Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти олимлари Жиззах магистрал электр тармоқлари филиалининг 110/10 кВли «Чилонзор» подстанциясида тадқиқот ўтказиб, электр тармоғидаги йўқотишлар, трансформаторнинг юкланиш режими, реактив қувват баланси ҳамда изоляция ресурсининг эскириш кўрсаткичларини таҳлил қилди.
Тадқиқот «Энергияни тежаш, ундан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ЎРҚ-940-сон қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган.
Ўрганишлар натижасида электр тармоғидаги техник йўқотишларни камайтириш ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Жумладан, реактив қувватни компенсацияловчи қурилмаларни ўрнатиш орқали қувват коэффициентини меъёрий кўрсаткичга яқинлаштириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, SCADA тизими асосида масофадан бошқариш ва электр тармоғини реал вақт режимида назорат қилиш имкониятларини жорий этиш тавсия қилинган.
Бундан ташқари, юклама графигини оптималлаштириш учун истеъмол профилини рақамли моделлаштириш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилган.
Қайд этилишича, мазкур илмий ечимларни амалиётга жорий этиш техник йўқотишларни камайтириш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш ва энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.