Мазкур мукофот Financial Times Group таркибига кирувчи fDi Intelligence нашри томонидан ҳар йили бизнес ва инвестицияларни жалб этиш бўйича самарали стратегияларни амалга ошираётган иқтисодий зоналарга берилади.
Ушбу эътироф IT Park Uzbekistan’нинг рақобатбардош технологик экотизимни ривожлантириш, халқаро компаниялар ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, мамлакатнинг рақамли кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятига берилган баҳо ҳисобланади.
IT Park Uzbekistan маълумотларига кўра, «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳаси доирасида 1,7 миллион нафар ёш, «Беш миллион сунъий интеллект етакчиси» ташаббуси доирасида эса 1,3 миллион нафар иштирокчи таълим олган.
Халқаро IT сертификатлари харажатларини қоплаш дастури орқали 4 926 нафар ёш мутахассис қўллаб-қувватланган. Халқаро миқёсда тан олинган IT сертификатлари ва таълим харажатларини қоплаш учун 18 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, IT-Talents дастури доирасида битирувчилари IT экспорт қилувчи компанияларга ишга жойлашган таълим ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 3,17 миллиард сўм ажратилган.
ICT4Girls, стартапларни инкубация қилиш дастурлари ва миллий технологик танловлар ҳам ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг технология соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Олий таълим муассасаларида ташкил этилган 20 та сунъий интеллект лабораторияси ҳам рақамли кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда IT Park Uzbekistan экотизими 4 100 дан ортиқ резидент компанияни, жумладан, хорижий иштирокдаги 1 200 дан ортиқ компанияни бирлаштиради. Ушбу компанияларда 56 мингдан ортиқ мутахассис фаолият юритади.
1 100 дан ортиқ экспортчи компания дунёнинг 102 та давлатига хизмат кўрсатмоқда. IT Park Uzbekistan маълумотларига кўра, мамлакатда ахборот-коммуникация технологиялари экспорти 1,1 миллиард АҚШ долларидан ошган.
Рақобатбардош солиқ имтиёзлари, ривожланаётган инфратузилма ва халқаро ҳамкорлик хорижий технология компанияларини жалб этиш ҳамда экспортга йўналтирилган бизнесни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
StartupBlink Global Startup Ecosystem Index 2026 рейтингида Ўзбекистон «2026 йил мамлакати» деб эътироф этилган. Мамлакат стартап экотизими 227,3 фоиз ўсиш кўрсаткичи билан дунёдаги энг тез ривожланаётган экотизим сифатида қайд этилган.
Икки йил давомида Ўзбекистон жаҳон рейтингида 31 поғона юқорилаб, 79-ўринни эгаллаган. Тошкент эса дунё стартап шаҳарлари орасида 229-ўриндан жой олган.
Dealroom маълумотларига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон стартап экотизимининг тахминий умумий қиймати 4,3 миллиард АҚШ долларига етган.
IT Park Uzbekistan’нинг халқаро мукофотга сазовор бўлиши мамлакатда технологик тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш ва рақамли кадрлар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг халқаро миқёсда эътироф этилаётганини кўрсатади.