Яхши эслайман, ўша пайтлари маҳаллага элтувчи асосий йўллар ўнқир-чўнқир, ёғингарчилик пайти кўчаларда сув тўпланиб катта-катта кўлмаклар ҳосил бўларди. Айниқса, қишда бу ерлардан ўтиш азоб эди.
2015 йили фойдаланишга топширилган намунавий лойиҳа асосидаги 148 хонадон эгалари айни муаммодан азият чекарди. Чунки улар учун янги қурилган ички йўллар бундан-да абгор аҳволда бўлган.
Сир эмас, маҳаллага бирин-кетин кўчиб келган биз каби янги оила аъзолари бу сингари ноқулайликлар туфайли пойтахтдаги ўқиш ва ишга бориб-келишда қийинчиликларга дуч келарди. Бундан ташқари, фарзандини болалар боғчасига бериш истагидаги ота-оналар анча йўл юриш, вақт ва маблағ сарфлашига тўғри келарди. Маҳалламизда аҳоли сони ошиб бориши, Тошкент шаҳрига туташ ҳудудда яшашимизга қарамай, ички кўча ва йўлларимиздан енгил автомобиллар кам ўтарди, автобус қатновини тасаввур эта олмасдик.
Йиллар ўтди. Муаммолар навбати билан бартараф этила бошланди. Дастлаб ички кўчаларимиз бетонлаштирилди. Кейинроқ интернет хизматлари кириб келди.
“Турли соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг натижалари, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар самараси, аввало, маҳаллаларда, у ерда яшаётган одамларнинг кайфиятида намоён бўлади”, деган эди давлатимиз раҳбари. Шу маънода айтиш мумкинки, бугун “Гулбоғ” МФЙда яратилган қулай шароит, имкониятлардан одамлар рози.
Йўл-йўлакай маҳалла идорасига кирар эканман, “еттилик” вакиллари қизғин иш устида эканига гувоҳ бўлдим. “Гулбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Саодат Патхиддинованинг қайд этишича, давлатимиз раҳбарининг шу йил 24 июндаги “Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони “еттилик” фаолиятини янгича ташкил этишда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
— Ёшларимиз жуда фаол, — дейди маҳалладаги ёшлар етакчиси Гавҳар Солиҳова. — Бир юз саксондан зиёд йигит-қизларимиз мамлакатимизнинг етакчи олий таълим муассасалари, ўн нафарга яқини эса хорижда таҳсил олмоқда. Улар билан онлайн мулоқотда бўлиб турамиз, муаммолари ва қизиқишларини ўрганамиз. Бундан ташқари, ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш чорасини кўряпмиз. Янги ташаббус ва лойиҳалар билан мурожаат қилганларга кўмак бериляпти. Чет тилларини ўрганишга мойиллиги юқори бўлган йигит-қизларнинг бепул тил ўрганишига ёрдамлашилмоқда. Шу кунларда кам таъминланган оилалар фарзандлари учун бепул тикувчилик курси очиш ҳаракатидамиз.
Маҳалладан “Тошкент индекс” савдо марказига автобус қатнови мунтазам йўлга қўйилгани аҳоли учун катта қулайлик яратди. Кўпчилик гулбоғликлар қатори мен ҳам ҳар куни ушбу йўналишдан фойдаланиб, Тошкент ер усти метро бекатига етиб оламан. Бугун ҳам эрталабдан ишга бориш учун маҳалламиздаги шоҳбекатга чиқдим. Ўн чоғли одам бор экан. Маҳалладошларим кўзларидан уларнинг бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаётдан шукроналик ҳиссини илғаш қийин эмас.
Беш дақиқа ўтар-ўтмас, бекатга келган автобусга чиқдик. Эътиборлиси, автобус салони салқин, у қўзғалиши билан бир муддат хаёл чулғади. Ўн йилча аввал ушбу бекат ва маҳалламиздаги намунавий уйларнинг ўрни очиқ дала бўлгани, бу ерларда қулупнай етиштирилган пайтлар ёдимга тушди. Кейинги 8-9 йил мобайнида ушбу ҳудуд орқали ҳар куни ишга қатнаганим, Тошкент вилоятининг Зангиота, пойтахтимизнинг Сергели ва Янгиҳаёт туманларида мингдан ошиқ кўп қаватли уй қурилиш жараёнлари, кўплаб янги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, боғ-роғлар, ўнлаб ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда турли ташкилот ва идораларнинг бинолари, юзлаб хизмат кўрсатиш ва инфратузилма объектларининг барпо этилишига гувоҳ бўлганман.
Бундан ташқари, меҳмонхоналар, кўприклар, ички ва умумфойдаланув йўллари қурилиб, бекат ва шоҳбекатлар, йўл ўтказгичлар қад ростлади, янги транспорт йўналишлари очилди.
Тарихан қисқа вақт ичида амалга оширилган мазкур ишлар ҳақида гапириш, хаёл суриш ва ёзиш осон. Юзлаб, минглаб демайлик, бир оилани уйли қилиш, бир оиланинг фаровон турмушини таъминлаш, битта боғча ёки мактаб қуриш ва уларда сифатли таълим-тарбияни ташкил этиш, бир сўз билан айтганда, янги турар жой массивларида аҳоли ва меҳмонлар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш озмунча меҳнат ва маблағ талаб этмайди. Муҳими, бу борадаги ишлар изчил давом этмоқда.
Президентимиз жорий йил 4 июль куни Сергели туманига ташрифи чоғида ҳудуддаги бу каби бунёдкорлик ишлари, амалга оширилаётган янги лойиҳалар билан танишди. Юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ташаббусларни илгари сурди.
Мени бир савол ўйга толдиради: бир неча йил аввал мазкур Тошкент ер усти метроси қурилмаганида нима бўларди? Тасаввур қилайлик, ушбу ер усти метро бекатлари ён-атрофи, жумладан, Сергели ва унга туташ ҳудудлардан пойтахт маркази ва туманларига ўқиш ва ишга жамоат транспортида қатновчи аҳоли қандай ноқулайлик, тирбандликларга дуч келарди? Улар қанча вақт ва маблағ йўқотарди? Бундан ташқари, экологияга қанча зарар етарди?!
Ҳа, бугун бу каби саволларга жавоб бериш, ўтган кунни эслаш, айни масалалар бўйича ўйлаш, бош қотириш, тасаввур қилишни истамаймиз. Айримлар Тошкент ер усти метросига оддий иншоотдек қарайди. Аслида, бу — жуда катта маблағ ва меҳнат талаб қиладиган улкан бунёдкорлик объекти.
Кейинги йилларда бундай йирик объект ва янгиланишларни кўриб кўзимиз ўрганди. Аслида, ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлмайди. Шундай экан, буларга, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикка, фаровон ҳаётга шукрона қилишимиз, унга оз бўлса-да ўз ҳиссамизни қўшишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Холмурод САЛИМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири