ФВВ хабар беришича, бугун, 15 август куни соат 03:41 да «112» тизими орқали Тошкент шаҳар ФВББ навбатчилик қисмига Учтепа тумани «Қуйи Дархон» МФЙ ҳудудидаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабар олиниши билан шаҳар ФВББ ва ФВВ Махсус қутқарув батальони қутқарувчилари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни бартараф этишга киришган.
Қутқарувчилар ёнғинни бартараф этиш билан бир қаторда, хонадонда бўлган аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолган.
ФВВ Махсус қутқарув батальони отряд командири ўринбосари — гуруҳ командири, капитан Бобурмирзо Пардаев ҳам инсонлар ҳаётини қутқаришда жасорат кўрсатган. Бироқ ёнғинни бартараф этиш жараёнида капитан Бобурмирзо Пардаев қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
У инсон ҳаёти ва хавфсизлигини ўз жонидан устун қўйиб, сўнгги нафасига қадар хизмат бурчига содиқ қолди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ва шахсий таркиби марҳум қутқарувчи, капитан Пардаев Бобурмирзо Комилжон ўғлининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Жасорат билан ўтган умр — эл хотирасида абадийдир.