Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, айни пайтда Европада 150 миллиондан ортиқ аҳоли кучли иссиқ тўлқини таъсирида яшамоқда. Юқори ҳарорат сабаб юзлаб инсонлар ҳаётдан кўз юмган, айрим мамлакатларда мактаблар вақтинча ёпилган, электр тармоқлари эса ортиқча юклама остида ишламоқда.

ЖССТ раҳбарининг таъкидлашича, иқлим ўзгариши ва глобал исиш туфайли илгари бир авлод давомида бир марта кузатилган кучли жазирама энди деярли ҳар йили такрорланмоқда.

Маълумотларга кўра, 21 июндан буён Европада юқори ҳарорат билан боғлиқ ҳолда 1300 дан ортиқ ортиқча ўлим ҳолати қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иссиқлик стрессини «сокин қотил» деб атаб, Европа давлатларидаги уй-жойлар, иш жойлари ва таълим муассасалари бундай юқори ҳароратларга мослаштирилмаганини таъкидлади.

Ташкилот аъзо давлатлар ва ҳамкорлар билан ҳамкорликда экстремал иссиқликнинг соғлиқ учун хавфини камайтириш, соғлиқни сақлаш тизимларининг тайёргарлигини кучайтириш ва профилактика чораларини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда.

Шунингдек, Европа мамлакатларига иқлим ўзгариши оқибатларидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида махсус «иссиқлик бўйича соғлиқни сақлаш ҳаракат режалари»ни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тавсия этилмоқда.