Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 апрель куни ўтказилган 25-сон йиғилиши баённомасида Бош вазир ўринбосари А.Ж. Раматов томонидан белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида мазкур бекатда кенг кўламли реконструкция ва кенгайтириш ишлари амалга оширилди.
Мазкур ишлар якунига етказилгани муносабати билан “Чинор” метро бекати жорий йилнинг 29 июль куни соат 05:00 дан бошлаб йўловчилар учун тўлиқ фаолиятини қайта бошлайди.
Реконструкция жараёнида бекатнинг кириш ва чиқиш қисмлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Хусусан, аввал 6 та бўлган турникетлар сони 13 тага етказилди. Шунингдек, йўловчилар учун ноқулайлик туғдириб келган ўтиш йўлаклари қайта лойиҳалаштирилиб, бекатдан бекатга тўғридан-тўғри ўтиш имконияти яратилди. Бекат авваллари кун давомида ўртача 15 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатган бўлса, эндиликда кунига 35–40 минг нафаргача йўловчига сифатли хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлди.