Инсон учун киндик қони тўкилган замин азиз ва муқаддас. У қаерда яшамасин, туғилиб ўсган юртига, асл илдизларига интилаверади, талпинаверади.
Бу бежиз эмас. Зеро, Ватан – аждодлардан авлодларга қоладиган буюк,
бебаҳо мерос, энг азиз хотира.
У бизни бирлаштиради, куч-қувват беради, мақсадларимиз сари етаклайди.
Миллат ва халқни ягона мақсад сари сафарбар эта оладиган феномен
ҳодиса ҳам Ватан ва фақат Ватандир. Инсон касбини, уй-жойини ўзгартириши
мумкин, лекин жонажон юртини зарга ҳам, дурга ҳам алмаштирмайди. Бунинг сири
битта — инсонда она битта бўлгани каби Ватан ҳам ягона бўлади. Икки танлов
ёнма-ён келганида аввал Ватан, кейин жон туриши ҳам шундан.
Бугунги глобаллашув ва рақамли трансформация даврида Ватан тушунчаси
янада кенг маъно касб этиб, миллий ўзлик, қадрият ва жамоавий масъулият билан
уйғунлашмоқда. Замонавий жамиятда Ватан ва қалб қуввати бир-бири билан
чамбарчас боғлиқ тушунчалар сифатида намоён бўлмоқда.
Ватан туйғуси эса қалбдан, виждондан бошланиб, онгу шууримизга
онамизнинг оқ сути ва пок нияти билан сингади. У инсонни эзгуликка, фидойиликка
чорлайди, ор-номусини ҳимоя қилишга руҳлантиради. Бу туйғу туғилиб ўсган
заминга, тупроққа, тарих ва келажакка чексиз садоқатдир. Бундай авлод тўғри
йўлдан адашмайди, зарга ҳам, зўрга ҳам бўйин эгмайди. Нега дейсизми? Чунки
уларнинг томирида улуғ аждодларимиз қони оқяпти, вужудида эса улардан мерос
буюк қудрат жўш урмоқда.
Бу туйғуни жонимиз ва қонимиз, руҳиятимизга жо қилиб, сингдириб
юборишимиз учун, аввало, юртимизнинг яқин ва узоқ тарихини яхши билишимиз
керак. Ахир қадимий ва гўзал диёримиз нафақат Шарқ, балки жаҳон цивилизацияси
бешикларидан бири бўлган. Бу заминда Амир Темурдек жасорат тимсоли, Алишер
Навоийдек сўз султони, Мирзо Улуғбекдек астрономлар етишиб чиққан. Уларнинг юрт
ва эл шаъни, қудрати, тинчлиги, маърифати, маънавияти йўлида кўрсатган
хизматлари ҳар биримиз учун ибратдир.
Масалан, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳарбий-сиёсий фаолияти,
бебаҳо ҳарбий мероси, айниқса, “Темур тузуклари” асари ёшларни юрт қайғуси ва
уни севиб ардоқлаш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. Асардаги ҳаётий
ўгит ва насиҳатлар ёшларни одиллик, адолат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш,
маънавий савиясини юксалтиришда жуда қўл келади.
Нажмиддин Кубро ҳам Ватан учун жон фидо қилиб, сўнгги нафасигача унинг
ҳимоясида собит турган аждодларимиздан. Чингизхон Хоразмни истило қилишдан
аввал элчи йўллаб, ундан оила аъзолари билан шаҳарни тарк этиб, хоҳлаган
томонига кетишини сўраган вақтда ҳам у: “Менинг умрим шу тупроқда кечди. Шу
халқ билан бирга ҳаётнинг бутун аччиқ-чучугини тотдим. Энди унинг бошига оғир
кун тушганида ташлаб кетиш мардликдан эмас!” дея сўзида қатъий туриб, юртини
ёвдан ҳимоя қилган. Ўзингиз айтинг, Ватан учун, миллат учун, халқ учун садоқат
шу эмасми, аслида?
