Япония деганда кўз ўнгимизда дунёни технология мўъжизалари билан лол этган, тараққиёт долғаларига қарамай, миллий қадриятларини сақлаб қолган, қисқа муддатда обод ва маъмур давлат барпо қилган ўлка гавдаланади. Дарҳақиқат, меҳнаткашу миришкор, бунёдкору ижодкор, камтарину камсуқум бу миллатдан жуда кўп жиҳатларни ўрганиш мумкин.

Сиртдан қараганда, японлар ҳамма-ҳаммасига туғма хислатлари боис эришган деган янглиш хулосага келиш мумкин. Аслида эса... Келинг, асл ҳақиқатни Япония тараққиёт моделини бир қур таҳлил қилгач, мақоланинг хулосасида баён этайлик.

Ҳаёт-мамот масаласи

Япониянинг бугуни ҳақида мақолаю рисола ўқиган муштарий, эҳтимол, бу фикримизни дафъатан қабул қила олмаслиги мумкиндир, аммо ўтган асрнинг 80-йилларида кунчиқар ўлка таълим-тарбия борасида улкан муаммолар домида қолган эди. Муаллимларга нисбатан ҳурматсизлик, синфхоналардаги тартибсизлик, дарсдан бўйин товлаш каби иллатлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалган эди. Ўқувчилар ўртасида муштумзўрлик, нораво муомала-муносабат кенг қулоч ёйгани ҳам таълим-тарбия ислоҳталаб аҳволда эканидан далолат берарди. Боз устига, ўсмирларнинг ижтимоий масъулиятдан қочиши, шахсий манфаат ва бойликка ружу қўйиши, ҳою ҳавасларга берилиши оқибатида майда ҳуқуқбузарликлар кўпайиб кетган эди.

Улуғ маърифатпарвар адиб, ўзбек педагогикасининг оталаридан бири Абдулла Авлоний “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидур”, деганда юз карра ҳақ эди. Япон файласуфи Фукудзава Юкитининг “Мамлакат ҳуррияти ва шаънини муносиб ҳимоя қилмоқ учун, аввало, миллатнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш керак” деган фикри ҳам Авлоний нуқтаи назарига ҳамоҳангдир.

Таълим-тарбия миллат келажагини белгиловчи бош омил эканини теран англаган японлар бу жабҳада жиддий ислоҳотлар ўтказишга киришди.

Биринчи навбатда, таълимга оид қонунчилик меъёрлари тубдан янгиланди. Жумладан, 1947 йилдан амал қилиб келган таълим тўғрисидаги қонун жамоа руҳияти, ўзгаларга ғамхўрлик, анъаналарни ҳурмат қилиш, худбинликни чеклаб, халқсеварликни кучайтириш тамойиллари асосида такомиллаштирилди. Мактабнинг вазифаси шунчаки билим бериш эмас, балки масъулиятли, миллатсевар фуқарони тайёрлаш этиб белгиланди.

Иккинчидан, одоб-ахлоқ дарсларига жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, 2018-2019 йиллардан бошлаб “дотоку” (одоб-ахлоқ) ихтиёрий машғулотдан мажбурий фанга айлантирилди. Энг муҳими, ушбу фаннинг методикаси замон талаблари асосида янгиланди: болаларга “ёлғон гапирманглар” қабилидаги қуруқ ваъзхонлик, зерикарли дидактика ўрнига реал ҳаётий вазиятлар (кейслар) асосида сабоқ бериш йўлга қўйилди.

Учинчидан, кенжа авлодга меҳнатсеварлик фазилати сингдирила бошлади. Хусусан, “осожи” амалиёти доирасида ўқувчилар ўз мактаби, синфхоналарини тозалашга одатланди. Вазирнинг фарзанди ҳам, завод ишчисининг фарзанди ҳам баб-баравар пешона тери тўкиш кўникмасини ўзлаштирди. Бунинг ортидан япон мактабларида фаррошларга эҳтиёж қолмади.

Қонун, ахлоқ ва амалиёт уйғунлигида кўрилган чора-тадбирлар қисқа муддатда ўз мевасини берди. Мактабларда тартиб-интизом тикланди, таълим сифати юксалди, ўқувчилар орасида жиноятчилик камайди. Ҳозир Япония мактаб таълими дунёда энг юқори ўринлардан бирини эгаллайди. Ўқувчиларнинг саводхонлик даражаси деярли 100 фоизни ташкил этади. PISA тадқиқотларида япон ўқувчилари математика, табиий фанлар ва ўқиш саводхонлиги бўйича доимий равишда кучли бешталикка киради.

