Текширувларда турли ҳудудларда фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилган шахслар уларни Кореяга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, катта миқдордаги маблағларни ўзлаштириб олгани маълум бўлди.
Энг йирик ҳолат Қашқадарё вилоятининг Косон туманида қайд этилди. Унда МЧЖ раҳбари 48 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни гўёки юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Кореяга ишга жўнатишини айтиб, 28,8 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган.
Шунингдек, Сурхондарёнинг Шеробод туманида икки нафар фуқародан 24 минг доллар, Навоий вилоятида уч нафар фуқародан 22,2 минг доллар, Фарғона туманида эса уч нафар шахсдан 22 минг доллар олиб, Кореяга ишга жўнатишни ваъда қилган шахслар фош этилди.
Бундан ташқари, Бухоро вилоятининг Жондор тумани, Наманган вилоятининг Чортоқ ва Учқўрғон туманлари, Қашқадарёнинг Китоб тумани ҳамда Фарғона шаҳрида ҳам шу каби фирибгарлик ҳолатлари аниқланган. Айрим ҳолатларда жабрланувчиларга пул маблағларининг бир қисми қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, гумонланувчилар фуқароларни Миграция агентлиги ёки давлат ташкилотларида ишловчи танишлари орқали ишга жойлаштириш мумкинлигига ишонтириб, улардан минглаб доллар маблағ олган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 25, 211-моддалари (пора беришга суиқасд) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мутахассислар хорижга ишга кетиш истагидаги фуқароларни фақат расмий тартиблар орқали ҳаракат қилишга, ишга жойлаштириш бўйича турли ваъдалар бераётган воситачиларга ишонмасликка чақирмоқда.