Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида олиб борилган тадбирда Фарғона вилоятининг Данғара туманидаги далалардан бирида яширилган 7 килограммга яқин «гашиш» гиёҳвандлик воситаси олинган вақтида икки нафар шахс қўлга олинди. Аниқланишича, улар муқаддам судланган бўлиб, 1995 ва 1982 йилларда туғилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушланганлардан бири 2024 йилдан буён қўшни давлатлар орқали ҳаракат қилувчи трансмиллий жиноий гуруҳ билан алоқада бўлиб, катта миқдорда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиб келган.
Тошкент шаҳрида эса интернет тармоқлари орқали фаолият юритган наркосавдо гуруҳи аъзолари фош этилди. Хусусан, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида 1,6 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг тарқалиши олди олинди.
Миробод туманида ўтказилган тадбирда талаба йигит «закладка» усулида жойлаштириш мақсадида 7 дона изолентага ўралган «марихуана»ни қўяётган вақтида ушлангани қайд этилди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.