Ғоят тез суръатларда ўзгараётган бугунги дунё мамлакатимизни барқарор ривожланаётган янги Ўзбекистон сифатида танийди, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори қўйилаётган қудратли давлат сифатида билади. Президентимиз нафақат минтақамизда, балки бутун жаҳонда янги Ўзбекис­тон ва Учинчи Ренессанснинг ижодкори ва муаллифи сифатида эътироф этилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаган ташаббуслари билан ке­йинги ўн йилда, хусусан, минтақамизнинг сиёсий архитектураси ўзгариб, ҳаётбахшлик касб этди.

Халқимизда “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган даъват бор. Ростдан ҳам, ким эдигу, ким бўлдик? Мен ҳам ҳаётимда кечган айрим лавҳаларни бир қур хотирамдан ўтказар эканман, шу саволга самимий, чин юракдан жавоб изладим.   

Биринчи воқеа

1998 йил октярбь-ноябрь ойлари.

Камина биринчи марта хориж сафарига чиққан кунлар. Чехияга — Прага шаҳрига борганман. Малака ошириш учун. Боргунга қадар чекилган машаққатлар ҳақида ўйласам сабру асабим чидамига балли деб юбораман ҳалигача.

Бошидан сўзлаб бера қолай. Республика радиосининг “Ёшлик” студиясида иш бошлаган кезларим. Раҳбаримиз ҳузурига чақириб қолди. Ва сени “Озодлик” радиосига малака оширишга юборамиз, деди. Энди десангиз, шодлигимга таъриф йўқ. Ахир кечагина олий ўқув юртини битириб келган ходимга билдирилган ишончдан қувонмай бўладими? Керакли ҳужжатларни тайёрлашга киришдим. Тегишли ташкилотлар суҳбатидан ўтдим. Радиомиз катталари ҳам бир-бир суҳбат-имтиҳон қилишди. Элчихонага бориш, виза олиш юмушларини ҳам югуриб-елиб охирига етказдим. Энди бир иш қолди, у ҳам бўлса... Хорижга чиқадиган кишиларга Марказий банк курси бўйича 1000 долларгача пул айирбошлаш мумкин деб эшитган эдим. Шу чоққача ўтган тайёргарлик ишлари бир бўлдию мана шу охиргиси бир бўлди. Марказий банкка бош муҳаррир ўринбосари телефон қилди, иш битмади. Бош муҳарриримиз боғланди, битмади. Раис ўринбосари ҳаракат қилди, натижа йўқ. Ҳар бир телефондан кейин ҳаллослаб банкка чопаман. “Сизга фалончи устоз қўнғироқ қилган эди, шунга келгандим”, дейман. Ҳар гал бошимдан-оёғимгача разм солишади-да, эртага фалон соатда келинг, дейишади. Айтилган пайтда етиб бораман, лекин фалон соатда етиб келинг, деган одамнинг ўзи жойида бўлмайди. Куттириб-куттириб не пайтларда келади. Келадию яна алланималарни баҳона қилади. Ҳамма иллат шундаки, (албатта, бунинг сабабини кейин тушунганман), бозор курси билан давлат курси ўртасидаги ­тафовут каттагина. Охири раис ўринбосари катта бошини кичик қилиб ўзи банкка борди ва иш ҳал бўлди. Ўшанда ҳам 1000 доллар эмас, 500 доллар қўлимга тегди. Камина шунга ҳам хурсанд. “Худо хоҳласа, шу маб­лағ сенга етиб ортади, — дея раҳбаримиз юпатди. — Омадингни берсин. Яхши бориб келгин”.

Прагада “Озодлик” радиоси яқинидаги меҳмонхонага жойлашдик. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларидан мен каби журналистлар келишган экан. Улар билан биргаликда дарсларга қатнай бошладик. Бўш вақт топилиши билан радионинг ўзбек хизмати ходимлари қошига югураман. Ахир ўқиётганларимни амалиётда қўллашим керак. Бир куни бизга жаҳон сиёсатидан бир ўқитувчи дарс бера бошлади. У аввалига ҳаммамиз билан бир-бир танишиб чиқди. Биров Польшадан, биров Беларусданман, деди, кимдир Словакия, яна кимдир Россиядан, яна аллаким Олмониядан келганини айтди. Навбат менга етди.

