Кўнёга борганимизда эса Мавлоно Жалолиддин Румий мақбарасини зиёрат қилганимиздан сўнг Румий музейига бордик. Тўғриси, Мавлоно Румий даврига тушиб қолгандим. Яна ўша савол: “Наҳотки, ўзимизда шу каби музей қуриш мумкин эмас?”.
2023 йилда Саудия Арабистонидаги Hira Cultural District (Ҳира маданий маскани)га сайёҳат қилдик. Маскан тарих, маданият ва тафаккурни ўзида акс эттирган. Маданий масканда Қуръон музейи, шунингдек, маданий кўргазмалар, шинам қаҳвахоналар бор бўлиб, ҳаммаси уйғунлашган ҳолда барпо этилган. Яна ўша гап: “Бу каби маскан Ўзбекистонда ҳам қурилса, биз ҳам тарихимизни, маданиятимизни янада қадрлаган бўлардик” деган ўйга бордик.
Куни кеча Миллий телерадиокомпаниясининг бир гуруҳ ходимлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлди. Масканга ташриф буюрувчиларнинг кўплиги кишини хурсанд қилади. Айниқса, хорижликлар, жумладан, қўшни мамлакатлардан келган сайёҳлар кўплигини кўриб, қалбимизда ғурур уйғонди. Аслида, ҳар бир ўзбекистонлик келиб кўриши шарт бўлган маскан бўлибди. Мақоламиз бошида таъкидланган хориждаги тарихий ошиёнлардан асло кам бўлмаган, ҳатто улардан устун бу марказ халқимизнинг фахрига айлангани ҳаммамизга муборак бўлсин.
Марказнинг асосий мақсадларидан бири халқимизнинг уч минг йиллик тарихи, бунёдкорлик салоҳияти, жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси, буюк аждодларимизнинг маданий-маърифий меросини ўрганиш ва оммалаштириш, ёш авлодни буюк аждодлар мероси билан яқиндан таништириш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат.
Хорижлик мутахассислар эътироф этганидек, Ҳазрати Имом мажмуаси ҳудудидаги 10 гектар майдонда барпо этилган марказ маҳобати, майдони ва қамровига кўра дунёда ислом тарихи, маданияти ва цивилизацияларини ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган энг катта комплексдир. Бунга шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлдим. Узунлиги 161 метрни, эни эса 118 метрни ташкил этиб, уч қаватдан иборат. Марказидаги гумбаз баландлиги 65 метрни ташкил этади. Бино 1,8 гектар майдонда барпо этилиб, фойдаланиш ҳудуди 42 минг квадрат метрни ташкил этади. Шунинг ўзиёқ марказни Гиннеснинг рекордлар китобига киритиш учун асос бўлади.
Мажмуани гуруҳ таркибида, гид ҳамроҳлигида айланиб чиқиш учун икки соат белгиланган. Агар ёлғиз ўзингиз ёки оила аъзоларингиз билан бормоқчи бўлсангиз, вақт чекланмаган. Аслида, бу каби маънавият масканларига ёлғиз бориб руҳий озиқ олишни тавсия қилган бўлардим. Марказни айланар эканман, 2009 йил 4 июнь куни АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти Барак Обаманинг Қоҳира университетида сўзлаган нутқи ёдимга тушди. Ўшанда АҚШ етакчиси “Тарихга қизиққан инсон сифатида мен дунё цивилизацияси ислом олдида қанчалик қарздор эканини ҳам биламан. Айнан ислом Ал-Азҳар каби жойларда асрлар давомида илм нурини таратиб келди ва Европадаги тикланиш ва маърифатга йўл очди. Мусулмон жамиятларининг илғорлик руҳи туфайли алгебра тартиб-қоидалари, магнитли компас ва навигация ускуналари, ёзув маҳорати ва нашриётга эга бўлдик, касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари ҳақида тушунча ҳосил қилдик. Ислом тамаддуни бизга улуғвор аркалар ва баланд миноралар, вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият ва жозибали мусиқа, ҳусни хаттотлик ва ҳузур-ҳаловат ила тафаккур қилиш имконларини берди”.
Нутққа эътибор беринг! Ахир АҚШнинг ўша вақтдаги Президенти “алгебра тартиб- қоидалари” деганда Хоразмийни, “магнитли компас” деганда Абу Райҳон Берунийни, “навигация ускуналари” деганда Фарғонийни, “касалликлар тарқалиши ва уларни даволаш йўллари” деганда Ар-Розий ва Ибн Сино каби улуғ юртдошларимизни назарда тутмаганмикан? “Улуғвор аркалар ва баланд миноралар” (Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз), “вақт ҳукмига бўйсунмайдиган шеърият” (Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур) ва “жозибали мусиқа” (Форобий) дейиш билан Барак Обама юртимизни назарда тутган, дея тўла ишонч билан айта оламиз.
Халқимизнинг ғурурига айланган марказ қурилиши Президентимизнинг доимий эътиборида бўлди. Унинг биноси миллий меъморлик анъаналарида лойиҳалаштирилган. Иншоотга тўрт томондан тўрт асосий портал орқали кириш мумкин. Порталлар ва бинонинг ташқи (фасад) қисмидаги равоқлар Қуръоннинг илм, маърифат, бағрикенглик, ота-онага ҳурмат мазмунидаги оятлари ва ҳадислар билан безатилган. Марказ биносининг асосий дарвозаси — Улуғбек портали музейга кириш эшиги ҳисобланади. Ушбу портал Самарқанднинг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасаси портали безакларига уйғун ҳолда лойиҳалаштирилган. Бу портал ҳам бевосита Президентимиз тавсияси асосида яратилди.
Марказни айланар эканман, Самарқандга оид турли даврлар акс этган экспонатларни кўриб, беихтиёр АҚШ дипломатларидан бири Жон Керрининг гапларини эсладим. 2015 йил 3 ноябрь куни АҚШнинг ўша вақтдаги давлат котиби Жон Керри Қозоғистон пойтахти Остонада талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда БМТ аслида Самарқандда ташкил этилгани борасида баёнот билан чиққан эди.
“Мен тоғлар ва даштлар оша одамлар учрашган, турли минтақаларнинг маҳсулотлари ва ғоялари тўқнашган жойни ўз кўзларим билан кўрдим. Мен мана бу ғоят ажойиб ҳикояни яна бир бор такрорлашни истардим. XV аср бошида Кастилия қироли Генрих III ўз элчиси де Клавихони Амир Темурнинг олдига юборган. Де Клавихонинг узоқ саёҳати Константинополь, Трапезунд орқали, шундан сўнг Шимолий Эрондан ўтиб, Ўрта Осиёга, Самарқандга қадар давом этган. Шу ерда у Амир Темур томонидан қабул қилинган”, деган эди Керри.
Яна у айтадики, “Де Клавихо ўз кундаликларида Ғарб учун янги, шу вақтгача номаълум бўлган турмуш тарзининг қизиқарли манзарасини тасвирлаган. У маданиятлар, санъат, савдо ва ғоялар чорраҳасига таъриф берган. Самарқандда сиз қимматбаҳо ипак, саноат маҳсулотлари ва тилла, мовий шиша ва чиннини топишингиз мумкин эди. Бу шаҳарда бир вақтнинг ўзида турклар, араблар, мусулмонлар, яҳудийлар, юнонлар, арманлар, насронийлар, католиклар ва несторианлар ўзаро мулоқот қилган. Биз БМТ бундан 70 йил аввал Нью-Йоркда ташкил этилган деб ҳисоблаймиз. Йўқ. Аслида, бу ҳодиса бундан юз йиллар аввал Самарқандда юз берган”.
Мажмуа залидаги “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозициясида “Вақт девори”га кўзимиз тушади. 250 метрни ташкил қиладиган бу деворда халқимизнинг камида 3000 йиллик давлатчилиги тарихи барельеф, миниатюра ва маҳобатли рангтасвир асарлари кўринишида акс эттирилади. Шунингдек, ушбу девор бўйлаб турли даврларга оид экспонатлар, нумизматика намуналари, хариталар, видеороликлар, интерактив ўйинлар жойлаштирилган. “Вақт девори”да қадимги маданият илдизлари, Бақтрия, Хоразм, Сўғд, Чоч ва Фарғона, қадимги савдо йўллари акс этган барельеф суратларни кўришимиз мумкин.
Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилган. Бу ерда мусулмон дунёсининг маънавий дурдонаси, VII асрда қўлда кўчирилган Усмон Мусҳафи жойлаштирилган. Баъзи маълумотларга кўра, бу Қуръон XIV аср охирида Амир Темур томонидан Самарқандга олиб келинган. Ушбу Қуръон Самарқандда беш аср давомида сақланган. 1868 йилда рус ҳарбийлари томонидан Санкт-Петербургга олиб кетилган. 1923 йилда Туркистон мусулмонлари илтимосига кўра, Мусҳаф Тошкентга қайтарилган. 1989 йилдан 2025 йилга қадар у Ўзбекистон мусулмонлари идорасида, Мўйи муборак мадрасасида сақланган. Президентимиз ташаббуси билан ушбу ноёб Мусҳаф 2025 йил 13 ноябрь куни Ислом цивилизацияси марказининг Қуръон залига кўчирилди.
“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс” экспозициясида мамлакатимизда сўнгги тўққиз йилдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий- ҳуқуқий ва маънавий-маърифий жараёнлар, Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, давлатимизнинг ташқи ва ички сиёсати устувор йўналишлари, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли ишлар акс этган. Залга кириш жойида янги Ўзбекистондаги ўзгаришлар ҳақидаги ролик намойиш қилинади. Ўзбекистон давлатчилиги устунлари қисмида Қадимги Хоразм, Сўғд, Бақтрия, Турк хоқонлиги, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида давлатчилигимиз учун асос бўлиб хизмат қилган тамойиллар ва ёзма манбалар ўрин олган.
“Давлат, жамият, инсон” инсталляциясида янги Ўзбекистоннинг уч муҳим жиҳати турли воситалар ёрдамида акс эттирилган. Шунингдек, экспозиция “Иқтисодиёт — янги Ўзбекистон драйвери”, “Ўзбекистоннинг улкан ғалабалари, ёшлар ва спорт”, “Хавфсизлик ва ташқи сиёсат”, “Таълим, рақамлаштириш ва инновация”, “Маданият ва маърифат соҳасидаги ислоҳотлар”, “Янги Ўзбекистонда экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, туризм”, “Янги фуқаролик жамияти ва маҳалла”, “Янги Ўзбекистонда меъморчилик ва ижтимоий бунёдкорлик” каби қисмларга ажратилган.
“Ташқи сиёсат” бўлимида Ўзбекистон Президентининг хорижий сафарлари, турли давлат раҳбарлари билан учрашувлари ҳақида видеоматериаллар ва интерактив маълумотлар жойлаштирилган. Бу ерда Президентимиз ташаббуси билан чоп этилган ва давлат раҳбарларига туҳфа қилинган адабиётлар билан ҳам танишиш мумкин. Бу ҳам, ўз навбатида, китобга, китобхонликни рағбатлантиришга қаратилаётган эътиборни кўрсатади.
Грузияга сафар қилганимизда Сигнаги деган шаҳарчага олиб боришган эди. Шаҳарни кўриб, “Қойил, қандай қилиб тарихийликни сақлаб қолдингиз?” деб сўраганимизда, шаҳар 2007 йилда реновация (лотинча renovatio — “янгиланиш”) қилинганини айтишган эди. Нима учун Сигнагини эсладим?
Гап шундаки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан чиқиб, автобусга ўтириб, уйга кетишга шошилиш керак эмас. Қадимги Тошкент билан танишиш учун Чорсу бозорига пиёда юриб келишни тавсия қилган бўлардим. Жуда ажойиб. Эски шаҳар кўнгилдагидек реновация қилинибди. Асл кўриниши сақлаб қолинган ҳолда эски уйлар реконструкция, реставрация қилиниб, сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланибди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидан “Фахр этарман, она халқим, кўкрагимни тоғ қилиб” чиқдим.
Ўзбегим деб кенг жаҳонга не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим берди имкон, ўзбегим.
Мен буюк юрт ўғлидурман, мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам содиқ ўғлон, ўзбегим.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,
журналист