Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.

Маълум қилинишича, туман ҳокими ўринбосари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, ҳокимлик томонидан маҳаллий тадбиркорга ижара асосида берилган ер майдонини бошқа тадбиркорга олиб бериш билан таҳдид қилган. Эвазига у ўз хонадонига 20 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатиб беришни талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс қуёш панелларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатлари учун мўлжалланган 65 млн сўмни ўзининг хизмат автомашинасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.