— Сиз қаердансиз?

— Ўзбекистондан.

— Пакистан?..

— Йўқ жаноб, Ўзбекистон.

У ҳеч нарса эшитмагандай, “Афганис­тан?”, дейди.

Мен энди бир оз асабий жавоб қайтараман:

— Йўқ, Покистон ҳам эмас, Афғонис­тон ҳам эмас, Ўзбекистондан келганман, Ўзбекис­тондан!..

Шундан кейин у узр сўраб, бундай давлатни билмаслигини айтди. Кейин кўнглимни кўтариш учунми, менга мамлакатингиз ҳақида дарсдан кейин сўзлаб берасиз, деди.

Ваҳоланки, ўша пайтда юртимиз мус­тақилликка эришганига етти йил бўлган эди. Роса хафа бўлганман, кўнглим чўккан, тўғрироғи ўзбекни, Ўзбекистон давлатини танимаганлари менга алам қилган эди.

Шукрлар бўлсин, бугун ўзбекни ҳам, Ўзбекистон деган улкан мамлакатни ҳам ҳамма билади. Кейинги йилларда хориж сафарларига борган чоғларимда бир нарсага кўп бора гувоҳ бўлдим: Ўзбекистон номини эшитишганида ўз ҳайратларини яширишмаяпти. Ҳатто мен билан эсдалик учун бирга суратга ҳам тушади. Ва албатта Ўзбекис­тонга бораман, Тошкентни, Самарқандни, Шаҳрисабзни, Бухорою Хоразмни бир бориб кўрмасам бўлмайди, дейишади. Спортсеварлари эса Ўзбекистонга борсам дунёнинг энг кучли шахмат устаси Нодирбек Абдусатторов билан, ёки боксчи Ҳасанбой Дўстматов билан, ёки футболчиларингиз билан суратга тушаман деб ният қилишади. Одамга ёқади-да шундай гаплар.

Кейин ҳалигидай пул айирбошлаш билан боғлиқ муаммолар бутунлай ечилди. Конвертация масалалари аллақачон ҳал қилинган. Қанча пулинг бўлса, алмаштириб олавер. Банклар очиқ. Сени илиқ кутиб олади. Бир пастда ишингни битириб беришади.

Кўп шукр!..

 

Иккинчи воқеа

Икки мингинчи йиллар эди чамаси. Амаким билан биргаликда Қозоғистонга — Чимкентга бормоқчи бўлдик. Муддао... сифатли ва чўнтакбоп кийим-бош олиб келиш. Шу ўйлар билан “Чимкент, қайдасан?”, дея йўлга тушдик. Чегарага келсак, тумонат одам. Шахсимизни тасдиқловчи ҳужжатларни текширишди. Чўнтакларимизни ковлаб ҳам кўришди. Нима учун бораётганимиз, қачон қайтишимиз, агар қоладиган бўлсак, қаерда қолишимиз... Хуллас, сўрамаган, тинтишмаган ҳеч нарсамиз қолмади. Бу каби текшир-текширлар ками қолган эканми, Қозоғистон томонида ҳам беармон сўраб-суриштиришди. Ҳали ҳам амаким кўпни кўрган, уддабурон одам. Уларга дадил-дадил жавоб қайтарди. Бир амаллаб ўтиб олдик. Бозорга ҳам бордик. У-бу нарса олгандек бўлдик...

