Жорий йилнинг 5 сентябрь куни Таиланддан учиб келган 51 ёшли Ўзбекистон фуқароси белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди. Унга тегишли багажлар кўздан кечирилганида, 3 та вино шишаси ҳамда қадоқланган зираворлар ўрами ичидаги моддалар божхона ходимларида шубҳа уйғотди.

Шундан сўнг мазкур моддалар Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораториясида экспертизадан ўтказилди. Натижада идишлар ичидаги тўқ жигарранг рангли ва ўткир ҳидли модда таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган, Ўзбекистон Республикасида муомаласи тақиқланган наркотик восита — “гашиш мойи” эканлиги аниқланди. Унинг умумий оғирлиги 7 килограмм 580 граммни ташкил қилди.

Тезкор суриштирувлар давомида ушбу шахс Телеграм ижтимоий тармоғидаги “Абсолют” номи остида фаолият юритувчи "куратор" кўрсатмасига кўра, 1800 АҚШ доллари эвазига мазкур наркотик моддаларни мамлакатимиз ҳудудига олиб кириб, Самарқанд шаҳрига етказиб бериши лозим бўлганлиги маълум бўлди.

Шундан сўнг тезкор тадбир Самарқанд шаҳрида давом эттирилиб, наркотик воситаларни қабул қилиб олаётган 47 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинди. Унинг яшаш манзили холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ердан ҳам вино шишалари, идиш ювиш гели қутиси ва шприцларга жойланган ҳолда сақланган “гашиш мойи”, шунингдек, истеъмол қилинганда сархуш ҳолатни келтириб чиқарувчи қуритилган қўзиқоринлар борлиги аниқланди.

Ушбу икки турдаги наркотик моддаларнинг умумий оғирлиги қарийб 5,5 килограммни ташкил қилди. Ушбу шахс Телеграмда “Ригҳт Ктрел” аккаунтидаги кураторнинг топшириғи асосида манзил ҳавола тарзида кейинчалик ушбу наркотик моддааларни тарқатиши лозим эди.

Шундай қилиб, кўп босқичли тезкор тадбир натижасида жами 13 килограмм 80 грамм “гашиш мойи”нинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, ушбу миқдордаги наркотик восита қарийб 200 минг нафар инсонни гиёҳвандлик домига тортишга етарли бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра ушлаб қолинган мазкур наркотик моддаларнинг қора бозордаги қиймати охирги истеъмолчига етиб борганунига қадар 1,7 миллион АҚШ долларидан ҳам ошиб кетиши мумкин эди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.