Қолаверса, юртимизда кейинги йилларда жамоат транспорти тизими анча ривожланиб, одамларнинг ундан фойдаланиш кўрсаткичи бир неча баробар ошди. Ҳатто айрим ҳайдовчилар қисқа масофага тезроқ етиб олиш учун енгил автомобилини бирор нуқтада қолдириб, автобус ёки метрога чиқаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида битта енгил автотранспорт воситасида бир кунда ўртача 4,8 йўловчи ташилса, битта автобусда бу кўрсаткич ўртача 800-900 йўловчини ташкил этмоқда. Бу автобуснинг енгил автотранспортга нисбатан 145 баробар самарадор эканини кўрсатади. Қолаверса, шаҳарда тирбандликларнинг олдини олиш, аҳолининг кунлик ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини қондириб, йўлга сарфланадиган вақт ва моддий ресурслар самарадорлигини ошириш учун ҳам сифатли, қулай, хавфсиз ва жозибадор жамоат транспорти тизимини жорий этиш лозим.

Юртимизда айни шу механизмга ўтиляпти. Йўлларда жамоат транспортига устунлик бериш орқали одамларнинг манзилга тез, хавфсиз ва ишончли ҳаракатланиши чоралари кўрилмоқда. Кўчаларда алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш билан тезкор автобус йўналишлари (BRT) тизими жорий этилаётгани ушбу вазифаларнинг бир қисми. Тошкент шаҳрида илк бор алоҳида автобус йўлаги 2023 йилнинг бошида Юнусобод тумани Амир Темур шоҳкўчасида пайдо бўлиб, “А” ҳарфли белги билан ажратилгани кўпчиликнинг ёдида. Ўшанда бу янгилик юртдошларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олиниб, қисқа вақтда тажриба амалиётда ўзини оқлади. Айни йўналишларда автобусларнинг ҳаракат тезлиги ҳам, аҳоли ташиш кўрсаткичлари ҳам сезиларли ошди.

Мутахассислар маълумотига кўра, пойтахтимизда артериал ҳисобланган 36 та йўлак мавжуд бўлиб, Президентимизнинг тегишли қарори билан 2030 йилгача уларнинг барчасида автобуслар учун умумий узунлиги 472 километрдан иборат алоҳида йўлаклар ташкил этиш белгиланган. Бу шаҳарда жами 36 та автобус йўлаги бўлади ­дегани. Аҳамиятлиси, уларнинг ҳаммаси ҳам йўлнинг ўнг томонида бўлмайди. “Яшил” йўлаклар кўчаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, йўлнинг марказий қисмида ҳам жойлаштирилади.

Хориж тажрибасида оммалашган бу ­амалиётни юртимизда қўллаш бошланган. Ўтган йилнинг 7 октябрь санасида  Тошкент шаҳри Шота Руставели кўчасининг марказий, яъни ўрта қисмида алоҳида автобус йўлаги фойдаланишга топширилди. Бу воқеа Ўзбекистонда илк бор автобуслар йўлнинг ўрта қисмидан ҳаракатлана бошлагани билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Ҳозирги кунда 7 километр узунликдаги мазкур кўча бўйлаб 22 та автобус йўналиши ўтиб, одамларни манзилга тез ва хавфсиз етказиб қўйишга хизмат қиляпти.

Янги Сергелидан “Уч қаҳрамон” постигача

Мазкур амалиёт тажрибада муваффақиятли синовдан ўтиб, автобуслар учун алоҳида “яшил” йўлакларнинг марказда жойлашиши анча қулай экани кўзга ташланди. Шу боис, мутасаддилар автобус йўлакларини айнан йўлнинг ўрта қисмида жойлаштириш бўйича катта лойиҳани ишлаб чиқди. Тошкент шаҳри ҳокимлигида бўлиб ўтган тақдимотда айтилишича, алоҳида автобус йўлакларини ташкил этишнинг кейинги босқичи бир бутун йўлак ҳисобланган Янги Сергели, Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчаларида давом этади.

