Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб 2028 йил 31 декабрга қадар Енгил саноатни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан:

  • терини қайта ишлаб, тайёр чарм ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқариб, реализация қилинган тайёр чармнинг ҳар бир дециметр квадрати учун 350 сўм миқдорида субсидия ажратилади;
  • пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга ишлаб чиқаришга жорий қилинган ҳар бир янги модел учун 1 млн сўм, бироқ бир корхона учун бир календарь йилида 50 млн сўмдан ошмаган миқдорда субсидия ажратилади;
  • пойабзал ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинган пойабзал қолиплари қийматининг 50 фоиз қисми, бироқ бир календарь йилида Европа Иттифоқи давлатлари учун 10 минг АҚШ доллари, бошқа давлатлар учун 5 минг АҚШ долларидан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;
  • енгил саноат корхоналари томонидан сув тозалаш иншоотларида белгиланган меъёрлар доирасида сувни тозалаш учун харид қилинган кимёвий воситалар ва реагентлар қийматининг 50 фоиз қисми қоплаб берилади.

2026 йил 1 сентябрдан:

  • давлат харидларида иштирок этадиган корхоналарга маҳсулот ишлаб чиқаришда кооперация асосида маҳаллий чарм хомашёси ва бутловчилардан фойдаланиш даражаси, яратилган иш ўринлари сони, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган савдо белгиси ва брендига кўра қўшимча балл бериш ва 15 фоизгача нарх преференцияси тақдим этиш тартиби жорий этилади;
  • давлат буюртмачилари учун давлат харидлари электрон тизими орқали харид қилинадиган махсус пойабзалларнинг давлат харидлари тавсифида мувофиқлик сертификати тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш талаби жорий этилади.