Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Фарғона туман электр тармоқлари корхонаси муҳандиси, муқаддам судланган Д.А. фуқаро Ф.М.нинг ишлаб чиқариш цехини электр тармоғига улаш, электр ҳисоблагич ўрнатиш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига 100 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Андижон вилоятининг Асака туманида ўтказилган терговга қадар текширувда эса Асака туман электр тармоқлари корхонаси ходими, муқаддам судланган С.Х. “М.М.” МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, унинг сутни қайта ишлаш цехини электр тармоғига улаб бериш ва ҳужжатларини расмийлаштиришни ваъда қилиб, 11,7 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан ўзлаштиргани аниқланди. Текширув жараёнида ушбу маблағнинг 2 миллион сўми қайтарилди.

Наманган вилоятидаги тезкор тадбирда Наманган туман электр тармоқлари корхонаси муҳандиси Б.У. фуқаронинг хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани учун ҳисобланган 62,4 миллион сўмлик зарарни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали камайтириб беришни ваъда қилиб, 400 АҚШ долларини олган вақтида ушланди.

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса «Энергосавдо» Қўрғонтепа бўлими муҳандиси И.Қ. ва бошқалар фуқаронинг хонадонида аниқланган қоидабузарлик бўйича далолатнома расмийлаштирмаслик ва жарима қўлламаслик эвазига 3 миллион сўм талаб қилгани маълум бўлди. Улар муқаддам 1,6 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган бўлиб, қолган 1,4 миллион сўмни қабул қилиб олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.