Бу Шота Руставели кўчаси бўйлаб ўтган “яшил” йўлакнинг давоми бўлиб, лойиҳага кўра, улар ҳам йўлнинг ўрта қисмида ташкил этилади. Йўналишлар харитаси бўйича автобус йўлаклари Янги Сергелидан бошланиб, Шота Руставели ва Шаҳрисабз кўчалари орқали ўтади. Оддий қилиб айтганда, алоҳида йўлак “Уч қаҳрамон” постигача боради. Йўлак шаҳарнинг асосий қисмларини марказ билан тезкор боғлайди.

— Шота Руставели кўчасидаги лойиҳа ўзини оқлаб, амалиётда яхши натижа берди. Алоҳида автобус йўлагининг кўча марказида жойлашгани шаҳар транспорт тизимида қулайлик яратиб, тирбандликларни камайтириш, жамоат транспортига устунлик беришда самаралироқ экани, қолаверса, одамларнинг мамнунияти давлатимиз раҳбари томонидан юқори баҳоланиб, қўллаб-қувватланди, — дейди  Тошкент шаҳри ҳокимлиги Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаев. — Эндиликда лойиҳанинг кейинги босқичини амалга ошириш арафасида турибмиз. Унда иккита муҳим жиҳат кўзда тутилган — белгиланган ҳудудларда тезюрар автобуслар тармоғи (BRT)ни ишга тушириш ва пойтахтнинг энг муаммоли чорраҳаларидан бирида замонавий йўл ўтказгич қурилиши.

Автобуслар учун ўрта қисмдан ўтадиган алоҳида “яшил” йўлакнинг умумий узунлиги 24,3 километрни ташкил этади. Шундан 16,2 километр қисми Янги Сергели, Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчалари бўйлаб ўтади. Айни пайтда ушбу йўлларда 49 та автобус йўналиши, 53 та бекат мавжуд бўлиб, умумий ҳисобда кунига 260 минг йўловчи ташилмоқда. Реконструкциядан кейин бу 19 фоиз ошиб, 310 минг нафарга етиши кутиляпти. Йўловчиларнинг А нуқтадан Б нуқтага етиб олиш вақти эса 15 дақиқа қисқариши ҳисоб-китоб қилинган. Ушбу йўлакка қўшимча сифатида Мирзо Улуғбек кўчаси ҳам танлаб олинган бўлиб, унинг 8,1 километр қисмида марказий автобус йўлаклари ташкил этилади.

Автобус йўлаклари қурилиши ортидан  йўллар четида пиёдаларга кенг ва равон тураргоҳлар, соғлом турмуш тарафдорлари учун махсус велосипед йўлаклари барпо этилади. Дарахтлар, ўсимликлар экилиб, ўриндиқлар ўрнатилади. Шота Руставели кўчаси бу борада ижобий намуна бўла олди. Тақдим этилган янги лойиҳада ҳам айни жиҳатлар назарда тутилган. Дастлабки маълумотларга кўра, қурилишлар давомида кўчириладиган дарахтлар ўрнига қўшимча 8 минг гектар “яшил” майдонлар ташкил этилади.

Лойиҳанинг яна бир ўзига хослиги алоҳида автобус йўлаклари метро бекатлари билан интеграция қилинишидир. Мутасаддиларнинг айтишича, метро бекатлари атрофида махсус транспорт ўтиш боғламалари очилади. Бунда йўловчилар метродан чиқиб, узоқ юрмасдан, махсус боғламалар орқали тўғри тезкор автобус йўлакларига ўтиши мумкин ёки аксинча. Йўловчилар марказий автобус йўлакларига ўтишда ҳам янги ер ости йўллари қурилмасдан, метро бекатларидаги ер ости йўлларидан фойдаланади. Шу билан бирга, ҳар бир автобус бекатига ўтиш учун йўл устида пиёдалар ўтиш йўллари, светофорлар ташкил этилади. Автобусларга эса йўл ўртасида жойлашган махсус платформалар орқали чиқиб тушилади. Яъни пиёдалар хавфсизлиги ва қулайлиги учун алоҳида тартиблар амал қилади.