Чегарадаги бир ҳолатни ўйласам, ҳозир ҳам ичим оғрийди. Қирқ ёшлар нари-берисидаги жувон умр йўлдоши билан изиллабгина турибди. Чегарачиларга ялинади. Аёлгина Тошкентга келин бўлиб тушган кўринади, онамнинг аҳволи оғир экан. Тезроқ ўтмасам бўлмайди. Жон ака, ёрдам қилинг, дейди. Чегарачи, мени нима ишим бор сени онанг билан. Хизмат вазифамни бажаряпман, дейди қўрслик билан. Яна онангни касал ётгани ҳақида маълумотнома борми деганини эшитиб менинг ҳам жаҳлим чиқиб кетди.

“Эй ака, она у томонда бўлса, қиз бу томонда бўлса. Маълумотнома сўрашингизда мантиқ борми ўзи? Биз кейинроқ ўтармиз. Шу оилани ўтказиб юборинг”, дейман зарда қилиб. “Сиз ўзингизни билинг”, деб у ҳам гапдан қолмайди.

Амакимни бир дўсти бор экан, кечани ўша кишининг уйида ўтказдик. Эртаси тушга яқин юртга қайтиш учун чегара постига келдик. Одам кўп. Жанжалу тўполонни кўрсангиз. Одамларнинг бозор сумкалари очилиб, нарсалари сочиб ташланган, йиғи-сиғи... Бу манзаралар ғоят аянчли эди. Сенлар келиб бозорлар қимматлашди. Нега битта нарсадан иккита олдинг, сотасанми, дея пичингу таъналарни айтмайсизми? Таъма илинжида айтилган баланддан келишлар дилимизни оғритди. Лекин нима чора ҳам қилардик. У томондаги сансалорлик етмаганидек, ўзимизникилар ҳам гоҳида улардан ўтиб тушар экан. Хуллас, ит азобида ўтиб олдик.

Яна бир гап. Таниқли хонанда Тошпўлат Маткаримов билан Яссавий бобомизни зиё­рат қилиш истагида Туркистонга бормоқчи бўлдик. Мен чегарадаги азобларни ўйладиму хаёлимда Тошпўлат ака икки эл учун ҳам севимли хонанда бўлса, бундай муаммоларга дуч келмаймиз, Худо хоҳласа, деган ожизгина юпанч ҳам бор эди. Қаёқда!.. Улар на таниқли ҳофизни, на унинг зиёрат истакларини ҳурмат қилишди. Ҳаммани бир текширишган бўлса, бизни ўн текширишди, десам ишонаверинг. Ҳатто ҳофиз акамиз асабни асраш учун уларнинг қўлларига тўрт-беш танга берган ҳам чиқар. Буниси менга қоронғу. Ҳар қалай кассага қандайдир тўловлар қилганимиз ёдимда.

Улуғ аждодимизни зиёрат қилдик. Шу хайрли амал кўнглимиздаги озорларга малҳам бўлди. Бобомиз қошида халқимизни, Ватанимиз равнақини, чегаралар очилишини тилаб дуолар қилдик.

Бугун бундай муаммолар йўқ. Шахсан ўзим жуда кўп маънавий-маърифий тадбирлар билан қўшни мамлакатларга бориб келдим. Яқинда устоз Шавкат Раҳмоннинг “Танланган асарлар”и тақдимотини ўтказиш ниятида Ўшга сафар қилдик. Биздан ҳатто хорижга чиқиш-қайтиш паспортини ҳам сўрашгани йўқ. АD паспортимиз билан ўтиб келдик. Бир муддат аввал Абай бобонинг таваллудига бағишланган катта тадбир бўлиб ўтди. Тадбирга қозоқ бовурларимиз ҳам келишган экан. Улардан сўрайман, кеча келган эдингларми? Йўқ, бугун эрталаб йўлга тушдик. Мана кўриб турганингиздек, сиз билан бирга тадбирда иштирок этмоқдамиз, дейишди. Ҳа, улар бу ҳақда жуда ­оддийгина қилиб гапиришди. Тўғри-да, чегаралардан ўтиш-қайтиш бугунга келиб муаммо ҳисоб­ланмай қолди. Чегарага келасан, паспортингни кўрсатасан. Ортиқча текширувлар йўқ. Сен учун йўллар очиқ. Қандай яхши.

