Бу борадаги муҳокамалар ҳамон давом этаётган бир вақтда эса янада қатъийроқ тартиб амалга киритилди — эндиликда жорий йилнинг 1 апрелидан камералар ҳам қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисоблашни бошлади.

Кейинги кунларда бу юртдошлари­мизнинг асосий суҳбат мавзуларидан бирига айлангани боиси шунда. На­фақат ҳайдовчилар, балки автомобиль бошқармайдиган инсонлар ҳам буни қизғин муҳокама қиляпти. Шу вақтга­ча жарима баллари йўл-патруль хиз­мати ходимлари томонидан ёзилган маъмурий баённомалар асосида ҳисобланган бўлса, энди махсус автомат­лаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари орқали аниқланган тегиш­ли йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун ҳам жарима баллари ҳисоблани­ши кўпчиликни хавотирга солмоқда. Фикр билдирувчиларнинг бир қисми янги тизим ҳайдовчилар учун қўшим­ча босим эканини айтаётган бўлса, баъзилар йўлларда ҳаракатланаётган автомобиль эгаларини тартиблироқ, ҳушёрроқ бўлишга ундашини таъкид­ламоқда.

Аслида, ушбу тизимнинг амалиётга ки­ритилиши ҳақида аввалдан хабардор эдик. Ўтган йилнинг 1 июнь санасидан жарима баллари ёзилиши бошлангач, кейинчалик камералар ҳам балларни қайд этиши ҳақида хабар берилганди. Ҳукуматнинг тегишли қа­рори билан киритилган янги тизим йўллар­даги қўпол қоидабузарликларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун зарурат экани айтилган. Бу ҳайдовчиларнинг интизоми­ни кучайтириш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш, қоидабузарлик ортидан содир этилиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар­нинг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати мада­ниятини оширишга қаратилган муҳим чора экани таъкидланмоқда.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда Ўзбе­кистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Буларнинг катта фоизи ҳай­довчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиқ­қан. Кимнингдир қоидаларга беписандли­ги бошқа бировнинг ҳаётига хавф солиши ачинарли, албатта. Баллар тизими эса ҳар бир ҳайдовчининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириши керак. Таҳлил­ларга кўра, юртимизда жарима баллари­ни ҳисоблаш бошланганидан сўнг 2025 йилнинг ўзида ҳайдовчининг айби билан содир этилган автоҳалокатлар 34 фоиз ка­майган.

Телефондан фойдаланганлик учун баллар ҳисобланмайди, аммо...

Шундай қилиб, 1 апрелдан мамлакатимиз кўчаларидаги камералар тегишли қоидабу­зарликлар учун жарима баллари ҳисоблашни бошлади. Ҳайдовчиларнинг аксари бундан норози бўлишни ҳам унутиб, дарҳол ҳушёр тортиб қолди, имкон қадар қоида бузмаслик ва жарима балларини олмасликка ҳаракат қилаётгани, бу ҳақида бир-бирини огоҳлан­тираётганига гувоҳ бўляпмиз. Гап шундаки, жарима баллари шунчаки ҳайдовчига берила­диган баҳо эмас. Улар учун жарима ундирил­маса-да, ҳар бир тўпланган балл жиддий оқи­батларга олиб келади. Ҳайдовчилар баллар сабаб ҳатто ҳайдовчилик ҳуқуқидан вақтинча маҳрум этилиши ҳам мумкин.

Аммо бунинг учун йил давомида 12 балл тўпланиши керак. Албатта, бу ижобий ҳа­ракатлар учун бериладиган баллар эмас, балки ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги сабаб ҳайдовчи ҳисобига ёзиб бориладиган рақамлардир. Балларни қўллаш ва ҳисоб­лаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг те­гишли қарори билан белгиланган. Жарима баллари ҳайдовчилар қоидабузарликларни биринчи марта содир этган кундан бошлаб кейинги йил шу кунга қадар амал қилади ва “E-jarimaball” тизими орқали инсон омилисиз автоматлаштирилган тартибда қайд этиб бо­рилади. Ҳайдовчилар ўз балларини шу тизим орқали ёки расмий мобил илова ёрдамида мустақил кузатиб бориши мумкин. Маълу­мотда тўпланган жарима баллари билан бир­га қабул қилинган қарор рақами ва санаси кабилар ҳам кўринади.

Баллар қоидабузарлик даражасига қараб 0,2 баллдан 2 баллгача тартибида ҳисобла­нади. Масалан, тезликни ошириш 0,5 балл­дан 2 баллгача (ошиш даражасига қараб), қизил чироқда ўтиш 1 балл, йўл-транспорт ҳодисаси жойини тарк этиш 2 балл ёзили­шига сабаб бўлади ва ҳоказо. Ана шу ра­қамлар тўпланиб бир йил ичида 12 баллга етганида эса ҳайдовчига “Маъмурий жа­вобгарлик тўғрисида”ги кодекс моддалари асосида тегишли тартибда жазо чорала­ри қўлланилиб, 6 ойдан 3 йил муддатга­ча ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилади.