Буюк ипак йўли метро бекати ёнида икки қаватли йўл ўтказгич қурилади

Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида автотранспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий йўл тармоқлари узунлиги 470 километр бўлгани ҳолда 380-400 минг автотранспорт ҳаракатига мўлжалланган. Аммо одатда бу рақам 1 миллиондан ошиб, бир вақтнинг ўзида ҳаракатланиш сиғимидан 2 баробар ортиб кетади. Бу асосий кўчаларга 2 баробар кўп юклама тушяпти дегани. Йўлларда турнақатор тирбандликлар юзага келиши ҳам шу билан боғлиқ. Бу мутасаддилар олдига янги лойиҳалар, замонавий ечимларни қўллаш вазифасини қўймоқда.

Тошкентдаги “BRT” лойиҳасининг яна бир муҳим янгилиги Мустақиллик, Мирзо Улуғбек ва Буюк ипак йўли кўчалари кесишмасида қуриладиган ноёб конструкцияга эга, замонавий, айланма ҳаракатли икки қаватли йўл ўтказгичдир. Лойиҳа Хитой компаниялари мутахассислари ҳамда маҳаллий ихтисослаштирилган ташкилотлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, қурилиш ишлари буюртмачи ташкилот — “Tashkent Invest” АЖ компанияси томонидан бажарилиши маълум қилинди. Жараёнда транспорт оқимларини ўрганиш ва автомобиллар ҳаракатини моделлаштиришда сунъий интеллектдан фойдаланилган.

Янги йўл ўтказгич тушадиган кўчалар айни пайтда шаҳар марказидаги энг тирбанд манзиллардан бири саналади. Баъзан мазкур нуқтада ЙҲХХ ходимлари кунига бир неча бор ҳаракатни қўлда бошқаришга мажбур бўлади. Лойиҳа ишлаб чиқарувчилари таклиф этаётган айланма ҳаракатли икки қаватли йўл ўтказгич мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириши режа қилинган. Ҳисоб-китобларга кўра, йўл ўтказгич Ц-1 массивидан Кичик ҳалқа йўлигача бўлган 8 километр масофани босиб ўтишнинг ўртача вақтини тиғиз пайтларда 25 фоизгача қисқартиради. Яъни лойиҳа автомобилларнинг катта оқими ҳаракатланадиган йўлларда тирбандлик муаммосини ҳал қилиши режалаштирилган. “Tashkent Invest” компанияси раҳбари Баҳром Шокировнинг сўзларига кўра, барча ўзгаришлар аҳоли ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида амалга ошириляпти.

Йўл ўтказгич Буюк ипак йўли метроси атрофидаги катта чорраҳа бўйлаб тушади. Ҳозир бу чорраҳадан кунига 100 мингга яқин автомобиль ўтади. Лойиҳа амалга оширилгач, бу кўрсаткич 120 мингдан ошади, соатига 19 мингдан кўпроқ автомобиль ҳаракатланади. Асосийси, автомобиль оқими ортиши баробарида тирбандлик ҳам бартараф этилади. Боиси, замонавий йўл ўтказгич ҳисобига машиналарнинг ўртача ҳаракат тезлиги соатига 21 километрдан 26 километрга кўтарилади. Жамоат транспорти ҳаракати ҳам тезлашади. Натижада чорраҳанинг ўтказувчанлиги 130 фоиз ошади. Шу билан бирга, икки қаватли йўл ўтказгич ҳисобига транспорт оқими самарали тақсимланиб, асосий магистрал йўллардаги юклама камаяди, барча ҳаракат иштирокчилари учун хавфсизлик оширилади.

— Янги лойиҳалар Тошкентнинг фақат машиналарга мослашган шаҳардан жамоат транспорти устувор бўлган шаҳарга тизимли равишда ўтаётганини кўрсатади, — дейди Тошкент шаҳри ҳокимлиги Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаев. — Халқаро тажрибалардан ҳам кўринадики, тирбандликлар ортиб бораётган замонавий шаҳарларда йўлларни шунчаки кенгайтириш энди фойда бермайди. Аксинча, мавжуд йўлларда жамоат транспортига устуворлик бериш, одамларнинг улардан фойдаланиш даражасини ошириш энг самарали ечимга айланган. Чунки йўллардаги тирбандликлар одамларнинг кунлик кайфиятига таъсир қилиши баробарида шаҳарга ҳам экологик, ҳам иқтисодий зарар етказади. Тадқиқотларга кўра, тирбандликлар кўп бўлган вақтда автомобиллардан атмосферага кўпроқ зарарли моддалар чиқарилади. Лойиҳа мақсади эса шаҳар кўчаларида жамоат транспортига устуворлик бериш орқали тирбандликларни камайтириш, йўловчилар учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга қаратилган.

Ягона дизайн-код

Марказий автобус йўлаклари ҳамда замонавий йўл ўтказгични қуриш ишлари май ойларида бошланиши режалаштирилган. Қурилиш жараёнларининг бари экологик талаблар асосида, инспекторлар назорати остида бажарилиши айтиляпти. Қурилиш ҳудудларидаги дарахт ва буталар белгиланган бўш майдонларга, масалан, яқинда Тошкент туманида очилган Миллий дендрология боғига кўчириб ўтқазилиб, уч йил давомида парваришланади. Янги автобус йўлаклари атрофларида эса қўшимча “яшил” ҳудудлар ташкил этилади.

Қурилиш ишлари Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилаётган янги тизим — ягона дизайн-код асосида бажарилади. Маълумотларга кўра, дизайн-код Тошкент шаҳрининг меъморий ва визуал қиёфасини янада тартибга солиш, пойтахтда замонавий ва эстетик жиҳатдан яхлит шаҳар муҳитини яратишга қаратилган стандартлар жамланмасини ўзида акс эттиради. Унда ташқи безак, реклама элементларидан тортиб, йўл инфратузилмаларигача ягона стандартлар ишлаб чиқилган. Энди уларни ўрнатишда белгиланган талаблар, аниқ меъёрларга амал қилинади.  Бундан кўзланган мақсад пойтахтда визуал жиҳатдан тартибли, эстетик ва уйғун шаҳар муҳитини шакллантиришга қаратилгани айтилмоқда.

Ягона дизайн-код пиёдалар учун ҳам қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади. Гап шундаки, шаҳар бўйлаб пиёдалар йўлаклари, ёритиш тизимлари, кўча жиҳозлари, “яшил” ҳудудлар ва навигация элементларининг бари аниқ стандартлар билан тартибга солинади. Бу пойтахтнинг ташқи қиёфасини янада яхшилаш баробарида функционалликни таъминлайди. Яъни имконияти чекланган шахслар, кексалар, болали ота-оналар ва барча пиёдаларнинг шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш қулайлиги ортади.

2026 йилда амалга ошириладиган “BRT” лойиҳаси ва ишга тушадиган янги марказий автобус йўлаклари, икки қаватли йўл ўтказгич шаҳар транспорт қиёфасини ўзгартириб, жамоат транспорти жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Лойиҳа пойтахт йўлларида тирбандликларни камайтириш, тезкор ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш, йўл ҳаракатининг ҳар бир иштирокчисига қулай шароит яратишга қаратилгани билан шаҳар транспорт тизимида янги даврни бошлаб бериши кутиляпти.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири