Ушбу Низом интеллектуал фаолият бўйича танловларни ташкил этиш, ўтказиш, танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларини тақдирлаш тартибини белгилайди.
Низомга кўра, танлов қуйидаги номинациялар бўйича ташкил этилади:
- “Энг яхши ихтиро”;
- “Энг яхши фойдали модель”;
- “Энг яхши саноат намунаси”;
- “Энг яхши электрон ҳисоблаш машинаси учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси”;
- “Энг яхши селекция ютуғи”.
Танлов 2 босқичда ташкил этилади:
- 1-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида;
- 2-босқич – республика миқёсида.
Ташкилотчи ҳар йили 1 майга қадар танлов шартлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ҳамда ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танловни эълон қилади.
Танловнинг 2-босқичи ғолиб ва совриндорлари БҲМнинг қуйидаги миқдорларида пул мукофотлари билан тақдирланади:
- 1-ўрин эгаларига – 150 баравари;
- 2-ўрин эгаларига – 125 баравари;
- 3-ўрин эгаларига – 100 баравари.