Япон футбол мухлислари жаҳон чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда ўйиндан сўнг стадион трибуналарини тозалаб кетиши билан тилга тушган. Бу одат ҳам яқин йилларда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган чоралар маҳсулидир.

Албатта, “Ҳар тўкисда бир айб”, деганларидек, Япония таълим муассасаларида камчиликлар ҳам талайгина ва биз бу тизимни идеаллаштириш фикридан йироқмиз. Аммо кунчиқар ўлка таълим ислоҳотлари борасида кўрсатган ирода, жасорат, тизимлилик, масъулият, креативлик хусусиятларидан ибрат олиш лозим.  

Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битар

Йўлингиз тушиб, Япониянинг Токио, Осака, Нагоя каби шаҳарларига борсангиз, жамоат жойларидаги тартиб-интизом ва орасталикни кўриб, ҳайратга тушишингиз аниқ. Бир неча ўн миллионли мегаполисларда киройи озодалик ва қойилмақом интизомни таъминлаш учун қанча харажат, қанча ҳаракат қилмоқ керак?!

Инглизларда “Рим бир кунда бунёд бўлмаган” деган нақл бор. Ўзбекона айтганда, бу “Сабр таги — сариқ олтин” ёки “Сабр қилсанг, ғўрадан ҳалво битар”, дегани. Японлар ҳам жамоат жойларида ҳозиргидек тозалик ва интизомга темирдек чидам, пўлатдек ирода эвазига эришган.

1970-йилларда Токиода “чиқинди уруши” деб ном олган ижтимоий можаро рўй берган: пойтахт туманлари бир-бирининг чиқиндисини қабул қилишдан бош тортган. Одамларнинг кўча-кўйга кераксиз рўзғор анжомлари, телевизору музлаткич каби эски буюмларни кишибилмас ташлаб кетиши одатий ҳолга айланган эди. Оқибатда шаҳару қасабаларда чиқинди тоғлари ҳосил бўлган. 1981 йилда вокзаллар атрофида бир миллионга яқин носоз велосипед ташлаб кетилган. Жамоат жойларида тамаки чекиш оммавий тус олган эди. Поезд ёки метрода баланд овозда суҳбатлашиш, жанжаллашиш, жамоат транспортида маст ҳолда ухлаб қолиш ҳолатлари ҳам кўп учрарди.

Давлат ва жамият бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ушбу иллатларга барҳам бериш йўлида кенг кўламли чораларга киришди. Тозаликни таъминлаш мақсадида 2001 йилда маиший техникани қайта ишлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ноқонуний чиқинди ташлаган жисмоний ва юридик шахсларга юз миллионлаб иена жарима, қамоқ жазолари жорий этилди. Чиқинди саралашни назорат қилиш полиция эмас, балки маҳалла қўмиталарига юкланди. Жамоат масканларида чекиш учун отнинг калласидек жарима тайинланди. Нотўғри сараланган чиқиндини махсус стикер ёпиштирган ҳолда эгасига қайтариш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса японияликлар учун уятли ҳолат даражасига олиб чиқилди.

Қизиқ вазият шуки, японлар кўча тозалигини сақлаш учун чиқинди қутиларини кўпайтирмади, аксинча, камайтирди. Натижада одамларда чиқиндисини ўзи билан олиб кетиш ва саралаш масъулияти пайдо бўлди. Фаррошлар штати ҳам кескин қисқарди.

Кашандалик қатъий тартибга солинди: аҳоли гавжум жойларда кучли вентиляция тизими ўрнатилган махсус чекиш хоналари қурилди.

Ичимлик идишларини тўплаш тизимлаштирилди: автоматлардаги тешиклар фақат идиш сиғимига мос бўлгани пластик идишларнинг 90 фоизидан ортиғини дарҳол қайта ишлаш заводига йўналтириш имконини берди.

Сирасини айтганда, чиқиндини саралаш маданияти ва жамоат назорати японларни энг интизомли табиат муҳофизлари — экологларга айлантирди. Таъсир ва таъзир чоралари орқали шаҳарлар ноқонуний қўйиб кетилган транспортдан бутунлай тозаланди. Япония шаҳарлари дунёдаги энг озода, мусаффо ҳудудлар рўйхатидан ўрин олди. Мегаполисларда ҳам кўчаларнинг ёғ тушса ялагудек ҳолатда экани, ҳатто ариқ ва каналларда балиқлар сузиб юриши... чиндан-да, ҳавас қилса арзийдиган натижа!

Жамоат жойларида осойишталик ва интизом ўрнатиш бўйича оқилона усуллар қўлланди. Масалан, лингвистик муҳандислик усулига мувофиқ, мобил операторлар смартфондаги “Овозсиз режим”ни “Одоб режими” деб ўзгартирди.

Тартиб-интизом ва маданиятни тарғиб этишда ОАВ ва санъат кучидан унумли фойдаланилди. Масалан, 2008 йилдан Токио метрополитенида “Илтимос, бундай хатти-ҳаракатларни уйингизда қилинг!” деган кампания доирасида ҳар ой янгиланадиган визуал постерлар туркуми эълон қилинди. Карикатура руҳидаги постерлар орқали бамисоли жамият аҳлига кўзгу тутилди. Жамоат назорати кучайиб, полицияга зарурат камайди. Пировардида жамоат транспортида шовқин-сурон солиш, телефонда сўзлашиш ҳолатлари бутунлай йўқолди. Одамларда ўзгаларга ҳурмат ҳисси мустаҳкамланди. Дейлик, бугун Япония жамоат транспортидаги тирбанд вагонда йўловчининг сумкани орқасига осиб олиши, оёқларни ёйиб ўтириши, ҳўл соябонни очиқ ҳолда автобусга олиб чиқиши каби кичик қусурларга ҳам барҳам берилган. 

“Дил ба ёру даст ба кор”: унутилган ҳикмат  

Япон мўъжизасининг бизга зарур яна бир йўналиши раҳбарлик маданиятининг ислоҳидир. 1990-йилларгача бу мамлакатда раҳбарнинг қўл остидаги ходимларни бошқалар олдида ҳақорат қилиши, ҳужжатни юзига отиши “қаттиққўл бошқарув усули” деб хаспўшланар эди. Вақт ўтиши билан инсон қадр-қимматини поймол этувчи ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилди. 2000-йилларда раҳбарларнинг ваколатдан фойдаланиб зўравонлик қилиши (пава хара) фаол муҳокама қилинди. Жамоатчилик таклифи асосида Япония парламенти бунга доир махсус қонун қабул қилди. Унда ходимни таҳқирлаш, камситиш, унга асоссиз равишда ортиқча иш юклаш ҳуқуқбузарлик деб белгиланди. Барча компанияларда аноним шикоят тизими яратилди. Юқорида зикр этилган хатти-ҳаракатларни содир этган мансабдорларга кескин чоралар қўлланди. Шу тариқа япон мансабдорлари ходимларга қўлию овозини кўтариш одатидан воз кечди. Бошқарув ва раҳбарлик маданияти юксалди.

2016 йилда янги Ўзбекистонда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак!” деган талаб илгари сурилди. Бу — Япония тажрибасига муштарак, балки ундан-да кенгроқ тамойил. Бу икки ҳаётбахш ёндашув бир-бирини тўлдириши аниқ.

Кунчиқар ўлка зиёлиларини хавотирга солаётган яна бир жиҳатни айтиб ўтмасак бўлмайди. Глобаллашув жараёнининг кучайиши, Ғарб маданиятининг кириб келиши ортидан японлар ўз тарихий илдизлари, қадриятларидан узилиш хавфига рўбарў келди. Мамлакат ғарбона индивидуализм, истеъмолчилик кайфиятининг кучайиши, оила институтининг заифлашувига синтавийлик, буддавийлик таълимотлари ва адабиёт, санъат, маданият воситасида жавоб беришга интилмоқда.

Кейинги вақтларда бизнинг жамиятимизда меҳнатга муносабат ўзгармоқда. Айрим ватандошларимизда жисмоний меҳнатдан уялиш, “Фарзандим қора ишда ишламасин” қабилидаги ёндашув, дейлик, фаррош ёки официантга нисбатан паст назар кузатилмоқда. Японияда меҳнат қилиш культ даражасига чиққан. Юқорида қайд этганимиздек, болалар мактабданоқ меҳнатга ўргатилади. Ҳатто пенсияга чиққан қариялар ҳам маошдан воз кечиб бўлса-да, жамият корига ярайдиган бирор фаолият билан шуғулланади.

