Адлия вазирлиги мазкур ҳолатга тушунтириш берди. Аслида эса янги тартиб қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш асосидаги савдони тақиқламайди, дейилади "Ҳуқуқий ахборот" каналида. 

Президентнинг 2026 йил 14 августдаги ПҚ–294-сон қарори билан 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти тартибга солинади.

Оператор ким? Муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар муддатли тўлов операторлари ҳисобланади.

Қарорнинг 3-банди “д” кичик бандига кўра, кўчмас мулк оператор кўрсатадиган муддатли тўлов хизматининг объекти бўла олмайди. Яъни воситачи-оператор сизга уйни “рассрочка”га олиб бера олмайди.

Аммо бу қурувчи ўзи қурган уйни харидорга бевосита бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сота олмайди, дегани эмас.

Чунки қарорнинг 3-банди “а” кичик бандида сотувчи томонидан истеъмолчига тўғридан-тўғри сотиш ҳолатлари муддатли тўлов хизмати тушунчасидан мустасно қилинган.

Демак, сиз аввалгидек қурувчининг ўзидан уй-жойни “рассрочка”га олишингиз мумкин. Қарор қурувчи ва харидор ўртасидаги бевосита савдони тақиқламайди.

Эндиликда операторлар махсус реестрга киритилади, Марказий банк назоратида ишлайди, уларнинг шартномалари, устама ва комиссияларига аниқ талаблар белгиланади.