Янги ёндашувга кўра, давлат назоратининг асосий эътибори тадбиркорлик субъектини текширишга эмас, балки бозорга чиқарилган маҳсулотнинг хавфсизлиги ва белгиланган техник талабларга мувофиқлигига қаратилади.
Бу ҳақда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Шу билан бирга, мутахассислар аҳоли орасида кенг тарқалган бир тушунмовчиликка ҳам ойдинлик киритди. Яъни эндиликда ҳар бир маҳсулот мажбурий сертификатланади, деган талаб йўқ. Амалда ҳам барча маҳсулотлар учун сертификат талаб қилинмайди. Қайси маҳсулотлар мажбурий сертификатланиши ёки бошқа шаклда мувофиқлиги баҳоланиши қонунчилик, техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланади.
Асосий мақсад эса сертификатнинг ўзи эмас, балки истеъмолчига хавфсиз маҳсулот етказилишини таъминлашдан иборат.
— Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан Европа Иттифоқи ва бошқа ривожланган давлатларда ўз самарасини берган бозор назорати механизмларини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича икки янги қонун ишлаб чиқилди. Улар — “Бозор назорати тўғрисида”ги ҳамда “Умумий маҳсулотлар хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунлардир. Қонунлар қабул қилингач, давлат назоратининг асосий эътибори тадбиркорни эмас, маҳсулотнинг хавфсизлигини назорат қилишга қаратилади. Шунингдек, маҳсулотларни декларациялаш тизими жорий қилиниб, ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчиларнинг масъулияти оширилади. Хавфли маҳсулотларни бозордан чақириб олиш, қайта ишлаш ёки утилизация қилиш мажбурияти ҳам иқтисодий операторлар зиммасига юклатилади, — деди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош мутахассиси Алишер Додоев.
Маҳсулот хавфсизлиги биринчи ўринга чиқади
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, маҳсулотнинг сертификатлангани ёки сертификатланмаганидан кўра, унинг инсон саломатлиги, мол-мулки ва атроф-муҳит учун хавфсизлиги муҳим ҳисобланади.
Агар истеъмолчи харид қилган маҳсулот сифати ёки хавфсизлиги бўйича муаммога дуч келса, у бу ҳақда тегишли органларга мурожаат қилиши мумкин. Бунинг учун 1180 қисқа рақами орқали мурожаатлар қабул қилинади. Шунингдек, ёзма ёки электрон шаклда ҳам мурожаат юбориш имконияти мавжуд.
Келиб тушган мурожаатлар тезкор тарзда ўрганилиб, ҳудудлардаги инспекторлар томонидан жойига чиққан ҳолда текширувлар ташкил этилади. Агар маҳсулот инсон саломатлигига, атроф-муҳитга ёки истеъмолчилар манфаатига хавф туғдириши аниқланса, қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.
Сертификатлаштиришдан декларация тизимига ўтиш
Матбуот анжуманида қайд этилган энг муҳим янгиликлардан бири — маҳсулотларни баҳолашнинг янги механизмини жорий этишдир.
Ҳозирги амалиётда кўплаб маҳсулотлар учинчи томон ҳисобланган сертификатлаштириш органлари томонидан текширилиб, мувофиқлик сертификати берилади. Бундай ҳолатда маълум даражада масъулият ҳам сертификатлаштириш органлари зиммасига тушади.
Янги тизимда эса декларация механизми кенг жорий этилади. Бунда ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи тадбиркор маҳсулотнинг амалдаги техник регламентлар ва стандартлар талабларига мувофиқлиги ҳамда хавфсизлиги учун шахсан жавобгар бўлади.
Декларация миллий бозор назорати ахборот тизими орқали расмийлаштирилади. Кейинчалик маҳсулотда хавф ёки номувофиқлик аниқланса, уни бозордан чақириб олиш, қайта ишлаш ёки зарур ҳолларда утилизация қилиш мажбурияти ҳам айнан иқтисодий оператор зиммасига юклатилади.
Агар тадбиркор ушбу талабларни бажармаса, унга нисбатан иқтисодий ва бошқа қонунчилик чоралари қўлланилади.
Икки янги қонун қабул қилиниши кутилмоқда
Матбуот анжуманида маълум қилинишича, Президент ташаббуси асосида Европа Иттифоқи ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибасига асосланган бозор назорати тизимини Ўзбекистонда жорий этиш мақсадида икки янги қонун ишлаб чиқилган.
Булар:
· “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун;
· “Умумий маҳсулотлар хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун.
Айни пайтда мазкур қонунлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланган ва Олий мажлис Сенатига кўриб чиқишга киритилган.
Ушбу қонунлар қабул қилингач, давлат назоратининг эски модели ўрнига бозор назорати механизми жорий этилади. Бунда маҳсулотларнинг хавф таҳлили асосида назорат қилиниши, хавфли маҳсулотларни бозордан чақириб олиш, қайта ишлаш ёки утилизация қилишнинг аниқ тартиблари белгиланади.
Шунингдек, импортёрлар, дистрибьюторлар ва ишлаб чиқарувчилар уларнинг ваколатли вакилларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлиги ҳам қонун билан мустаҳкамланади.
Электрон савдо ҳам назоратга олинади
Янги тизимда маҳсулотларни сотишнинг анъанавий усуллари билан бир қаторда электрон савдо платформалари ҳам бозор назорати доирасига киритилади.
Агар интернет орқали сотилаётган маҳсулот хавфли деб топилса ёки белгиланган талабларга жавоб бермаса, унга нисбатан ҳам худди анъанавий савдодаги каби чоралар қўлланади.
