Бу бўйича Президентнинг “Янги Ўзбекистон ёшлари – 2030” стратегиясини 2026–2027 йилларда амалга ошириш ҳамда ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

2026 йилдан ҳар йили сентябрь ойида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида миллий урф-одатларга таяниб, юксак маданий-эстетик меъёрлар ҳамда хавфсизликни таъминлаган ҳолда “Ёшлик – ҳаётнинг бахтли ва олтин даври” шиори асосида умуммиллий ёшлар фестивалини ўтказиб бориш йўлга қўйилади.

2026 йилдан китобхонлик маданиятини юксалтириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган ёш ижодкорларни рағбатлантириш мақсадида “Илғор ижодкор” Президент мукофоти жорий этилади. Унга кўра:

  • шеърият, драматургия ҳамда болалар адабиёти йўналишлари бўйича энг яхши ёзувчи ва шоирлар мукофотланади;
  • ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар БҲМнинг 200 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

2026 йилдан ҳудудларда таълим муассасаси, спорт объектлари, ёшлар ва маданият маркази, кутубхона, кинотеатр, концерт-томоша зали, кўнгилочар сайлгоҳ ва боғлардан иборат ёшларга мўлжалланган инфратузилма объектлари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича минимал стандартлар жорий этилади.

2026–2027 йилларда ҳар бир ҳудудда 1 тадан туризм, гастрономик, ёшлар сайилгоҳи ва савдо-сервисга ихтисослашган махсус хизмат кўрсатувчи кўчаларда кутубхона, “book cafe”, китоб дўконлари жойлаштирилади.

Китоб сотувини ойига 10 мингдан оширган тадбиркорларга 1 млрд сўмгача Марказий банк асосий ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги фоиз ставкасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга ссуда ажратиш чоралари кўрилади.