Қонун лойиҳаси ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, имтиёзлари, кафолатлари ҳамда мажбуриятлари билан боғлиқ муносабатларни комплекс тартибга солишни назарда тутади.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, шунингдек улар ва оила аъзоларини ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Лойиҳада ҳарбий хизматчилар учун давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлар, қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, чекловлар, мажбуриятлар ва жавобгарлик чоралари ҳарбий хизматчи мақомининг асосий таркиби сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлиш ва уни бекор қилиш тартиби, хизмат интизоми ҳамда хизмат мажбуриятларига оид талаблар ҳам аниқлаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмлари ҳам назарда тутилган. Жумладан, уларни моддий таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой билан таъминлаш, мажбурий давлат суғуртаси, пенсия таъминоти ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳат олиш ёки ҳалок бўлиш ҳолатларида компенсация тўловларини амалга ошириш кафолатлари қонун даражасида мустаҳкамланмоқда.

Шу билан бирга, хизматдан бўшатилган ва хизмат йиллари 20 йилдан кам бўлмаган ҳарбий хизматчилар учун санаторий-курорт муассасаларига 75 фоизлик имтиёз асосида йўлланма бериш тартиби жорий этилиши режалаштирилган. Бунда йўлланма қийматининг 25 фоизи ҳарбий хизматчи томонидан, 75 фоизи эса тегишли вазирлик ва идоралар бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади.

Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларга йилда бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача моддий ёрдам тўлаш имконияти ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, мажлисда «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Унда сафарбарлик тайёргарлигининг асосий мақсад ва принциплари, давлат органлари ҳамда ташкилотларнинг ваколатлари, иқтисодиёт тармоқларини уруш даври шароитига ўтказиш механизмлари белгилаб берилмоқда.

Лойиҳада сафарбарлик даврида чақирилган фуқаролар учун иш жойини сақлаб қолиш, кредит тўловларини кечиктириш ва етказилган зарарларни компенсация қилиш каби ижтимоий кафолатлар ҳам мустаҳкамланмоқда.

Мажлис якунида мазкур қонун лойиҳалари депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.