Одамларни ташвишга солаётган масала ҳам шунда. Бир йил учун 12 балл жуда оз­дек, кутилмаганда содир этиладиган истал­ган йўл ҳаракати қоидаси ҳам бу балларни тўплаб олишга сабаб бўлиши мумкинлиги­дан кўпчилик хавотирда. Ҳатто ижтимоий тармоқлар орқали “энди кузатув камера­лари пиёдага йўл бермаслик, хавфсизлик камарини тақмаслик, телефондан фойдала­ниш каби қоидабузарликлар учун ҳам жа­рима бали ёзади” мазмунидаги маълумот­лар тарқалиб, тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда.

— Жарима баллари бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим маълу­мотлар нотўғри бўлиб, ҳақиқатга тўғри кел­майди, — дейди Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ ахборот хизмати бошлиғи Зойир Йўлдошев. — Ҳу­куматнинг тегишли қарори билан “Маъму­рий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 12 та моддасига кўра қўпол турдаги қои­дабузарликлар учун жарима баллари бел­гиланган. Айтайлик, светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиш, рухсат этилмаган жойда тўхтаб туриш, тезликни белгиланган меъёрдан ошириш кабилар бевосита инсон омили билан боғлиқ ва афсуски, бундай қоидабузарликларни мунтазам содир этиб келаётганлар бор. Аммо ижтимоий тар­моқларда келтирилаётганидек, пиёдага йўл бермаслик, хавфсизлик камарини тақмас­лик, телефондан фойдаланиш каби қоида­бузарликлар учун жарима баллари мавжуд эмас. Бироқ бу ушбу турдаги қоидабузар­ликлар енгил экани ва уларни исталганча амалга ошириш мумкинлигини англатмай­ди.

Автомобиль ичида мулк эгаси эмас, бошқа одам бўлса-чи?

Камералар белгиланган қоидабузарлик­лар учун жарима балларини ёзиши тушунар­ли. Аммо қоидабузарлик қайд этилган авто­мобиль ичида мулк эгаси эмас, балки бошқа одам бўлса-чи? Табиийки, камера ҳайдовчи шахсини аниқлаб, унинг ўзига жарима ба­лини ҳисоблай олмайди. Ҳар ҳолда ҳозирча бундай тизим йўлга қўйилмаган. Шундай экан, бошқа биров содир этган қоидабузар­лик учун автомобиль эгаси номига жарима бали қайд этилиши қанчалик ўринли?

Кейинги кунларда янги тизим билан боғлиқ берилаётган энг кўп саволлардан бири ҳам шу бўлмоқда. Яъни машина эгаси бошқа, рулда эса бошқа одам бўлган ҳолатда жарима бали ҳақиқий ҳуқуқбузар­га ёзилиши қай тартибда амалга ошири­лиши, умуман, бу вазият тизимда назарда тутилганми ёки йўқ кўпчиликни қизиқ­тирмоқда. Мутасаддилар бундай ҳолатда масъулиятни автомобилни бошқарган фу­қарога топшириш тартиби ишлаб чиқилга­ни ва талабгорлар тегишли қоида асосида уни амалга ошириши мумкинлиги бўйича ижтимоий тармоқлар орқали тушунтириш­лар бермоқда.

Келтирилишича, янги тартибга асосан, жарима балларини тақсимлаш механиз­ми ҳам жорий этилмоқда. Унга кўра, агар транспорт воситасини унинг мулкдори эмас, бошқа шахс ишончнома, суғурта по­лиси ёки йўл варақаси асосида бошқарган бўлса, жарима баллари айнан қоидабузар­ликни содир этган ҳайдовчига юкланиши мумкин.

— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан жарима балларини транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчига нисба­тан қўллаш учун автомашина эгаси томо­нидан электрон ариза топшириш тартиби белгиланган, — дейди Зойир Йўлдошев. — Қоидабузарлик учун жавобгарликни бошқа шахсга ўтказиш хизмати ягона инте­рактив давлат хизматлари портали (my.gov. uz) ёки Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг мо­бил иловаси орқали ариза юбориш тарзида амалга оширилади. Келинг, буни my.gov.uz мисолида тушунтираман. Дастлаб транс­порт воситаси эгаси, яъни мулкдори томо­нидан шахсий кабинети орқали ариза кири­тилиб, бошқариш ҳуқуқини олган шахс ўз мажбуриятларини электрон рақамли имзо ёки “Face ID” орқали тасдиқлаши керак. Ушбу хизмат учун БҲМнинг 10 фоизи, ариза my.gov.uz орқали топширилганда эса 9 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Шундан сўнг киритилган ариза ЙҲХХнинг маъмурий амалиёт модулига келиб тушади ва белгиланган муддатларда кўриб чиқи­либ, тасдиқлангани ёки рад этилгани тўғ­рисидаги хабар фуқарога электрон тизим ва СМС хабарнома орқали юборилади. Жа­вобгарликни қабул қилиб олувчи ҳам буни тасдиқлаши керак. Шундан сўнг қурилма­лар томонидан аниқланган тегишли қоидабузарликларнинг жарима баллари бошқа­рувни қабул қилган ҳайдовчига нисбатан қўлланила бошлайди.

