Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб, “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилган мазкур анжуман мамлакатимиз ёш шоирлари, ёзувчилари ва мусаввирларини бирлаштиргани, она Ватанимизни, энг улуғ ва энг азиз бўлган мустақиллигимизни тараннум этиш учун уларга ижодий муҳит ва шароит яратиб бергани айни ҳақиқат.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай
Оринбаев табрик сўзи билан очиб, яқин уч йил ичида Қорақалпоғистонни
иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича Президентимиз томонидан етмиш саккизта
фармон ва қарор қабул қилинганини алоҳида таъкидлади.
Аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш ҳамда
энергетика соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Беруний, Қўнғирот туманларида
шамол электр станциялари қурилмоқда.
Қипчоқ соҳилида Амударё узра муҳташам темир йўл кўприги қурилди.
Қорақалпоғистонда саноат соҳаси ривожланаётир. Иситиш батареялари заводи ҳамда
Нукус базальт толаси ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.
Яқин йилларда 3,5 миллиард долларлик инвестиция киритилади.
Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат
сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Қадимий ва навқирон
Элликқалъа туманида баҳор гул очган фаслда чағалайлар эмин-эркин сузиб юрган
Ақчакўл соҳилида ўтказилган танлов, ўз навбатида, ёшларга оид ислоҳотлар
самарадорлигини ошириш, уларнинг қизиқиши ва қобилиятини юзага чиқаришда муҳим
аҳамият касб этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзга
чиқиб, Президентимиз томонидан бадиий адабиётни ривожлантириш бўйича қабул
қилинган қарорлар, адабиёт ва маънавият соҳасидаги ислоҳотларга алоҳида
тўхталди.
Бутун умри ва ижоди давомида озодликни орзу қилган, халқ манфаатларини
ўйлаган ва халққа хизмат қилишни куйлаган Бердақ шоир айтганидек, бахтли-шодон,
истеъдодли, ҳар ишни пухта ўйлайдиган, эсли-ҳушли, халқимизнинг дастёри бўлиб,
ғурур-ифтихор билан кўкларга мағрур бўйлайдиган ёшларимиз бор.
Давлатимиз раҳбарининг юксак эътибори шарофати билан ўзбек-қорақалпоқ
адабий алоқалари ривожи янги босқичга кўтарилди. Тошкент шаҳрида барпо этилган
Адиблар хиёбонида ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётининг улуғ сиймолари билан
биргаликда қорақалпоқ адабиётининг ҳам уч улуғ намояндаси — Бердақ, Ибройим
Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергеновга муҳташам ёдгорлик ўрнатилди, Нукус шаҳрида
Ибройим Юсупов номидаги ижод мактаби очилди.
2024 йилда давлатимиз раҳбарининг “Атоқли қорақалпоқ шоири ва
мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш
тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур тарихий қарорга биноан Ажиниёзнинг
тўлиқ “Асарлар” китоби ўзбек ва қорақалпоқ тилларида нашр этилди, Ажиниёзнинг
ибратли ҳаёти ва ижоди ёритилган бадиий фильм суратга олинди. 2019 йилда Ўзбекистон
Қаҳрамонлари Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергенов таваллудининг 90
йиллиги кенг нишонланди. Ҳар икки улуғ ижодкорнинг “Танланган асарлар”и кўркам
шаклда нашр этилди. “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдли китоблар
мажмуасининг 34-38-жилдлари қорақалпоқ адабиётига бағишланган.
2021 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Назм бўстони”
туркумида Бердақнинг “Юрт ғамхўри керак менга”, Кенгесбой Каримовнинг
“Масофалар”, Бахтиёр Генжамуроднинг “Юракнинг ўтли осмони”, Соғинбой
Иброҳимовнинг “Йўл ўртаси”, ёш ижодкорларнинг “Биринчи китобим” лойиҳаси
асосида Сарвиноз Мусатдинованинг “Карвон йўллари”, Аллаяр Дарменовнинг “Ой
дўст” шеърий тўпламлари ўзбек тилида нашр этилди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой
Каримовнинг “Оғабий” романи, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Шарап Уснатдиновнинг
“Ибройим Юсупов” роман-эссеси ўзбек тилида нашрдан чиқди. Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмасининг “Адиб ва жамият” туркум китоблари лойиҳаси асосида Қорақалпоғистон
халқ ёзувчиси Алланазар Абдиевнинг “Бургут чўққи” номли роман, қиссалар ва
ҳикоялар тўплами ўзбек тилида чоп этилди.
2026 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбой Низановнинг “Танланган асарлар”и нашр
қилиниб, ўзбек китобхонларига туҳфа этилди.
* * *
Тадбир муносабати билан Ақчакўл бўйида Элликқалъа тумани овул
фуқаролар йиғинлари, санъат мактаблари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача
тарбия ташкилотлари миллий таомлар, кашталар, халқ амалий санъати намуналари
кўргазмаларини намойиш этди. Ақчакўлнинг обод этилган, дам олиш маскани ва
томошагоҳга айлантирилган соҳили бўйлаб қатор қўйилган ёғоч сўриларда ўтирган
пиру бадавлат отахон ва онахонлар эл-юрт тинчлигини тилаб дуо қилди,
келинчаклар дастурхон ёзиб, чой дамлаган, ёш-яланг дастёрлар хизматга шай.
Ақчакўл соҳили халқ сайли билан гавжум.
Элликқалъа мамлакатимизнинг кўп миллатли туманларидан бири. Ўзбекча,
қорақалпоқча, туркманча, қозоқча, татарча, русча, озарбайжонча миллий либослар
кўзни яшнатади. Карнай-сурнайлар, ноғораю доиралар, қўбизу дуторлар,
чанқовузлар, рубобу торлар мусиқалари кўнгилни шод этади. Бир ёнда ахалтекин
зотли ноёб тулпорлар минган чавандозлар асл тойларнинг сулувлигини намоён этиб,
от устида мағрур турибди. Ақчакўл осмони узра паға-паға булутлар карвони.
Ғир-ғир эсаётган шамол кўл сувларини бир маромда мавжлантирган. Гала-гала
чағалайлар ҳусни жамоли билан сувнинг мавжларига кўрк бағишлайди. Кўлнинг
ўртасида сузаётган оқ кема юракни орзиқтиради.
Ушбу манзараларни ёш мусаввирлар мойбўёқда тасвирлашга тутинган.
Шоирларнинг лаблари пичирлаб, шеърий сатрлар тўқишга чоғланган. Ёзувчилар
ёзилажак ҳикоялари учун манзараларни хотирасига муҳрлашга интилган. Хуллас,
ижодий муҳит қайнагандан-қайнади.
Қирғоққа тикилган оқ ўтовлар эрганаклари меҳмонлар учун қорақалпоқнинг
беғубор кўнглидай очиқ.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман аҳли Элликқалъа тумани
ихтисослаштирилган санъат мактаби ҳудудида барпо этилган Абдулла Орипов боғига
кўчди. “Ақчакўл илҳомлари” танловининг тамал тошини қўйган устоз Абдулла Орипов
номида боғ бунёд этилгани айни муддао. Боққа кираверишда элимиз ардоғидаги шоир
сиймоси туширилган сурат остига устознинг машҳур тўртлиги битилгани барчанинг
эътиборини тортди:
Гулдан гулга қўниб саҳар палладан
Болари бол йиғар гулдан, даладан.
Шоир ҳам болари бўлсайди агар,
Ишин бошлар эди Элликқалъадан.
Абдулла Орипов боғи рамзий маънода гуллаб-яшнаётган шеърият боғи,
адабиёт боғидир. Бу боғ, албатта, Тошкентда бунёд этилган Адиблар хиёбони билан
чамбарчас боғлиқ. Унинг гуллари ва кўчатлари Адиблар хиёбонидан келтирилган
десак, муболаға эмас. Ёзувчи, шоирлар ва жамоатчилик вакиллари Элликқалъа
тупроғига эзгу ниятлар билан мевали дарахт кўчатларини экди.
Ҳар соҳада янгилик, ҳар ёнда баҳор, ҳар чаманда гуллаб-яшнаш дегандек,
Элликқалъадаги бунёдкорлик тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки руҳ, ижодий
завқ бағишлади.
Айниқса, Элликқалъа туманидаги маданият саройида Ўзбекистон Қаҳрамони,
халқ шоири Абдулла Ориповнинг бюсти очилишига бағишланган тадбир барчани
ҳаяжонлантирди. Устознинг ёдгорлик бюсти шаклида бугунги авлодга боқиб турган
нурли сиймоси гўё: “Бу буюк Ватаннинг қадрига етинглар!” деб насиҳат
қилаётгандек. Беихтиёр устоз шоир ҳаётлик вақтида “Ақчакўл илҳомлари”
анжуманига келаётиб, Амударё кўприги устида айтиб юборган шеъри ёдимизга тушди:
Кимлигимни билардим озроқ,
Билар эдим суюклигимни.
Амударёни кўрганда бироқ
Билиб қолдим буюклигимни!
Анжуман доирасида меҳмонларнинг Элликқалъанинг диққатга сазовор
масканлари, тарихий обидалари, янги қурилган иншоотлари билан танишуви тадбир
мазмунини янада бойитди. Нукус давлат педагогика институти Элликқалъа
факультетида ташкил этилган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф музейи
экспонатлари билан танишув, Бўстон шаҳарчасида Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими Матназар Абдулҳакимнинг “Дарсдан сўнг” шеъри асосида
бунёд этилган “Устозга эҳтиром” ҳайкали зиёрати ёш ижодкорларда унутилмас
таассурот қолдирди.
Элликқалъа тумани бўйлаб уюштирилган саёҳатдан сўнг ёш ижодкорлар
тумандаги санъат мактаби дарсхоналарида танловнинг асосий шарти бўйича ижодий
беллашувни давом эттирди. Уларга қирқ беш дақиқа давомида Ақчакўл мавзусида
янги шеър, янги ҳикоя ёки бадиий қатра ёзиш вазифаси топширилди. Мусобақа
ниҳоятда қизиқарли бўлди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоирлари бўлган
устозлардан тузилган ҳакамлар ҳайъати ёш ижодкорларнинг ёзма ишини ўрганиб
чиқди ва муносиб баҳолади. Энг муҳими, Ватан мавзусида янги шеърлар, насрий ва
рангтасвир асарларга пойдевор қўйилди.
Эртаси куни туман марказидаги санъат саройида “Ақчакўл илҳомлари”
республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид
мамлакатимизда ёш ижодкорларга кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган
шарт-шароитлар, мамлакат миқёсида ташкил
этилган “Ақчакўл илҳомлари” танловининг аҳамияти ва кутилаётган натижалар
ҳақида гапирди:
— “Олтин конидан олтин чиқади” деганларидек, сўз дарғаларига бешик
бўлган бу диёрдан, албатта, Алишер Навоий, Бердақ, Ажиниёз, Эркин Воҳидов,
Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов ворислари етишиб чиқишига ишонамиз. Ибройим оғанинг
“Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан” шеърида ушбу эзгу ниятнинг амалга ошишига
комил ишонч изҳор этилган. Уни устоз Абдулла Орипов ўзбек тилига таржима
қилган:
Мен уни тингласам, қолмай тоқатим,
Кўнглимда сайраган мастона булбул.
Мен уни тингласам, туққан элатим
Ер жаннати бўлиб кўрингай буткул.
Юлдузларни ерга қаратмоқ бўлсанг,
Ёмон шоирларни уялтмоқ бўлсанг,
Агар мен ўлганда тирилтмоқ бўлсанг,
Айт сен Ажиниёзнинг қўшиқларидан.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган
қорақалпоғистонлик ижодкорларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси
Кенгесбой Каримов ва бошқалар сўзга чиқиб, ғолибларни табриклади.
Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла
Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева Абдулла Орипов боғи бунёдкорларига,
Абдулла Орипов бюсти ижодкорларига, устоздан мерос бўлиб қолган “Ақчакўл
илҳомлари” танловини янгидан уюштирган ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.
Ҳакамлар хулосасига кўра, танловда энг истеъдодли ижодкорлар
аниқланди. Республиканинг барча ҳудудларидан келган 44 иштирокчининг ҳар бирига
диплом, статуэтка, эсдалик совғалар ва китоблар жамланмаси топширилди.
Санъаткорлар куй-қўшиқлари ва рақслари билан тадбир иштирокчиларига
ўзгача завқу шавқ бағишлади.
Бизнингча, танловда қатнашган барча ижодкор ғолиб бўлди. Улар ёрқин таассуротлар ва ҳаяжон оғушида
Ақчакўлда чарх уриб учиб юрган чағалайлар билан хайрлашиб, уйларига мамнун ва
масрур қайтдилар.
Биз ҳам мазкур танловдан ўзгача таассурот билан қайтар эканмиз,
кўнглимизда қуйидаги шеърий сатрлар уйғонди.
Ёнди баҳор Элликқалъа рўйида,
Булбул сайрар Ақчакўлнинг бўйида.
Ғазал тўқир булбулзабон шоирлар
Ўзбек билан қорақалпоқ тўйида.
Дилда жўшди Ақчакўл илҳомлари,
Тилда улуғ устозларнинг номлари:
Ибройим ҳам Абдулла Ориф шеъри,
Отажоннинг “Сувора” инъомлари.
Авлиёлар Бўстонга дам урган “Суф”:
Жамолидан офтоб бўлган кусуф.
Осмонларда мангу навқирон қўшиқ —
Элликқалъа қуши Муҳаммад Юсуф.
Олтин қўшиқ янграётир, соз тилла,
Юрт мадҳини куйлаган овоз тилла.
Ақчакўл илҳомларига авж берган
Валижон ҳам устози Неъматулла.
Гул очилиб яшнайверсин, Бўстоним,
Элликқалъа — энг гўзал гулистоним.
Қўшиқ янграр Ақчакўлнинг бўйида,
Бахтим менинг,
жоним Ўзбекистоним!
Рустам МУСУРМОН,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият
ходими,
Қорақалпоғистон халқ
шоири