Бугун кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш пайти келди. Миллий тарихимизни
обдан ўрганиб, келгуси авлодларга етказиш, ёшлар онгида Ватанга муҳаббат,
юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаёт қадрига етиш
туйғусини кучайтириш, уларни ватанпарварлик вакцинаси билан эмлаш бугун ҳаммамизнинг
энг асосий ишимизга айланиши зарур. Ёшларда илм-фан ва таълим олишга интилиш
туйғусини кучайтириш, жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялашимиз
даркор.
Бугун жаҳонда геосиёсий вазият ўта кескин тус олмоқда. Ҳозирги нотинч
ва мураккаб замонда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, ёшларни
эл-юртга садоқат руҳида тарбиялаш энг долзарб вазифага айланмоқда. Чунки тинч
ҳаётимизга, онгу тафаккуримизга қилинаётган тажовузлар ичида ёшлар онгида
миллий туйғуни заифлаштириш ҳаракатлари ҳам борки, бу ҳар биримиздан, энг
аввало, она юрт ҳимоячиси, ватанпарвар бўлишни талаб этади.
Президентимиз янги Ўзбекистоннинг истиқболини ёшлар қиёфасида кўрмоқда
ва уларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ёшлар билан бўлиб ўтган
мулоқотда ҳам бу масала эътибор марказида бўлди: дунёда кун сайин ёшлар онгини
эгаллаш бўйича янги таҳдидлар юзага келаётган шароитда барча даражадаги
раҳбарлар ёшлар билан ишлаш бўйича янги иш тизимига ўтиши зарурлиги урғуланди.
Шу нуқтаи назардан, барчамиз ёшлар онгида “Ўзбекистон менинг Ватаним,
мен шу халқнинг бир вакилиман, улуғ аждодларнинг тўлақонли ворисиман, юртни
асраб-авайлаш муқаддас бурчим”, деган эзгу тушунчани шакллантиришимиз керак.
Фаровон ҳаётимиз, порлоқ келажагимиз учун амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз,
эртамиз эгаларини ҳам шу руҳда камол топтиришимиз лозим.
Баъзан ватанпарварликни катта ишлар билан боғлаймиз. Аслида, у қонунга
риоя этиш, адолатни ҳимоя қилиш, миллат обрўсини ошириш, халқ манфаати учун
меҳнат қилишда намоён бўлади.
Садоқат туйғуси
Ватанга садоқат буюк қудрат. Туғилиб ўсган юртимиз билан боғлиқ барча
хотиралар бизни бу туйғуга боғлаб туради. Бу туйғу инсонни пок ниятли, фидойи
ва келажакка ишонч билан қарашга ундайди. Садоқатли киши ўз манфаатини доим
халқ манфаатидан устун қўяди.
Буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳам эл-юрт истиқболи учун
курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодларимиздан. Она юртга муҳаббат ва
садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида унга тенг келадиган улуғ шахслар дунёда
камдан кам учрайди.
Мирзо Улуғбекнинг “Олам аҳли Жалолиддиндан олдин ҳам, кейин ҳам бундай
баҳодир жангчини кўрмаган. Бу зотнинг азму шижоати олдида ҳатто буюкликнинг ўзи
ҳам таъзим қилади”, деган сўзлари фикримизнинг яққол ифодасидир. Айниқса, унинг
ўн бир йил давомида мўғул босқинчиларига қарши жанглари ва ёвларни титратгани,
Синд дарёси бўйида ўз қўшинидан тўрт марта кўп бўлган Чингизхон қўшинига
мардона қарши чиққани юртга бўлган садоқатининг ёрқин кўринишидир.
Ҳатто Чингизхондек саркарда унинг матонатини кўриб: “Жалолиддиндек
қаҳрамон фарзанди бор ота нақадар бахтлидир”, деб тан берган. Бу бежиз эмас.