Кўп шукр!..  

 

Учинчи воқеа

Агар хотирам панд бермаса, пластик карточка тизимига энг биринчилардан бўлиб телерадиокомпания ўтган эди. Маошларимиз юз фоиз картага ўтади. Аммо бизга нақд пул ҳам керак. Ахир бозор-ўчар деганларидай, бозорликка эса пластик карта орқали пул тўлашнинг имкони йўқ. Шуларни ўйлаб компания раҳбарияти ҳафтада бир марта канал ходимлари учун нақд пул олиш имконини қилиб ҳам қўйган. Узундан узоқ навбатда туриб маълум бир миқдорда пулимизни нақдлаштирамиз. Қани нақдлаштирган пулимиз бир ҳафталик харажатларимизга етса. Йўлкирага етса, чойга етмайди. Чойга етса, рўзғор учун ул-бул нарса харид қилишга етмайди. Кейин нима қиламиз — АТСларга борамиз. Кассир қизлардан илтимос ­қиламиз. Улар ҳам ҳуши келса, қилади, ҳуши келмаса, чиройли қилиб жавобимизни бериб юборади. Бундан ташқари, уларга биздан бошқа илтимос қилувчилар ҳам кўп бўлади. Ҳаммасидан ҳам оғири, баъзан нақд пулга зориқиб қолган пайтларимиз, дўконларга бориб сарғаямиз. Аравачасига у-бу нарса солаётган харидорларнинг олдига бориб, секин сўраймиз. Сиз нақд пулда савдо қиласизми? Ҳа деб жавоб берса, мен пластик картам орқали тўловингизни қилиб берсам, менинг нақд пулга эҳтиёжим бор эди, деймиз. Бу илтимосга биров хўп дейди, биров бор, тошингни тер, дейди. Яна бирининг аҳволи меникидан пеш бўлмайди. У ҳам тўловни пластик карта орқали қилишини айтиб, узр сўраб қўяди.

Мен-ку, пойтахтда яшайман. Ҳар ҳолда нақд қилиш учун имконим бўлади. Вилоятдагиларга жуда оғир бўлган.

Мактабда менга физикадан сабоқ берган ўқитувчим бир куни менга телефон қилиб, пластик картадаги пулни нақд қилишда ёрдам сўради. Қани, шу пайтда менинг аҳволимни сўрайдиган одам бўлса. Аммо устозга дардимни қандай айтаман? Йиғлаб борган эдим, ўкириб чиқди, қабилида иш тутишга ориятим йўл қўймади. Унга албатта ёрдам қилишимни айтдим. Қарши шаҳрида яшайдиган дасти узунроқ бир танишимга қўнғироқ қилдим. Ҳолатни тушунтирдим. Ёрдам беришини ўтиндим. У ҳам йўқ демади, ёки деёлмади. Домла келсинлар, деди. Ўқитувчим Китоб туманидан таксига ўтириб, танишимни истаб борибди. Пулини нақдлаштириб, яна таксига ўтириб қайтибди. Бориш фалон минг, қайтиш яна шунча... Бир неча кундан сўнг устоз телефон қилиб, менга раҳмат айтди. Барака топ, деди. Мен ҳам сўзимни икки қилмаган танишимга раҳмат айтиб қўйдим. Кейинроқ йўлим тушиб қишлоққа бориб, яқин дўстлардан эшитган гапим роса асабимни бузди. Ҳалиги дасти узун танишимиз домланинг пешана тери билан топган пулини эллик фоиз эвазига нақдлаштириб берган экан. Аммо домла бундан асло нолимай, мени — шогирдининг қўлидан иш келиб қолганини айтиб, ҳар жойда қувончини изҳор қилиб юрган экан.