Шу ўринда улуғ мутасаввиф Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг “Дил ба ёру даст ба кор” (Қалбинг Яратганда, қўлинг меҳнатда бўлсин) ҳикматини ёдга олиш лозим. Нақшбандия тариқатининг тамал ғояси бўлмиш ушбу ҳикмат воситасида ўз даврида жамиятда тиланчилик, тарки дунёчилик рад этилиб, ҳалол луқма топиш ибодат даражасига кўтарилгани ҳолда ўзига хос инқилобий ислоҳот ўтказилган эди. 

Японларга хайрихоҳ эканимиз сабаби нимада?  

Ҳеч эътибор қаратганмисиз, биз Японияга ўзгача ҳавас, айрича хайрихоҳлик билан қараймиз. Масалан, Германия ёхуд АҚШ эришган ютуқларни кўрганимизда қалбимизнинг туб-тубида “Ҳар ҳолда улар Ғарб давлатлари” деган таскин-тасалли уйғонади. Аммо японлар эришган муваффақиятларни кўрганда “Буни биз ҳам қила оламиз, ахир, биз ҳам Шарқ вакилимиз” деган умидбахш фикр ўтади хаёлимиздан. Дарҳақиқат, ўзбек ва япон миллатлари ўртасида муштарак, уйғун жиҳатлар талайгина.

Бизда ҳам тозалик, озодалик илоҳий мажбурият даражасига кўтарилган. Бу талабга риоя эта олмаётганимиз — бошқа масала. Ота-боболаримиз ноннинг ушоғини ҳам эҳтиётлаган, егулик истеъмолими, энгил-бош кийишми — ҳамма масалада исроф, уволдан ҳазар қилган. Кунчиқар ўлканинг “моттаинай” фалсафаси ҳам исроф, уволдан сақланишни тарғиб этади.

Бошқаларга юк бўлмаслик, ўзгаларда ташвиш уйғотмаслик (мейваку какенай) япон тарбиясининг ўзагини ташкил этади. Бу ўзбекона андишага уйғун тушунчадир.

Японларда жамоат назоратининг “ҳажи” деб аталган қудратли механизми мавжуд. Жиноят ёки ахлоқсизлик қилган одамнинг шармандалиги бутун оиласига, у ­ишлайдиган ­жамоага ҳам тегади. “Уят — ўлимдан қаттиқ” деганларидек, номақбул хатти-ҳаракатни содир этган шахс учун жамоатчилик нафрати энг олий жазо саналади. Коррупция ёки оғир жиноятлар билан боғлиқ ҳолатларни қўя турайлик, ҳатто мажлисга кечикиш каби узрли кўриладиган ҳолатларда ҳам япон мансабдорлари, йирик компания раҳбарлари халқдан, ҳамкасбларидан бош эгган ҳолда кечирим сўраши одати ҳам айни шу “ҳажи” тушунчаси билан изоҳланади.

Бизда ҳам эл-юрт қаршисида шарманда бўлиш ўлимдан-да оғир мусибат саналади. Биргина “Фалон ишни қилсанг, уят бўлади!” деган танбеҳ, огоҳлантириш замирида андиша, орият ва номус туйғулари мужассам.  

Бизнинг маҳалла бошқарувимиз ва японларнинг “чонайкай” тизими ҳам кўп жиҳатдан бир-бирига мос келади.

Икки халқ ўртасидаги эгизак хислатлар, муштарак жиҳатлар ҳақида кўп ва хўб ёзиш мумкин. Қиссадан ҳисса шуки, биз миллатимизга буткул бегона бўлган тажрибани ўрганиш ва татбиқ этиш ҳақида эмас, балки ўзимизда мавжуд бўлган, муайян омиллар сабаб унутилган хислат ва фазилатларни қайта тиклаш ҳақида гапирмоқдамиз. Энг муҳими, япон тажрибасидан фойдаланар эканмиз, хоҳ таълим-тарбия, хоҳ маданият, хоҳ шаҳарсозлик жабҳасида бўлсин, ўзгариш ва ислоҳотларни давлат — жамият — халқ бирлигида, комплекс чора-тадбирлар воситасида амалга оширишимиз лозим.

Президентимиз 2025 йил декабрда Японияга тарихий ташрифи давомида император Нарухито, бош вазир Санаэ Такаичи билан музокара ўтказди. Ушбу учрашувларда ҳам ўзбек ва япон халқлари географик жиҳатдан бир-биридан олис бўлишига қарамай, уларни менталитетлар, урф-одатлар ва оилавий қадриятлар ўхшашлиги, шунингдек, илдизлари Буюк ипак йўли даврига бориб тақаладиган кўп асрлик тарихий алоқалар боғлаб туриши қайд этилди. Чиндан-да, икки халқ маънавий-маърифий, илмий-ижодий салоҳият борасида ҳам бир-бирини тўлдириши аниқ. 

Миллатнинг биллурланиши

Ниҳоят, мақола дебочасида кўтарилган масалага етиб келдик. Аён бўлмоқдаки, япон мўъжизасининг сири ушбу миллатнинг туғма фазилатларида эмас, балки ақл-заковат, сабр-матонат билан амалга оширилган маданий ислоҳотларда, машаққатли изланишларда! Улуғ таржимон ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров миллатнинг ўзини тарбиялаши, комиллик сари интилишини “миллатнинг биллурланиши”, деб атаган эди. Бугун биз ҳавас қилаётган Япония ҳам 25-30 йилда “биллурланиш” жараёнини босиб ўтди. Бу борада қонунчилик амалиёти, жамоатчилик назорати, замонавий педагогик ёндашувлар, ахборий воситалардан унумли фойдаланилди. Миллий-диний анъана ва кўп асрлик фалсафий қарашлар эса пойдевор вазифасини ўтади.

Диққатга молик жиҳат шуки, ислоҳотлар жараёнида нафақат шаҳарларнинг ташқи қиёфаси, инфратузилмалар, балки инсонларнинг дунёқараши, тафаккури ҳам ўзгарди, анъаналар янгиланди. “Бир қилган — мадад, икки қилган — одат”, дейдилар. Дастлаб пиёда ёки ҳайдовчилар жарима жазоси ёхуд жамоатчилик дашномидан қўрққан ҳолда светофорнинг тақиқ ишорасига итоат этган бўлса, чорак аср ичида қизил чироққа бўйсуниш янги авлод учун табиий рефлексга айланди. Буни бемалол “маданият муҳандислиги” деб аташ мумкин.

Япон тажрибаси юксак маданият халқнинг генетик хусусияти эмас, балки давлат ва жамият биргаликда амалга оширадиган узоқ муддатли лойиҳа эканидан далолат беради. Алқисса, дунёда бирор-бир инсон она қорнидан донишманд бўлиб туғилмайди. Миллатлар ҳам таълим-тарбия орқали такомил касб этади. Президентимиз бошчилигидаги улкан ислоҳотлардан кўзланган эзгу мақсад ҳам шу: тарихий анъаналар, бой мерос ва замонавий илм-фанга таянган ҳолда миллатимизнинг маънавий савияси, интеллектуал даражасини янада юксалтириш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини шакллантиришдан иборат.

Тошкентдаги “Фозил ота” қабристонида Иккинчи жаҳон урушидан кейин асир ўлароқ юртимизга келиб қолган ўнлаб япон аскарлари мангу қўним топган. Бу қабристонни обод қилишда бир ўзбек оиласининг уч авлоди — Фозил ота, Мироқил Фозилов ва Хуррам Фозиловнинг хизмати катта. Дарвоқе, 40 йил давомида мазкур қабристонни обод қилиб келган Мироқил Фозилов 2017 йилда Япониянинг “Кўтарилаётган қуёш, кумуш нурлар” императорлик ордени билан тақдирланган.

“Фозил ота” қабристонида ҳар йили март ойида сакура гуллайди. Қийғос гуллаб барчанинг кўнглига кўклам илиқлигини олиб кирувчи бу оғочлар йигирма йилча муқаддам Япониядан келтириб экилган. Қарангки, япон сакураси ўзбек тупроғида ўз ватанидагидек униб ўсмоқда. Бу шунчаки шоирона метафора эмас, реал фактдир. Демак, ўзга халқнинг илғор маданияти уруғини заминимизга қадаб ғамхўрлик қилсак, у илдиз отади, гуллайди ва мўл-кўл ҳосил беради. Зеро, тараққийпарвар ғоялар, илғор қарашлар бутун инсониятнинг мулкидир.

Олимжон ДАВЛАТОВ