Чунки у шу тупроқ, шу Ватан учун жонини фидо қилди. У каби ватанпарвар,
жасоратли аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятини чуқур ўрганиш, уни халқимиз,
айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш ҳар бир ота-онанинг олий бурчига
айланиши зарур. Улар оила, маҳалла, миллат шаънини кўз қорачиғидай
асраб-авайласа, фарзандлар ҳам улардан ўрнак олиб, шу руҳда оиласевар,
ватансевар бўлиб камол топади.
Агар онгининг шаклланиш давридаёқ болага нима учун садоқат кераклигини
тушунтира олсак, унда она, Ватан, миллат ҳақидаги дастлабки кўникмаларни ҳосил
қилишга муваффақ бўламиз. Бундай авлод бошқа қадриятларни беқадр қилмаган ҳолда
ўз маданияти, тили ва урф-одатларини қадрлай бошлайди.
Бу тушунча эл фарзанди учун юрт бошига иш тушса билинади. Садоқат йўқ
жойда унинг ўрнини ишончсизлик эгаллаб олади. Садоқат орқали кишилар бир-бирига
ишонади, ишончдан жамиятга файз киради, юрт ривожланади, давлат тараққий этади.
Зотан, у тараққиёт ғилдираги узлуксиз айланишини таъминлайдиган маънавий
кучдир.
Болалигимизда нуронийларимиз “Одамни туғилган юрт тупроғи ўз бағрига
тортади. Ватан онадек муқаддас, ундан таъма қилиш гуноҳи азим. Одам Ватанини,
гарчи у чўл бўлса ҳам, борича севади. Ундан бошқа жойда хотиржам бўла олмайди.
Замонлар ўтиши, асрлар алмашиши билан ҳамма нарса унутилиши мумкин, лекин Ватан
учун қилинган хизмат асло унутилмайди”, деб кўп айтишарди. Бугун бу сўзларнинг
аҳамияти нақадар салмоқли эканини янада чуқур англаб, ҳис қилиб турибман.
Юртдан узоқда яшаш мумкин. Лекин инсон қаерда бўлмасин, кўнглида
ватанини олиб юриши керак. Ватан дегани фақат яшаш жойи эмас, унда ҳар бир
одамнинг тарихи, қонидаги кечмишлари, таянч туйғулари, ҳаёт томирлари, хуллас,
инсонни инсон сифатида тутиб турувчи ҳамма нарса мужассам.
Президентимиз фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ хорижда яшаб, турли
соҳаларда ишлаётган кўплаб ватандошларимизни тарихий Ватан атрофида янада
жипслаштириш, қалби ва онгига она юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш
мақсадида миллий тарихимизда бўлмаган воқеа — минглаб юртдошларимизни Ватанга
чорлади. Уларни муносиб иш, яхши даромад билан таъминлади. Натижада
илм-фанимизга хорижнинг илғор ютуқлари бевосита кириб келди.
“Инсон қадри учун, инсон бахти учун” эзгу тамойилига асосланган Янги
Ўзбекистон ғояси амалда қудратли ҳаракатга айланди. Кўп йиллар давомида Ватан
соғинчи билан яшаган юртдошларимиз Президентимизнинг ватанпарварлиги,
миллатпарварлиги туфайли Ўзбекистонга, она юртига, оиласи бағрига қайтди. Бугун
чет давлатларда ўз соҳаси бўйича билим ва малака орттирган кўплаб фуқароларимиз
мамлакатимизнинг давлат ва хўжалик бошқарув органларида самарали фаолият
кўрсатмоқда. Бундан Ватанимиз ҳам, юртдошларимиз ҳам ютди.
Фузулий айтганидек, “Менинг битта ҳаётим бор, борди-ю, мингта ҳаётга
эга бўлган тақдиримда ҳам ҳаммасини Ватан учун сарфлаган бўлур эдим”. Бу
шунчаки оддий сўзлар эмас, унинг замирида фидойилик, садоқат ва юксак
ватанпарварлик руҳи мужассам. Эртанги кунимиз бугунгидан фаровон бўлиши учун
ҳар биримизда шундай миллат ва келажак тақдирига қайғуриш ҳисси бўлиши зарур.
Тинчлик қадри
Инсон ҳаётидаги энг улуғ ва беқиёс неъмат нималигини биласизми? Бу,
шубҳасиз, тинчлик ва осойишталик. У бўлмаган жойда барча бойлик, меҳнат ва
умидлар ўз аҳамиятини йўқотади. Жамият юксалиш ва ривожланиш, тараққий этишдан
ортда қолади. “Тинчлик — фаровонлик йўлдоши” деб бежиз айтилмаган.
Чунки тинчлик қўлга киритаётган ютуқларимизнинг бош мезони, эришаётган
марраларимиз, фарзандларимиз бахти ва камолининг асоси. У бор жойда инвестиция
келади, туризм, илм-фан, технология ривожланади, адолат қарор топади ва инсон
ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қила олади. Энг муҳими, инсон қадри юксалиб,
орзу-истаклари рўёбга чиқади.
Бугун айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликлар, ўзаро низолар ўша
давлатлар аҳолисининг ечилмаган муаммосини ечгани ёки ҳеч кимни мурод-мақсадига
етказгани йўқ. Аксинча, минглаб одамларнинг жонига зомин бўлди, обод гўшалар
харобага айланиб, ишлаб чиқариш издан чиқди.
Инсон ҳаёти йўлга ўхшайди. Бу йўлда турли бурилишлар, синовлар,
қийинчиликлар ва имкониятлар учрайди. Кимдир бу йўлда адашади, кимдир қатъият
билан интилади, нима учун? Чунки унинг аниқ мақсади, режаси бор. Буюк
мутафаккир бобомиз Алишер Навоий шаҳзода Бадиуззамонга ёзган мактубларидан
бирида: “Одамнинг мурод-мақсади бўлмаса, балолардан омон қолмайди. Аммо ҳар
кишининг муроди кўпроқ бўлса, Ҳақ таоло амрига итоати ҳам бўлади”, деган
сўзлари замирида ҳам чуқур маъно бор.
Зеро, тикланишсиз юксалиш бўлмаганидай, буюк ният ва мақсадсиз кучли
ҳаракат, нурафшон келажак бўлмайди. Мақсад эса инсонни олға етаклайди, ҳаракатга
ундайди, унга куч беради. Инсон ҳаётига мазмун ва барака бағишлайди.
Миллионларни бирлаштиради, халққа куч-қудрат бахш этади. Демак, бугун ҳар бир
кишининг ўз мақсади, аниқ режаси бўлиши зарур. Акс ҳолда, у тўғри йўлдан
адашиши, айрим муаммоларга дуч келиши мумкин.
Бугун замон жуда мураккаб. Президентимиз Хавфсизлик кенгашининг
кенгайтирилган йиғилишида турли минтақавий можаролар кенгайиб, қуролланиш
пойгаси авж олаётгани, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари
ва халқаро дипломатия заифлашиб бораётганини таъкидлаб, тинчлик ва хотиржамлик
энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлигини
уқтирди.
Бу чақириқ бизни доим огоҳликка, ҳушёрликка чорлаши керак. Ҳозирги
таҳликали даврда халқимизнинг тинч ва эркин ҳаётини ҳимоя қилиш барчамиз учун
энг муҳим вазифага айланиши даркор. Бугунги даврнинг талаби аслида шу ва биз
бундай шароитда тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашимиз зарур. Бу ҳаракатни
айнан бугун бошлашимиз шарт. Бундай юртни эса ҳеч бир куч енга олмайди, унинг
мустақиллигига таъсир ўтказа олмайди.
Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрамида ҳам ёшларга мурожаат
қилиб, уларга Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлишдек юксак шараф насиб
этаётганини таъкидлади. Уларни бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг, кенг имкониятлар,
ота-она ва устоз-мураббийлар меҳнатининг қадрига етиб, тинимсиз ўқиб-ўрганиш,
билим ва маҳоратни доимий ошириб боришга чақирди.
Ушбу чақириқ замирида жуда чуқур маъно бор. Зеро, бугунги глобаллашув
шароитида рақобатбардош бўлиш учун фақат назарий билим эмас, балки амалий
маҳорат ҳам муҳим аҳамият касб этади. Демак, ёшларимиз ўз устида мунтазам
ишлаб, инновацион фикрлай олиш қобилиятини ривожлантириши зарур. Мазкур
мурожаат йигит-қизларимиз учун нафақат даъват, балки йўл харитаси вазифасини
бажаради. Ана шунда бизни ҳеч ким тўғри йўлдан чалғитмайди, ғайир кимсалар
ниятларига етолмайди.
Энг азиз ва бебаҳо неъматимиз туфайли бугун Ўзбекистоннинг овози
минтақавий ва халқаро майдонда тобора баланд янграмоқда. Юртимиз жаҳондаги
кўплаб нуфузли саммитлар, халқаро форумлар ўтадиган сиёсий марказлардан бирига
айланди. Бу анжуманлар Ўзбекистоннинг дунё аҳлини тинчлик ва ҳамкорликка
чорлайдиган эзгу даъвати сифатида намоён бўлмоқда.
Янги Ўзбекистон ғояси асосида бошланган улкан ислоҳотлар натижасида
турмушимиз тубдан ўзгарди. Юртда улкан жараёнлар содир бўлмоқда, аср
қурилишлари давом этмоқда. Инсон қадр-қиммати шарафланмоқда. Бу янгиланишлар,
дунёнинг бизга, бизнинг дунёга очилганимиз, умуман, ҳамма ўзгаришларнинг асоси
бўлган бир ютуқ бор бу — тинчлик!
Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсати
натижасида мамлакатимиз глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига
айланиб боряпти. Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Тинчлик кенгашининг дастлабки
йиғилишида давлатимиз раҳбарининг иштироки ҳам Ўзбекистоннинг халқаро
бирдамлик, тинчликсеварлик ва Яқин Шарқдаги вазиятни яхшилашга умумий
интилишининг ёрқин ифодаси бўлди. Президентимиз томонидан илгари сурилган
долзарб ташаббуслар юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузи, очиқ ва мувозанатли
дипломатияси, тинчликпарвар сиёсати изчил давом этаётганини яна бир бор намоён
қилди.
Айтинг, ана шундай жаннатмонанд юртда тинч-хотиржам яшаётганимиздан,
оиламиз бағрида нонушта қилиб, ишга бориб келаётганимиздан фахрланмай,
ғурурланмай бўладими?! Ахир шу халқ эмасми, оғир йилларда матонат кўрсатган, шу
халқ эмасми, бир бурда нонга шукрона келтириб, бир майизни қирқ бўлишиб еган?!
Мақоламизни бежиз “Аввал Ватан, кейин жон” деб номламадик. Назаримда,
бугун бу ғоя ҳар биримизнинг қалбимизда яшаши керак. Зотан, инсон учун жон
қанчалик азиз бўлса, Ватан ундан-да азиз ва муқаддас. Агар барчамиз жипслашиб,
бир тану бир жон бўлиб, жонимизни асраганимиз каби Ватанимизни ҳам ҳимоя
қилсак, албатта, жонажон юртимиз ҳар томонлама обод ва фаровон, халқимиз
бахтли, келажагимиз эса янада порлоқ бўлади. Шундай экан, Президентимиз
таъкидлаганидек, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги тарих, янги
келажак яратайлик!”.
Салоҳиддин
ИСОМИДДИНОВ,
журналист