Шунингдек, истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш, маҳсулотни алмаштириш ёки қайтариб олиш механизмлари ҳам қонунчиликда мустаҳкамланмоқда.
Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мос тизим
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муносабати билан мамлакатда техник жиҳатдан тартибга солиш тизими халқаро талабларга мослаштирилмоқда.
Шу муносабат билан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари соҳалари алоҳида йўналишларга ажратилмоқда.
Санитария, фитосанитария ва ветеринария билан боғлиқ масалалар Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси ваколатига ўтказилган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари янги бозор назорати механизмлари асосида назорат қилинади.
Матбуот анжуманида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси ўринбосари Суҳбатжон Ниёзов ҳам назорат тадбирлари қандай тартибда амалга оширилиши ҳақида маълумот берди.
— Назорат тадбирлари асосан хавф таҳлили, келиб тушган мурожаатлар ва мавжуд маълумотлар асосида ташкил этилади. Айниқса, қурилиш материаллари ва хавфи юқори бўлган маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўрганишлар давомида қурилиш соҳасида текширилган 227 турдаги маҳсулотнинг 85 фоизи техник регламентлар ва халқаро стандартлар талабларига жавоб бермагани аниқланди. Бундай ҳолларда маҳсулотлар савдодан чақириб олинади, қурилиш объектларидан олиб ташланади, қайта ишлаш имкони бўлмаганлари белгиланган тартибда утилизация қилинади, — деди Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси ўринбосари Суҳбатжон Ниёзов.
Назорат инспекцияси: хавф таҳлили асосида текширувлар амалга оширилади
Матбуот анжуманида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси раҳбарияти ҳам соҳадаги амалий ишлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, назорат тадбирлари асосан хавф таҳлили, келиб тушган мурожаатлар ва аниқланган номувофиқлар асосида амалга оширилади.
Айниқса, қурилиш материаллари, металл буюмлар, темир-бетон конструкциялари ва бошқа хавфи юқори бўлган маҳсулотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Беш ойда юзлаб қонунбузилишлар аниқланди
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–май ойларида давлат назорати сезиларли даражада кучайтирилди.
Ҳисобот даврида 222 та корхонада давлат назорати ўтказилди. Жами 252 турдаги маҳсулот ўрганилди ва уларнинг 214 таси, яъни қарийб 85 фоизи техник регламентлар ҳамда давлат стандартлари талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Номутаносиб деб топилган маҳсулотлар қиймати 4,3 миллиард сўмдан ошди.
Метрология соҳасида ҳам жиддий камчиликлар кузатилди. Текширилган 8 258 та ўлчаш воситасининг 6 635 таси белгиланган тартибда қиёсланмагани маълум бўлди.
Шунингдек:
· 48 та ҳолатда умумий қиймати 12,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар сертификатлаштириш талаблари бузилган ҳолда сотилган;
· 20 турдаги маҳсулот техник регламент ва давлат стандартлари талабларига жавоб бермаган;
· асосий қонунбузилишлар қурилиш материаллари, кимё саноати, электротехника, енгил саноат, металлургия, машинасозлик ҳамда иситиш қозонлари ишлаб чиқариш соҳаларида қайд этилган.
Назорат натижалари бўйича 223 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилган. 61 та корхонага нисбатан қарийб 8 миллиард сўмлик молиявий жарималар қўллаш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Маъмурий ишлар бўйича 206 нафар масъул шахсга 172,5 миллион сўм жарима тайинланган. Шу кунга қадар 174 нафар шахсдан 84,6 миллион сўм ундирилган, қолган ишлар судларда кўриб чиқилмоқда.
Молиявий жарималар бўйича эса 47 та корхонага 6,6 миллиард сўмлик ихтиёрий тўлов талабномалари юборилган. Ҳозиргача 31 та тадбиркорлик субъекти 394,8 миллион сўм тўлаган. Шунингдек, 15 та корхонага нисбатан 1,4 миллиард сўмлик даъво аризалари судларга киритилган.
Назорат харидлари давомида 163 та маҳсулот намунаси лабораторияларда синовдан ўтказилди. Дастлабки натижаларга кўра, 61 та маҳсулот сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, 73 таси белгиланган талабларга мувофиқ деб топилган. Яна 29 та маҳсулот бўйича лаборатория синовлари давом этмоқда.
Сертификатлаштириш тизими ҳам таҳлил қилинди. 51 та сертификатлаштириш идораси томониджан расмийлаштирган 500 та мувофиқлик сертификати ўрганилди. Уларнинг 485 тасида турли камчиликлар аниқланиб, 39 та идорага 94 та тақдимнома, 29 та идорага эса 53 та кўрсатма хати юборилди.
Янги ислоҳотлар маҳсулотларни сертификатлаштиришдан воз кечишни англатмайди. Асосий ўзгариш шундаки, ҳар бир маҳсулот учун мажбурий сертификат талаб қилинмайди ва назорат марказида энди ҳужжат эмас, маҳсулотнинг хавфсизлиги туради.
Янги бозор назорати тизимида ишлаб чиқарувчи, импортёр, дистрибьютор ва бошқа иқтисодий операторларнинг масъулияти кучайтирилади. Хавфли маҳсулотларни бозордан чақириб олиш, қайта ишлаш, утилизация қилиш ҳамда истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплаш бўйича аниқ механизмлар жорий этилади.
Бу ислоҳотлар мамлакатда маҳсулот сифати ва хавфсизлигини ошириш, ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш, Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мос бозор тизимини яратиш ҳамда энг муҳими, истеъмолчилар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Зулхумор Акбарова