Қайд этилишича, амалда бундай маҳсулотларни реализация қилиш ва сотиш учун қабул қилганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлса-да, айрим савдо нуқталарида ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товарларни муомалага чиқариш ҳолатлари сақланиб қолмоқда. Бу эса истеъмолчилар саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.

Қонун ташаббускорларига кўра, мазкур ҳолатлар истеъмол бозорида хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тадбиркорлик субъектларининг масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда.

Лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, яроқлилик муддати ўтган, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шарт бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини мазкур маълумотларсиз реализация қилиш ва сотиш мақсадида қабул қилганлик учун жарималар миқдорини ошириш назарда тутилган.

Қонун лойиҳаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва аҳоли ҳаёти ҳамда саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган.