Унда адабиёт, маданият ва санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, актёр, драматург ва режиссёрлар, қўшиқчи, созанда ва композиторлар, рассом, ҳайкалтарош, ҳунармандлар, санъатшунос олимлар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида маданият ва санъат халқ маънавияти, жамият тафаккури ва ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутишини таъкидлади.
Бугун дунёда инсон онги ва қалбини эгаллаш учун кураш кучайиб бораётгани, бундай шароитда китоб, театр, кино, мусиқа ва адабиёт жамиятнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлайдиган энг таъсирчан воситалар экани қайд этилди.
Учрашувга тайёргарлик жараёнида ижодкорлар билан мулоқот қилингани, маданият ва санъат объектларидаги ҳолат ўрганилгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари бугунги мулоқот соҳадаги муаммоларга ечим топиш, адабиёт, маданият, санъат ва креатив иқтисодиётда янги муҳит яратишга қаратилганини билдирди.
Аввало, ижодкорларни рағбатлантириш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Театр, кино, рақс, опера, фольклор, эстрада, академик ва миллий чолғу, тасвирий ва амалий санъат каби 21 та йўналиш бўйича ижодий бирлашмалар ташкил этилади. Уларга устоз ижодкорлар, вазирлар ва йирик компаниялар раҳбарлари ҳамраис бўлади.
Бу бирлашмалар туманлардаги мусиқа мактаблари ва бадиий жамоалар билан ишлаб, ёш истеъдодларни аниқлаш, маҳалла – туман – вилоят – республика босқичларида танловлар ўтказиш, ғолибларни гастроль сафарлари, фестиваллар ва халқаро танловларда қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Ҳар йили “Миллий ижодкорлар қурултойи” ўтказилади. Қурултойда йил давомида энг яхши натижа кўрсатган ижодкорларнинг бадиий кечалари ташкил этилиб, улар муносиб тақдирланади.
Хусусан, мусиқа соҳасида янги асарлар яратган, халқаро танловларда ғолиб бўлган ёки асарлари мамлакат ва халқаро саҳналарда ижро этилаётган қўшиқчи, созанда ва композиторлар, адабиёт соҳасида эса асарлари кенг эътироф этилган, катта ададда чоп этилган, театр ва кинода саҳналаштирилган шоир, ёзувчи ва драматурглар рағбатлантирилади.
Бундай ижодкорларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўмдан гонорар берилади, улар Ўзбекистон бўйлаб самолёт, поезд ва жамоат транспортидан бепул фойдаланади. Ихтисослашган тиббиёт марказларида даволаниш харажатлари бюджетдан қопланади, уларнинг маҳорат мактаблари ва ижод уйлари ташкил этилади.
Ёш истеъдодлар ва уларнинг устозларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам муҳим чоралар белгиланди. 1 сентябрдан бошлаб республика танлови ғолибларига 100 миллион сўм, нуфузли халқаро танлов совриндорларига 300 миллион сўмгача мукофот берилади, уларнинг иштирок харажатлари тўлиқ қопланади. Устоз ва мураббийлар ойлик маошига 100 фоизгача устама тўланади.
Ҳар йили 100 нафар ёш давлат ҳисобидан хорижий маданият ва санъат муассасаларида таълим олишга юборилади. Ёш истеъдодларни аниқлаш, продюсерлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ижодга инвестиция” жамғармаси ташкил этилиб, унга йилига 200 миллиард сўм ажратилади.
Ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Адабиёт, маданият ва санъат соҳасида яратилган ҳар бир маҳсулот ижодкорнинг интеллектуал мулки экани, ҳар бир бадиий асар, мусиқа ва қўшиқ муаллифга даромад келтириши зарурлиги таъкидланди. Масъулларга муаллифлик ҳуқуқини кафолатли ҳимоя қиладиган тизим ишлаб чиқиш топширилди.
Адабиёт соҳаси вакиллари учун ҳам янги имкониятлар яратилади. Шоир ва ёзувчиларга йилига камида 50 та энг сара асар учун ижодий буюртма берилади. Ҳар йили ўзбек адабиётининг 10 та энг яхши асари хорижий тилларга таржима қилиниб, муаллифлар иштирокида чет элларда тақдимотлар ўтказилади. Ёзувчилар уюшмаси тавсияси асосида чоп этиладиган китобларнинг қоғоз билан боғлиқ харажатлари давлат томонидан қопланади.
Ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам бир қатор имтиёзлар белгиланди. Ҳар йили 1 минг нафар шоир ва ёзувчи, маданият ва санъат вакили, музей ходими ва рассомларга уй-жой олиш учун ипотека кредити дастлабки тўловининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Бошқа ҳудуддан келиб ишлаётган соҳа вакилларига уй-жой ижараси харажатлари учун Тошкент шаҳрида ойига 2,5 миллион сўмгача, вилоятларда 1 миллион 600 минг сўмгача компенсация тўланади.
