Жорий йилнинг 3 апрель куни Тошкент шаҳрида жойлашган Zakovat Arenaда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар ҳамда олий таълим муассасаларининг “ижтимоий иш” йўналиши талабалари ўртасида “Zakovat” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Ушбу беллашув нафақат билим синови, балки авлодлар ўртасидаги тажриба алмашинуви майдонига айланди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад — ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ижтимоий таълимни ривожлантириш, ижтимоий соҳа ходимларининг интеллектуал салоҳиятини оширишдан иборат. Интеллектуал ўйинда ижтимоий ходимлардан ташкил топган 14 та жамоа ҳамда олий таълим муассасаларининг “ижтимоий иш” таълим йўналиши талабаларидан иборат 15 та жамоа иштирок этди. Жами 29 та жамоа ўртасида қизғин ва мазмунли баҳслар бўлиб ўтди.

Маълумки, бутун дунёда 1983 йилдан буён март ойининг учинчи сешанбаси Бутунжаҳон ижтимоий иш ходимлари куни сифатида нишонланади. Ушбу сана ижтимоий ҳимоя тизимида фаолият юритувчи ходимларнинг меҳнати, уларнинг жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этиш мақсадида ўтказилади. Бугунги кунда мазкур сана 140 дан ортиқ мамлакатда нишонланиб келинмоқда.

Ўзбекистонда ҳам Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жорий йилнинг 17 март кунидан 17 апрелга қадар “Ижтимоий иш ойлиги” ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида “Zakovat” интеллектуал ўйинини ташкил этиш режалаштирилган.

“Бу тадбир ижтимоий ходимлар ва талабаларни бирлаштириш, улар ўртасида тажриба ва маълумот алмашинувини кучайтириш мақсадида ташкил этилди”, — деди агентликнинг ижтимоий иш бўлими бош мутахассиси Шахзод Исмоилов.

Тадбир давомида иштирокчилар ўртасида қизғин ва мазмунли интеллектуал беллашув бўлиб ўтди. Ҳар бир тур мураккаб ва мантиқий саволлардан иборат бўлиб, жамоалардан нафақат чуқур билим, балки тезкор фикрлаш ва жамоавий ҳамжиҳатликни талаб қилди.

Айниқса, ўйин жараёнида иштирокчиларнинг ҳаяжони яққол сезилди. Беллашув қатнашчиларидан бири — Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган ижтимоий ходим Шоҳиста Ҳусанова шундай деди:

“Ҳозирда ўтказилаётган Zakovat интеллектуал беллашуви жуда қизиқарли ва мазмунли ўтмоқда. Ҳар бир жамоада ўзига хос ҳаяжон бор. Саволлар эса иштирокчиларни мантиқий фикрлашга ундамоқда. Бундай тадбирлар кўпроқ ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, билимларини синовдан ўтказмоқда”.

Zakovat intellektual klubi билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу ўйин 3 турдан иборат бўлиб, иштирокчиларга жами 36 та савол тақдим этилди.

Якуний натижаларга кўра қуйидаги жамоалар ғолиб деб топилди:

  • 1-ўрин: 25 балл билан Фарғона вилояти ижтимоий хизматлар жамоаси;
  • 2-ўрин: 23 балл билан Самарқанд вилояти ижтимоий жамоаси;
  • 3-ўрин: 22 балл билан Наманган вилояти ижтимоий жамоаси.

Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг “ижтимоий иш” таълим йўналиши талабалари жамоаси 15 та олий таълим муассасаси орасида энг юқори натижани қайд этиб, эътирофга сазовор бўлди.

Тадбир сўнгида ғолиб жамоалар ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ходимлари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Лобар Бобохонова