"Дунё" ААнинг маълум қилишича, ташаббус Дубай шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида амалга оширилган. Дастлаб таълим муассасаларининг моддий-техник базаси ва эҳтиёжлари ўрганилиб, шундан келиб чиқиб зарур ускуналар ажратилган.

Хусусан, «INKAS» компанияси томонидан жами 20 та компьютер, 10 та принтер, 5 та тикув машинаси ва 5 та нуқтали пайвандлаш аппарати ҳомийлик тариқасида тақдим этилди.

Ускуналар Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 1- ва 2-сон техникумларга ҳар бири учун 10 тадан компьютер ва 5 тадан принтер кўринишида етказиб берилди. Бухоро вилояти Вобкент туманидаги 1-сон техникуми эса 5 та тикув машинаси ҳамда 5 та нуқтали пайвандлаш аппарати билан таъминланди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур ҳомийлик ёрдами техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг амалий касбий тайёргарлигини ошириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда уларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтиришга хизмат қилади.