Бугун ва яқин икки кун давомида кундузи ҳаво ҳарорати 28–33 даража, жанубда 35 даражагача, шимолда айрим жойларда 25–27 даража атрофида бўлади. Кечаси ва эрталаб ҳарорат асосан 13–18 даражани ташкил этади.

Республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво бироз булутли, айрим жойларда ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди.

Фақат 2 сентябрь куни куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларининг айрим ҳудудларида, 3–4 сентябрь кунлари Фарғона водийси вилоятларида, 4 сентябрь куни эса Тошкент вилоятининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Республика бўйича айрим жойларда шамол тезлиги 13–18 метр/сониягача кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор. 2 сентябрь куни чўл ҳудудларида шамол айрим жойларда 20–22 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли, баъзи вақтларда ўзгарувчан бўлади. Ёғингарчилик кутилмайди. Фақат 4 сентябрь куни эрталаб қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

Пойтахтда кечалари ҳаво ҳарорати 15–17 даража, кундузи эса 28–30 даража атрофида бўлади. Шамол шарқдан 5–10 метр/сония тезликда эсади.