Ҳар йили фаолиятида яхши натижага эришган 1 минг нафар соҳа ходими давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан бепул даволанади, яна 2 минг нафар ижодкорга давлат томонидан тиббий суғурта пакети тақдим этилади. Камида 10 йил ишлаган ходимларга касаба уюшмалари санаторийларига бепул йўлланма берилади.
Ашула ва рақс ансамблларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 сентябрдан бошлаб улардаги барча ходимларнинг иш ҳақи 2 карра оширилади. Рақс усталари учун пенсияга чиқишда талаб этиладиган рақс стажи 20 йилдан 15 йилга қисқартирилади. Янги Тошкентда қурилиши бошланган Мақом маркази ёнида замонавий Рақс саройини барпо этиш таклифи илгари сурилди.
Композитор ва бастакорлар фаолиятини молиялаштириш, уларни моддий рағбатлантириш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Ҳар йили уларга опера, симфония каби мумтоз ва замонавий жанрлар бўйича камида 20 та янги асар яратиш учун давлат буюртмаси берилади.
Давлатимиз раҳбари жамиятимизда миллий руҳни мустаҳкамлашнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди. Бугун халқни илҳомлантирадиган адабиёт, ёшларга фахр ва ифтихор берадиган кино, қалбларни жунбишга келтирадиган мусиқа, одамни ўзини англашга ундайдиган театр кераклиги таъкидланди.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳаётимизда муҳим ўрин эгаллаётган ҳозирги даврда ижодкор-зиёлиларнинг рақамли майдондаги овози баландроқ янграши зарурлиги қайд этилди.
Маданий тадбирларга талабни ошириш мақсадида ҳам янги механизмлар жорий қилинади. Ҳар йили 500 минг ўқитувчи, шифокор, давлат хизматчиси, фаол ўқувчи ва талабаларга, шунингдек, 100 минг эҳтиёжманд оила ва ногиронлиги бор болаларга театр, кино ва концертларга бепул ваучерлар берилади.
1 июлдан ҳар бир туман ва маҳаллада концерт-томоша тадбирлари ўтказиш харажатининг 20 фоизгача қисми бюджетдан қопланади. Концерт-томоша, хусусий театр, кинематография, болалар контенти, маданият ва санъат йўналишидаги хусусий таълим ташкилотлари қатор солиқлардан озод қилинади. Адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантиришга йўналтирилган ҳомийлик маблағлари ҳам солиққа тортилмайди.
Вилоят ҳокимликлари ҳузурида алоҳида дирекциялар ташкил этилиб, улар концерт, театр ва маданият саройлари залларидан самарали фойдаланиш, ҳар куни маданий тадбирлар ўтказиш учун масъул бўлади.
Театр соҳасида ҳам кенг имкониятлар яратилади. Ўтган йили Алишер Навоий номидаги театрга молиявий, ижодий ва ташкилий масалаларни мустақил ҳал қилиш ваколати берилгани яхши натижа бергани таъкидланди. Бир йилда спектакллар сони 1,5 баробар, томошабинлар эса 2 карра кўпайган. Энди мазкур тажриба Муқимий, Бердақ ва Миллий қўғирчоқ театрларига ҳам татбиқ этилади.
Хусусий театрлар ва театр-студияларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 сентябрдан бошлаб ҳар йили 50 та саҳна асари яратиш харажати давлат томонидан қоплаб берилади. Уларга давлат маданият объектлари бепул фойдаланиш учун ажратилади, хусусий бино ижарага олинганда ойига 20 миллион сўмгача харажат бюджетдан қопланади. Спектакллар учун сотилган ҳар бир чиптага бюджетдан қўшимча гонорар тўлаш тизими жорий этилади.
Кино соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланди. “Ўзбекфильм”га миллий мақом берилиб, у маҳаллий ва халқаро киноиндустрияга хизмат кўрсатадиган марказий киноконцернга айлантирилади. Миллий фильмларни халқаро бозорларга олиб чиқиш мақсадида глобал киноплатформалар билан ҳамкорлик кучайтирилади.
Давлат буюртмаси асосида фильм яратишда тарғибот ва реклама харажатлари учун фильм бюджетининг 30 фоизигача маблағ ажратилади. Давлат буюртмаси асосида яратилган фильмлар намойишидан тушган маблағнинг 50 фоизи продюсер ва ижодий гуруҳга қўшимча рағбат сифатида берилади. “Олтин ҳумо” миллий кино тақдимотининг нуфузини янги босқичга кўтариш учун ҳар йили 5 миллиард сўм ажратилади.
