Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш ва фарм инспекция бошқармаси томонидан “Arzon apteka bot” мобил иловасида жойлаштирилган эълонлар асосида айрим дорихоналарда назорат тадбирлари ўтказилди.

Текширувларга давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва Ўзбекистонда тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилмаган “Berodual”, “Aktovegin” ҳамда “Kalimin 60 H” дори воситаларининг ноқонуний реализацияси ҳақидаги эълонлар асос бўлган.

Ўрганишлар давомида 7 та дорихонада мувофиқлик сертификати бўлмаган жами 101 турдаги, шунингдек, яроқлилик муддати ўтган 5 турдаги дори воситаси сотувда экани аниқланган.

Ҳозирда савдодан олинган дори воситалари бўйича лаборатория экспертизаси ўтказилиб, аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Назорат тадбирлари давомида яна бир ҳолат аниқланган. “Arzon apteka bot” иловасида дорихона сифатида кўрсатилган “Online 5” номли субъект фаолияти ўрганилганда, Бухоро шаҳри Баҳовуддин Нақшбанд кўчаси, 309/1-уй манзилида дорихона эмас, балки “BTS” тезкор почта хизматининг Бухоро вилояти офиси фаолият юритаётгани маълум бўлган.

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази сифатсиз, қалбакилаштирилган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган ёки тиббиёт амалиётида қўллаш учун рухсат этилмаган дори воситалари савдосига қарши назорат тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилишини маълум қилди.