Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти таҳлилига кўра, бунга октябрь ойи охирида антициклон, шамолнинг сусайиши, ёғингарчилик йўқлиги ва ҳарорат инверсияси сабаб бўлган. Натижада транспорт, саноат ва энергетикадан чиқадиган зарарли моддалар ҳамда табиий чанг ҳавонинг қуйи қатламида тўпланиб қолган.

Мутахассислар Тошкентда атмосфера инверсияси яна 10 кун сақланиб қолиши мумкинлигини билдирмоқда.

Хўш, бундай об-ҳаво шароитида саломатликни асраш учун қандай тавсияларга амал қилиш керак?

Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикованинг таъкидлашича, ҳаво сифати ёмонлашганда очиқ ҳавода бўлиш вақтини имкон қадар қисқартириш лозим.

Айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик конъюнктивит, томоқ қичишиши билан кузатиладиган йўтал, бронхит, бронхлар гиперреактивлиги ва бошқа сурункали нафас йўллари касалликлари бор инсонлар ташқарига чиқмасликлари керак.

Бундай касалликлари бор кишилар шифокор тавсиясига кўра аллергияга қарши дори воситаларини қабул қилишлари лозим.

Хона ва биноларни нам латта билан тозалаб туриш, кондиционер ҳамда ҳавони тозалаш тизимларидан фойдаланиш ҳаводаги чанг миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Шунингдек, хона ичига сув солинган идишлар қўйиш ва нам сочиқларни осиб қўйиш ҳам тавсия этилади.

Бундан ташқари, бундай шароитда қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим:

  • Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш;

  • Кўпроқ сув ичиш;

  • Ташқаридан келгандан кейин душ қабул қилиш;

  • Бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб туриш.

Агар ҳаводаги чанг таъсирида нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўз ва томоқ қичишиши, қизариши ёки йўтал каби белгилар пайдо бўлса, оилавий шифокорга мурожаат қилиш керак.

Зарур ҳолларда аҳоли «103» рақами орқали тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиши мумкин.

Шунингдек, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда туман ва шаҳар бўлимлари зарур дори-дармонлар билан таъминлангани маълум қилинди.