Креатив иқтисодиётни ривожлантириш алоҳида йўналиш сифатида белгиланди. Яқин йилларда маданият ва санъатда қўшилган қийматни кўпайтириш орқали креатив иқтисодиёт ҳажмини 145 триллион сўмга етказиш мақсад қилинган. Шу мақсадда соҳанинг ҳуқуқий асоси яратилган, Креатив индустрия парки резидентлари учун алоҳида солиқ режими жорий этилган. Шайхонтоҳур тумани ва Нукус шаҳрида йирик креатив парклар қурилиши бошланган.
Ҳунармандчилик маҳсулотларига замонавий дизайн олиб кириш орқали уларнинг қўшилган қийматини 5-10 карра ошириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади. Халқаро дизайнерлар билан ҳамкорлик кенгайтирилиб, Европа, АҚШ, Жанубий ва Шарқий Осиё, Яқин Шарқ мамлакатларида кўргазмалар кўпайтирилади. Ҳар бир ҳудудда йил давомида мега-тадбирлар ташкил қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
Учрашувда маданият ва санъат соҳасида таълим тизимини такомиллаштириш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Умумтаълим мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология дарслари “Art” ўқув дастури асосида янгиланади. Янги ўқув йилидан ҳар бир вилоятдаги 10 тадан умумтаълим мактабида тажриба тарзида art йўналиши жорий этилади.
Бунда бошланғич синфларда болаларни расм, мусиқа ва ўйинлар орқали ижодга қизиқтириш, юқори синфларда эса дизайн, графика, сунъий интеллект ва креатив лойиҳалар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш назарда тутилади.
Юртимиздаги 326 та мусиқа ва санъат, 29 та ихтисослашган мактабда 95 минг ўғил-қиз таълим олаётгани қайд этилди. Ушбу муассасалар учун аниқ самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади. Мусиқа мактаблари битирувчилари ўз йўналишидан ташқари қўшимча битта миллий чолғуни билиши талаб этилади.
Янги ўқув йилидан 326 та мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиларининг ойлиги умумтаълим мактаблари ўқитувчилари билан тенглаштирилади. Умумтаълим ва мусиқа мактаби ўқитувчилари иш ҳақига ўқувчиларининг чолғуларни қай даражада ижро этишига қараб, 20 фоизгача устама тўланади. Камида 1,5 миллион ўқувчини мусиқа ва санъатга жалб қилиш вазифаси қўйилди.
Ҳар бир умумтаълим мактабида мусиқа ва санъат йўналишида камида 4 тадан тўгарак ташкил этилади. Миллий чолғу сотиб олганларга харажатнинг 30 фоизи қоплаб берилади. Имконияти чекланган ёшлар учун ҳудудларда “Инклюзив ижодий устахоналар” ташкил этилади ва ушбу йўналишга ҳар йили 30 миллиард сўм ажратилади.
Кадрлар тайёрлаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Янги ўқув йилидан ихтисослашган мактабларга ўқувчилар мусиқа йўналишида 5-синфдан, рақс, театр ва санъат бўйича 9-синфдан қабул қилинади. Мусиқа ва санъат, Эстрада ва цирк техникумлари Маданият вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларга олий мактаб мақоми берилади. Уларда ўқув жараёни уч йиллик дастур асосида ташкил этилади.
Маданият ва санъат йўналишидаги олийгоҳларда “дуал таълим” йўлга қўйилади. Ҳар бир талабага таниқли ижодкорлар бириктирилиб, улар ёшларни концерт, театр ва томошаларда иштирок эттириш орқали катта саҳнага тайёрлайди. Таълим дастурларига “Арт-менежмент”, “Креатив индустрия”, “Лойиҳаларни тижоратлаштириш” каби замонавий мавзулар киритилади. Талабаларнинг стартап лойиҳалари учун 10 та олийгоҳга 50 миллиард сўм ажратилади.
Соҳа ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича яхлит тизим яратилади. Мавжуд марказлар негизида Маданият вазирлиги тизимида малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти ташкил этилади. Мазкур институт умумтаълим мактабларидаги мусиқа ўқитувчиларининг малакасини ошириш учун ҳам масъул бўлади.
– Бугун дунёда қандай таҳликали ҳолат, қарама-қаршилик ва низолар рўй бераётганини кўриб турибмиз. Бундай вазиятда биз учун миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Ишончим комил, бу борада сизлар энг олдинги сафда туриб, чинакам ватанпарварлик, миллатга садоқат ва фидойилик фазилатларингиз билан ёшларимизга, бутун халқимизга намуна бўласизлар, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари билан самимий мулоқот қилди, уларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва ташаббусларини тинглади.