Бугун бундай муаммолар йўқ. Ҳар қадамда банкомат. Бозорга борсангиз ҳам, дўконга борсангиз ҳам. Очиғи, энди нақд пул олиб юргандан кўра пластик карта яхшироқ. Ҳатто ҳозир пластик картани олиб юришга ҳам эҳтиёж қолмади. Телефонингизга пейми, клик ёки шунга ўхшаш дастурларни юклаб оласиз. Исталган тўловни амалга ошириб кетаверасиз.

Кўп шукр!..

 

Тўринчи воқеа

Менинг онам умр бўйи даладан бери келмай яшади. Ёшлигининг энг гул дамлари эгатларга эгилиб ўтди. Устоз Абдулла Орифнинг “Ушоқ чигитни ҳам этмай деб увол, Миллион эгатларга эгилган халқим” деган изтиробу аламларга йўғрилган сатрлари айнан менинг онам каби меҳнаткаш, заҳматкаш халқимиз ҳақида.

Бир мисқол ҳам ёлғони йўқ, чин гаплар булар. Онам кўп эсларди, сени йўргаклаб олиб, даланинг бир четига қўйиб ишлаганман. Ишга чиқмасак, раису биргадалар ўдағайлаб уйгача бостириб келарди. Уларнинг ҳақоратларини эшитгандан кўра ­далада ишлаган афзал эди. Сизлар далада катта ­бўлгансизлар, болаларим.

Бу фақат бизнинг оиламизга хос аҳвол бўлмаган, албатта. Ҳамманинг турмуши шу зайлда ўтган. Хўроз ҳамма жойда бир хил қичқирган. Кейин далаларга бориш қисмати болаларга кўчган. Мактаб болалари, олий ўқув юрт талабалари, турли ташкилотлар ходимлари — ўқитувчи, шифокор, ҳамшира ва шу сингарилар... пахта далаларида “жавлон” уришган. Тўғрироғи, шунга мажбур бўлишган, йўқ мажбур қилинган. Собиқ иттифоқ даврида бу оддий ҳол бўлган. Ҳеч кимга эътироз қилишга журъат этмаган. Кўпларнинг хаёлига эътироз қилиш фикри ҳам келмаган. Бутун дунё аҳли бизга ўхшаб меҳнат қилади деб ўйлаган-да, бу жафокаш халқ. Ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф юрак-бағри қон бўлиб:

“Ҳатто кеч кузда ҳам тугади кўсак,

Серҳосил Ўзбекистон далалари.

Далага чиқишар кўтариб этак,

Биринчи синф болалари...

Совуқ дейсизми?

Ҳа, қаҳратон!

Қўлчалар қўйинда қотган нон,

Аммо нима қилсин, пахта шон,

Биринчи синф болалари.” — деган сатрларни битган эди.

Онамнинг аламдан йиғлаганини бир марта кўрганман... Воқеа бундай бўлган эди. Бир куни дадам ишдан кеч қайтди. Биз болалар ухлашга ётганмиз. Сингилларим аллақачон ухлаб қолишган. Мен ҳам онамдан нега ухламаяпсан деган танбеҳни эшитмаслик учун ўзимни ухлаганга солиб ётибман. Онам ҳар галгидек ишдан кеч қайтган дадамга дастурхон ёзди. Овқат келтирди. Чой олиб келди, бир пиёла қуйиб узатди. Кейин алам билан йиғлай бошлади: “Шуҳрат (у пайтларда ота-оналар бир-бирларига тўнғич фарзанд исми билан мурожаат қилишган. Отамнинг исми Шуҳрат эмаслигини эсимни таниганимдан сўнг билганман), бу нима азоб, эртадан кечгача даладан бери келмаймиз. Саҳар кетамиз, кеч қайтамиз. Ит ётиш, мирза туришлар жонимга тегди. Кошки меҳнатимизни қадрига етишса. Берадигани бу ойдан у ойга етмайди. Биз ҳам бир кунгина ҳаловат топиб яшармиканмиз? Болаларни қаранг, болаларни. Шўргиналарни уйга ташлаб, ишга кетамиз, эртадан кечгача йўл қараб ўтиришади. Онам қачон келаркан, дадам қачон келаркан, деб. Мана бугун ишдан келсам, кенжа қизимиз қўлида пахта ёғига ботирилган бир бурда нон, яримта помидор ушлаб ухлаб қолибди. Кунда, кун ора шу аҳвол. Буларнинг келажаги нима бўлади бу туришда? Қачон бизнинг ҳаётимиз ўнгланади? Қачон биз ҳам одамдай яшаймиз? Худога нима ёмонлигимиз бор экан бизни”.

