолла Сейф, Альборз провинцияси раҳбарияти вакили, кўприк ҳали фойдаланишга топширилмаганини ва унда ҳарбий фаолият кузатилмаганини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳужум вақтида яқин атрофдаги аҳоли Наврўз муносабати билан дам олаётган бўлган.
Кейинчалик Трамп яна бир баёнот бериб, АҚШ ҳали барча нишонларга зарба беришни бошламаганини айтди ва янада кенг кўламли ҳаракатлар эҳтимолини истисно этмади.
Аббос Арақчи эса фуқаролик инфратузилмасига берилган зарбалар Эронни таслим бўлишга мажбур қила олмаслигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрель куни Трамп АҚШнинг Эронга қарши ҳаракатлари «хавфсизликни таъминлаш»га қаратилганини айтган ва вазият янада кескинлашиши мумкинлигини таъкидлаган эди.