Маълум қилинишича, 28 ёшли Санжар Эсоналиев «Инфинбанк» Қўқон филиалига автомашинани муддатли тўлов асосида харид қилиш учун мурожаат қилган. Ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнидан сўнг у банк ходими билан бирга бинодан чиқиб кетган.

Тергов маълумотларига кўра, соат 13:00 атрофида улар ўртасида жанжал келиб чиққан. Гумонланувчи фуқаро А.Т. Ўзбекистон тумани «Тараққиёт» маҳалласи ҳудудида жабрланувчининг бўйнига пичоқ билан зарба берган.

Шундан сўнг у жасадни автомашинада олиб юриб, иш вақти тугагач, Катта Фарғона каналига ташлаб юборган. Шунингдек, марҳум ёнида бўлган 5 700 АҚШ доллари ҳам йўқолгани айтилмоқда.

Марҳумнинг яқинлари унинг йўқолиб қолганидан хавотирланиб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Кузатув камералари орқали воқеа излари аниқланган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари ва маҳаллий аҳоли иштирокида олиб борилган қидирув ишлари натижасида жасад 4 апрель куни топилган.

Ҳозирда гумонланувчи қўлга олинган. Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.