Мазкур хизматдан фойдаланишда иж­тимоий реестрдагилар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун тўловларда 50 фоиз чегирма мавжуд. Давлат органлари ва йўловчи ташувчилар учун эса ўз ходим­ларига жавобгарликни расмийлаштириш текин.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун қайтадан имтиҳон топширилади

Қоидабузарликлар учун жавобгарликни ким зиммасига олишини автомобиль эгаси­нинг ўзи ҳал қилади. Аммо жавобгар ким бў­лишидан қатъи назар, қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланишда давом этади. Агар бир йил ичида баллар сони 8 тадан ошса, ҳайдовчига СМС орқали огоҳлантирув юбо­рилади. 12 балл тўпланганда маълумот маъмурий чора кўриш масаласини кўриб чиқиш учун судга юборилади. Ҳайдовчи судда баённомага қарши шикоят билдириши мумкин, асосли бўлса, қарор ва баллар бекор қилинади. Аксинча ҳолатда эса ҳайдовчи 6 ойдан 3 йил муддатгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳ­рум қилинади.

Одамларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳ­рум этилган фуқаро қай тартибда яна гувоҳ­номани қайтариб олиши, унинг шартлари қандай бўлиши ҳақидаги саволлар ҳам қизиқ­тирмоқда. Мутасаддиларнинг айтишича, фу­қаро гувоҳномани қайтариб олиш учун қай­тадан имтиҳон топширишига тўғри келади.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил­даги тегишли қарорида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш учун маҳрум қилиш муддатидан қатъи назар, маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач, мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши, назарий ҳамда ама­лий имтиҳонларни қайта топшириши шарт экани кўрсатилган, — дейди Зойир Йўлдо­шев. — Демак, фуқаронинг ҳайдовчилик ҳу­қуқи назарий ва амалий имтиҳонлардан ўтиш асносида қайтариб олинади. Яна бир томони, амалдаги тартибга кўра, ҳайдовчилик ҳуқу­қидан маҳрум этилган шахс ушбу ҳуқуқни қайтариб олиш учун назарий имтиҳонларда 20 тадан 18 та эмас, балки 50 та саволдан 46 тасига тўғри жавоб бериши талаб этила­ди. Шу боис, ҳайдовчилар, аввало, ўзи ва бошқалар хавфсизлиги, қолаверса, ҳайдов­чилик ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолмаслиги учун ҳам йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Яъни энди ҳайдовчилар баллар тизимига мослашибгина қолмай, йўлларда ҳаракатланаётганда интизом ва ҳушёрликни ошириши керак. Чунки тизим амалиётга жорий этилди ва камералар жарима балларини қайд этишни бошлади. Эҳтиётсизлик сабаб 12 балл тўпланиб қолса, жарима пули билан қутулиб бўл­майди, камида олти ой ҳайдовчилик гувоҳно­масидан маҳрум бўлишга тўғри келади.

Тартибли ҳайдовчилар учун эса имтиёз ва рағбатлар мавжуд. Масалан, агар ҳайдовчи бир йил ичида умуман қоидабузарлик содир этмаса ва балл йиғмаса, рағбатлантириш тариқасида навбатдаги йилда ёзилган биринчи жарима бали ҳисобланмайди. Борди-ю, йил давомида биринчи баллни йиғиб, ундан кейин такроран умуман қоидабузарлик содир этмаган тақдирда ҳам навбатдаги йилда олган би­ринчи бали чегириб ташланади. Шунингдек, ҳайдовчи охирги ҳуқуқбузарлиги учун жари­ма ҳисобланган вақтдан бошлаб 6 ой давомида умуман қоидабузарлик содир этмаса, умумий тўплаган балларидан 2 балл чегирилади.

Бир йил ичида жарима баллари 12 балл­га етмаса, ҳайдовчига қонуний жазо чораси қўлланилмайди ва бунгача тўпланган балла­ри келаси йил даври учун ҳисобланишига йўл қўйилмайди. Навбатдаги йилдан жарима бал­ларини ҳисоблаш янгидан бошланади. Булар ҳам ҳайдовчига қўшимча енгилликлар бери­либ, баллар тизими жазо чораси эмас, балки йўллардаги хавфсизликни таъминлашга қара­тилганини кўрсатади.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири