Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро ва Сурхондарё вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда божхона идоралари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситаларининг йирик партияси ноқонуний айланмадан чиқарилди.
Маълум қилинишича, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1993 йилда туғилган ва муқаддам наркожиноят учун судланган шахс бошқарувидаги “Lacetti” автомашинаси “Сурхондарё–Бухоро” йўналишида ҳаракатланаётган вақтида Когон тумани ҳудудида тўхтатилган.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг мотор қисмидаги ҳаво фильтри остига яширилган 993 грамм “опий” моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Суриштирувлар давомида ушбу гиёҳвандлик воситаси Термиз туманида истиқомат қилувчи, 1980 йилда туғилган ва халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи шахсдан олингани маълум бўлди.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур шахс ҳам ушланди. Унинг ёнидан 5 кг, яшаш хонадонидан эса яна 7 кг “опий” ашёвий далил сифатида мусодара қилинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.