Ҳукумат қарорига кўра, нодавлат олий таълим ташкилотларида қабул жараёнлари ҳар йили июн–сентябрь ойларида амалга оширилади. Эртадан 2026/2027 ўқув йили учун қабул жараёнлари бошланади.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, махсус давлат аккредитациясидан ўтмаган таълим дастурлари бўйича талабалар қабулига йўл қўйилмайди. Яъни, фақат аккредитациядан ўтган таълим йўналишлари бўйича талабаларни ўқишга қабул қилиш мумкин.

Шунингдек, 2025 йил 1 августдан бошлаб ҳар бир нодавлат олий таълим муассасаси учун қабул параметрларининг энг юқори кўрсаткичи белгиланади. Қабул квотаси университетнинг моддий-техник базаси, педагогик салоҳияти ва ўқув-дастурий таъминотидан келиб чиққан ҳолда тасдиқланади.

Шунингдек, қабул қилинган талабалар ҳақидаги маълумотлар ҳар йили 1 октябрдан кечиктирмасдан HEMIS ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Бундан ташқари, нодавлат ОТМларда талабаларнинг ўқишини кўчириш, қайта тиклаш, ўқишдан четлаштириш ва битирувчиларни якуний аттестациядан ўтказиш тартиби давлат олий таълим муассасалари учун белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, "Республикада нодавлат таълим хизматларининг сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилган эди.

Унга кўра, нодавлат таълим ташкилотлари қабул жараёнини бир йилда икки маротаба – 15 октябргача ҳамда 15 февралгача амалга ошириш таклиф этилган эди.