Лойиҳага кўра, тўй, юбилей, никоҳ ва бошқа тадбирлардаги ҳар бир чиқиш «бир хизмат — бир тўлов» тамойили асосида алоҳида ҳисобга олиниб, солиққа тортилиши режалаштирилган.
Айрим фуқаролар бу ташаббус юзасидан солиқ адолати таъминланиши кераклигини таъкидлаб, турли соҳаларда ишловчилар аллақачон белгиланган тартибда солиқ тўлаб келаётганини қайд этмоқда.
Маданият вазирлиги мазкур масала юзасидан муносабат билдириб, лойиҳа Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Вазирлик таъкидлашича, ҳозирда ҳам санъаткорлар амалдаги қонунчилик асосида солиқ тўлаб келмоқда. Хусусан, улар ҳар ой ижтимоий солиқ (камида 412 минг сўм) ҳамда йиллик даромадидан 12 фоиз солиқ тўлайди.
Шу боис «санъаткорлар умуман солиқ тўламайди» деган қарашлар тўлиқ ҳақиқатга мос эмаслиги қайд этилди.
Қарор лойиҳасининг айрим бандларига енгилликлар киритиш, амалий қўллаш механизмларини қайта кўриб чиқиш, солиқ миқдорларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳанинг турли иштирокчилари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда қатор нормаларни янада аниқлаштириш бўйича Маданият вазирлиги ўз таклиф ва эътирозларини билдирганини маълум қилди.
Маданият вазирлиги мазкур лойиҳа юзасидан муҳокамаларда конструктив ёндашув тарафдори эканини маълум қилди.
Вазирликнинг асосий мақсади бир томондан, соҳада шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, иккинчи томондан эса, ижодкорлар фаолияти учун барқарор, адолатли ва амалий жиҳатдан мақбул шарт-шароитларни сақлаб қолишдан иборатлигини билдирди.