Дадам онамни, онаси, иймонинг саломат бўлсин, эшитгансан-ку, иймоннинг ярми сабрда, ярми эса шукрда, деб. Бизга ҳам Худонинг айтгани бордир. Бутун умр шундай чанг-тупроққа беланиб ўтиб кетмасмиз. Хуфтон кўнглимизни ёруғ қиладиган дамлар ҳам бўлар, деб юпатади йиғламоқдан бери бўлиб...  

Аллоҳнинг марҳамати билан мамлакат мус­тақил бўлди. Ўз байроғи, туғроси, мадҳия­си, давлат тили бор барча озод мамлакатлар каби бизнинг ҳам Ўзбекистонимиз эрки, ҳуррияти ўз илкида бўлган давлатга айланди. Аммо дала ишларига, кўча-кўйларнинг супир-сидирига... Эҳ, нима иш бўлса оммавий равишда сафарбар қилишлар тугамади. Ўқувчию талабаларнинг дарси эгатларда давом этди. Ўқитувчилар эса мактабу синфхоналарда дарс бериш ўрнига неча кило пахта тердинг, нормангни бажармасанг гап эшитамиз, деган сўроқ-савол билан кунларни ўтказишди. Пойтахтда аҳвол бир мунча яхши, аммо вилоятларда, чекка ҳудудларда мустақиллик номигагина бўлган эди, десам тўғри бўлади. Ташкилоту идораларда меҳнат қилаётган кишилар пахта теримига боришнинг имконини қила олмасалар, кимларгадир уч-тўрт сўм беришган ёки ўринларига кимнидир ёллашган. Шифокор, ҳамшира, ўқитувчи дўстларимдан эшитганман бу нарсаларни.

Биз ҳам биринчи босқичда ўқиб юрган кезларимиз Сирдарёнинг “Оқ олтин”ига пахта теримига борганмиз. Юқори босқичда ўқийдиган ака-опаларимиз айтишича, Ўзбекистон миллий университети талабалари ҳар йили шу жойларга ҳашарга келишар экан. Ҳашар деганлари қиш остонасига қадар давом этар экан. Одатда, ётоқ жойлар — дала шийпонлари, мактаб бинолари бўлади. Бир хонада ўн беш-йигирма чоғли талаба жойлашади. Тонг саҳар турамиз, пахта даласига отланамиз. Терганларимизни пешинда бир, шомда бир топширамиз. Емак-ичмак ҳам ўзига яраша. Эрталаб нима единг, макарон, тушда-чи, макарон, кечда ҳам макарон дейишади-ку. Шунақа бўлганда ўзи.

Бугун бу воқеаларни ёш ука-сингилларимга сўзлаб берсак, эртак эшитаётгандай ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай туришади. Бироқ биз фарзандларимизга бу каби ҳаётий ҳикояларни тез-тез айтиб туришимиз зарур. Улар бу кунларнинг қадрига етишлари, кечаги машаққатли ҳаёт ҳақида билишлари керак. Ахир Қодирий бобо ҳам “Ўткан кунлар” аввалида мозийга қайтиб иш тутиш хайрлидир деган-ку. Мен ҳам у кунларни шунчаки эслаётганим йўқ, Худога такрор-такрор шукр қилиш учун эсладим. Ҳамма-ҳаммаси учун шукр.

Кўп шукр!..

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари