Маҳалла ўзгарса, ҳаёт ўзгаради. Маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади. Маҳаллада инсоннинг дарди эшитилса, унинг муаммоси ҳал этилса, давлатга ишонч мустаҳкамланади.

Бу оддий иборалар эмас. Бугун Ўзбекистонда маҳаллага муносабат давлат сиёсатидаги туб ўзгаришлардан бирини ифода этмоқда. Яъни маҳалла энди фақат аҳоли билан ишлайдиган қуйи бўғин эмас, балки ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини белгилашда иштирок этадиган, эҳтиёж ва ташаббусларини давлат дастурларига олиб кирадиган фаол институтга айланмоқда.

Президентимизнинг давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида айтилган бир ғоя ана шу жараённинг янги босқичини жуда аниқ ифодалади: “Олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади”.

Бу ғоянинг давоми янада муҳим: туман бюджети, инвестиция дастури ва инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади, фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги энг асосий мезонга айланади.

Маҳалла институтини янги босқичга кўтариш амалда бир кунда пайдо бўлган ғоя эмас. Бу ғоя 2017 йилдан бошланган, ­босқичма-босқич ҳуқуқий, ташкилий, молия­вий ва ижтимоий механизмлар билан бо­йитиб борилган катта ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Аслида, 2017 йил маҳалла ислоҳотларининг янги босқичи бошланганди. 2017 йил 3 февралда Президентимизнинг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унда маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, уни аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг давлат ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини кучайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.

Бу ҳужжатнинг аҳамияти шунда эдики, маҳалла фақат миллий ижтимоий институт эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги амалий мулоқот майдони сифатида кўрила бошланди. Одамлар онгида мана шундай анъанани шакллантиришга эътибор қаратилди.

2017 йилдаёқ маҳалланинг вазифалари кенгайтирилди: аҳоли бандлиги, ёшлар тарбияси, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамоат тартиби ва ҳуқуқ­бузарликларнинг олдини олиш каби йўналишларда унинг иштироки кучайтирилди. Шу тариқа янги ёндашув шаклланди: ­муаммо — аввало маҳаллада аниқланади; ечим — одамлар билан бирга изланади; натижа — маҳаллада кўринади.

Маҳалла ҳақида гапирганда унинг фақат бошқарувдаги роли эмас, одамларнинг кундалик ҳаётидаги ўзгаришлар ҳам муҳим. 2018 йилдан “Обод қишлоқ”, ке­йинчалик “Обод маҳалла” дастурлари орқали йўллар, ичимлик сув, электр тармоқлари, газ, транспорт, уй-жой ва ижтимоий инфратузилмани яхшилашга комплекс ёндашув шаклланди.

Жумладан, 2018 йилги “Обод қишлоқ” дастурида 174 тумандаги 368 дан ортиқ маҳалла ҳудуди комплекс янгиланди. Дас­тур асосида уй-жойларни таъмирлаш, 1535 километрдан зиёд ичимлик сув тармоқларини яхшилаш, 2083 километрдан кўп йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш каби вазифалар амалга оширилди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дас­турлари эса бу ишларни тизимли давом эттирди. Расмий маълумотларга кўра, дас­турларнинг аввалги уч йилида 1500 дан ортиқ қишлоқ ва маҳаллада йўл-транспорт инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа ­объектларида қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари бажарилган.

Энг муҳими, кейинги ёндашувда эҳтиёж ва муаммога қараб манзилли ишлашга ўтишга киришилди. Яъни маҳалла иши рақамда эмас, инсон ҳаётида баҳоланадиган мезонга айланди. Шу даврда “маҳалла — жамиятнинг ойнаси” деган қарашдан “маҳалла — бош мезон” тамойилига ўтила бошлади.

2020 йилда Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳалладаги ҳолатни давлат органлари фао­лиятини баҳолашнинг муҳим мезони сифатида белгилаш зарурлигини таъкидлади. Унда “Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади”, деган ёндашув илгари сурилди. Шунингдек, туман бюджети қўшимча манбаларининг бир қисмини маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича янги механизмлар белгиланди.

Бу ерда жуда муҳим бир сиёсий мантиқ пайдо бўлди: давлат идораси “қанча иш қилдим?” деб эмас, маҳалла “қандай ўзгарди?” деб баҳоланиши керак. Бу амалда натижага йўналтирилган бошқарувнинг энг муҳим белгиларидан бири эди.

Маҳалла ҳақиқий буюртмачига айланиши учун унинг ўз молиявий имконияти ҳам бўлиши керак. Шу мақсадда кейинги босқичда “Маҳалла бюджети” тизими шакл­лантирилди. Бу билан маҳаллага маблағ эмас, масъулият ҳам берилди. 2023 йилдан барча туман ва шаҳарларда “Маҳалла бюджети” тизимини амалиётга жорий этиш белгиланди. Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун муайян солиқ тушумларининг бир қисми йўналтирила бошланди. Бу жуда муҳим ўзгариш эди. Чунки авваллари маҳалла муаммони айтган, давлат идораси эса маблағ ажратган. Янги тизимда эса маҳалла муаммони аниқлайди, устуворликни белгилайди, маблағдан фойдаланиш механизмига эга бўлади, натижа учун масъулият ҳам ортади.

2026 йилги ўзгаришлар билан ушбу молиявий база янада кенгайтирилмоқда. Хусусан, 2027 йил 1 январдан жисмоний шахслардан ундириладиган мол-мулк ва ер солиғи тушумларининг маҳаллага йўналтириладиган улуши 15 фоиз этиб белгиланган. 2026 йил 1 июлдан эса маҳалла ҳудудидаги санитария ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи каби янги манбалар ҳам назарда тутилган. Демак, маҳалла аста-секин “маб­лағ кутиб ўтирадиган ҳудуд”дан “маблағни шакллантириш ва йўналтиришда иштирок этадиган ҳудуд”га айланмоқда.

Маҳалланинг буюртмачи сифатидаги роли шаклланишида “Ташаббусли бюджет” механизмининг аҳамиятини ҳам таъкидлаш лозим. Мазкур тизим орқали фуқаролар ўз ҳудудида қайси лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини белгилаш жараёнида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар. “Ташаббусли бюджет” орқали халқ овози маблағ тақсимотига кириб келди. Бу жараённинг яна бир муҳим босқичи “Ташаббусли бюджет” ва “Очиқ бюджет” механизмлари ривожланиши бўлди.

Бир маҳалла учун ички йўл муҳим. Бошқаси учун болалар майдончаси. Яна бири учун электр ёки газ. Айримлари учун ичимлик сув ёки ободонлаштириш. Демак, тараққиётнинг ягона қолипи эмас, маҳалланинг реал эҳтиёжи устуворлик касб эта ­бошлади.

2023 йилдан эса “маҳалла еттилиги” орқали муаммони бир жойда ҳал қилишга қадам қўйилди. Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган фармони маҳалла институтининг жамият ва аҳоли муаммоларини ҳал этишдаги биринчи бўғин сифатидаги ролини янада кучайтиришга қаратилди. Шу ҳужжат асосида маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат “маҳалла еттилиги” шакллантирилди.

Аслида, бу тизимнинг моҳияти оддий: аҳоли муаммосини бир идорадан иккинчисига юбориш эмас, маҳалланинг ўзида турли соҳалар вакилларини бирлаштириб, комплекс ҳал қилиш. Камбағаллик, ишсизлик, ижтимоий ҳимоя, ёшлар масаласи, хотин-қизлар муаммоси, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва солиқ масалалари бир-биридан узилган ҳолда эмас, бир ҳудуд — бир оила — бир инсон тақдири нуқтаи назаридан кўрила бошлади. Бу эса маҳалланинг ижтимоий манзилдан бошқарувнинг реал марказига айланиш жараёнини тезлаштирди.

2024 йил маҳаллалар ободлигини таъминлаш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилди. Президентимизга қилинган тақдимотда 10 мингга яқин маҳалла борлиги, уларнинг катта қисмида ободонлаштириш ишлари бажарилаётгани қайд этилар экан, “Маҳалла сервис компанияси” тизимини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу компаниялар маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида танланиб, ободонлаштириш ишларини маҳалланинг буюртмаси ва назорати асосида амалга ошириши белгиланди. Шу билан “буюртмачи маҳалла” ғояси инфратузилма ва ободонлаштиришнинг амалий механизмига ҳам кириб борди. Бу ерда янги фалсафа намоён бўлди: маҳалла учун ишлаш эмас, маҳалла билан бирга ишлаш.

Кузатиш ва татбиқ этишнинг комплекс ривожланиб бориши 2026 йилдаги мақсадларда маҳаллани “тараққиёт буюртмачиси”га айлантириш ғоясини юзага чиқарди. Шу асосда жорий йилга келиб, маҳалла ислоҳотлари яна бир янги босқичга чиқмоқда.

Президентимизнинг 2026 йил 24 июнда қабул қилинган фармони маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга қаратилган қўшимча чораларни белгилади. Ҳужжатда “маҳалла еттилиги” таркиби ва бошқарув механизмлари такомиллаштирилди, “Маҳалла бюджети”нинг молиявий базаси кенгайтирилди. Шу йил 5 февралда қабул қилинган қарорда эса маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, ҳар бир маҳаллада кичик ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларида ўртача 10 тадан, жами 90 мингта микролойиҳани амалга ошириш вазифаси қў­йилди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” фаолиятига оид ахборот базаларини интеграция қилиш назарда тутилди.

Демак, маҳалла энди фақат ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш жойи эмас. У тадбиркорлик ҳудуди, бандлик ҳудуди, инвестиция ҳудуди, инфратузилма ҳудуди, ижтимоий ҳимоя ҳудуди, жамоатчилик назорати ҳудуди ва энг муҳими, тараққиётни режалаштириш ҳудуди. Янги босқич — “давлат дастури”дан “маҳалла буюртмаси”га ғояси остида аслида мана шу мақсадлар ётади.

2026 йил 28 августда мустақилликнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз томонидан илгари сурилган “маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш” ғояси мана шундай кўп йиллик йўлни босиб ўтган ислоҳотларнинг мантиқий натижасидир. Эндиликда ёндашувнинг моҳияти янада аниқ: туман бюджети ва инвестиция дастури маҳалла эҳтиёжидан келиб чиқиши, инфратузилма лойиҳаси маҳалла буюртмаси асосида ­шаклланиши керак.

Уларнинг тартибга солиниши аҳолини иш ва ривожланиш имкониятлари билан таъминлаши лозим. Бу имкониятлар эса, ўз навбатида, фаровон яшашга асос бўлиши зарур. Бу давлат бошқарувини “юқоридан пастга” режалаштиришни “пастдан юқорига” шакллантириш элементлари билан бойитиш демакдир. Яъни маҳалла → туман → вилоят → республика занжирида эҳтиёж ва ташаббус юқорига кўтарилади.

Бу ўзгариш энди оддий бошқарув ислоҳоти эмас. Маҳалланинг асосий ­буюртмачига айланиши фақат бюджет ёки йўл масаласи эмас. Бу, аввало, давлат идораси ва фуқаро ўртасидаги муносабат маданиятининг ўзгариши, яқинлашувидир. Агар аввал фуқаро “давлат мен учун нима қилади?”, деб кутган бўлса, янги моделда “менинг маҳаллам учун нима керак ва буни қандай амалга ошириш мумкин?”, деган савол ҳам ўртага чиқади. Шу маънода, маҳалла фуқаронинг давлат бошқарувидаги энг яқин нуқтасига айланади.

Бу ерда давлат ва жамият яхлитлигининг энг оддий, аммо энг таъсирчан кўриниши пайдо бўлади: одамнинг овози маҳалла режасига — маҳалла режаси туман дастурига — туман дастури ҳудудий инвестиция режасига — натижа эса одамнинг кундалик ҳаётига айланиши керак.

Бир савол пайдо бўлади. Маҳалла буюртма берса, натижани ким назорат қилади?

Янги моделнинг муваффақияти муҳим бир шартга боғлиқ: буюртма бериш билан бирга жамоатчилик назорати ҳам кучайиши керак. Чунки маҳалла буюртмачи бўлса, у қуйидаги саволларга жавоб бера олиши лозим: нима учун айнан шу лойиҳа танланди? У қанчага тушади? Қачон амалга оширилади? Ким бажаради? Натижа қандай бўлади? Аҳоли розими? Маблағ самарали сарфландими?

Шундагина “маҳалла буюртмаси” оддий қоғоздаги топшириқ эмас, жамоатчилик асосида шаклланадиган бошқарув механизмига айланади. Ана шу тарзда ғоя истиқболда “ақлли маҳалла”дан “тараққиёт лабораторияси”га айланишни кўзда тутади.

Мазкур ғояни амалга татбиқ этишнинг келгуси босқичларида маҳалла институтини янада ривожлантириш учун бир неча йўналиш алоҳида аҳамият касб этади.

Биринчидан, ҳар бир маҳалланинг “тараққиёт қайдномаси” бўлиши керак. Унда аҳоли сони, даромадлар, ишсизлик, камбағаллик, инфратузилма, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик, экологик ҳолат ва бошқа кўрсаткичлар реал вақтга яқин шаклда акс этиши мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, “маҳалла буюртмаси” рақамлаштирилиши керак. Фуқаро маҳалласидаги муаммони электрон шаклда ­киритади. Маҳалла уни устуворлик даражаси бўйича саралайди. Туман бюджети ва инвестиция дастурида ушбу буюртманинг тақдири очиқ кўринади.

Учинчидан, натижа учун шахсий ва жамоавий масъулият кучайтирилиши керак. Маҳалла буюртма берса, маҳалла раҳбарияти ва масъуллар натижа ҳақида ҳисоб бериши лозим.

Тўртинчидан, маҳалла тадбиркорлик ва инвестициянинг энг қуйи, аммо энг муҳим нуқтасига айланиши мумкин. Чунки инвестор учун ҳам энг муҳим саволлардан бири бу ҳудудда нимага талаб борлиги. Буни эса энг яхши биладиган жой маҳалладир.

Бешинчидан, “маҳалла — инсон капитали маркази” тамойилини кучайтириш зарур. Ҳар бир маҳаллада кимнинг қандай касби бор, ким тадбиркор, ким ишсиз, кимда қандай салоҳият бор — бу маълумотлар иқтисодий режалаштиришнинг муҳим ресурсига айланиши мумкин.

Аслида, энг катта ўзгариш тафаккурда содир бўлади. Маҳалла ислоҳотлари натижасини фақат қурилган йўллар, таъмирланган бинолар ёки ажратилган маблағ билан ўлчаб бўлмайди. Энг катта натижа — маҳалланинг давлат ва жамият ҳаётидаги роли ҳақидаги тасаввурнинг ўзгараётганида.

2017 йилда асосий вазифа маҳалла институтини мустаҳкамлаш эди. Кейинги босқичда унинг ваколатларини кенгайтириш, “Обод маҳалла” орқали ҳудудни яхшилаш, “маҳалла бюджети” орқали молия­вий имконият бериш, “маҳалла еттилиги” орқали турли соҳаларни бирлаштириш, “Ташаббусли бюджет” воситасида аҳоли овозини маблағ тақсимотига олиб кириш ишлари бажарилди. 2026 йилда эса янги вазифа қўйилмоқда — маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантириш.

Мазкур занжирнинг мантиқий давоми будир: маҳалла муаммони аниқлайди, эҳтиёжни белгилайди, ташаббус ва буюртма беради ҳамда натижани баҳолайди. Шунда давлат дастурлари қоғозда эмас, маҳалла ҳаётида намоён бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда 2017 йилдан кейин маҳалла институтига муносабат аста-секин “ижтимоий ёрдамнинг қуйи бўғини”дан жамият тараққиётини ташкил этишнинг муҳим институтига қараб ўзгариб бормоқда. Бу йўл ҳали тугагани йўқ. Аксинча, Президентимизнинг 2026 йил 28 августдаги нутқида илгари сурилган янги мақсад унинг янада юқори босқичини белгилаб беради. Ғоя маҳалла давлат дастурларининг ижрочиси эмас, уларни шакллантиришдаги асосий буюртмачи бўлиши керак. Бу ғоя­нинг ҳақиқий қиймати шундаки, у давлат тараққиётининг марказига яна бир бор инсонни қўяди. Чунки мамлакат тараққиётининг энг аниқ кўрсаткичи ялпи ички маҳсулотнинг рақами ёки қурилган бинолар сонигина эмас. Инсоннинг уйидан чиқиб, ўз кўчасига қараганда нимани кўраётгани, фарзанди қандай мактабда ўқиётгани, оиласида даромад манбаи бор-йўқлиги, кўчасида сув, электр, газ, йўл ва интернет қай даражада экани, ёшларнинг иши бор-йўқлиги, кексасининг ўзини қадрланган ҳис қилиши тараққиётнинг энг ҳақиқий ўлчовидир.

Шунинг учун маҳалла ҳақиқатан жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айланса, бу фақат маҳалла тизимидаги ўзгариш бўлмайди. Бу давлат бошқаруви фалсафаси ўзгариши, яъни тараққиётнинг манзили энди умумий статистика эмас, аниқ маҳалла, аниқ кўча ва аниқ инсон бўлади.

Маҳалла обод бўлса, инсон рози. Инсон рози бўлса, жамият барқарор. Жамият барқарор бўлса, давлат фаровон. Давлат фаровон бўлса, уни аҳоли асрайди, ҳимоя қилади, қадрлайди, парвариш­лайди. Шу маънода, бугунги “маҳалла — тараққиёт буюртмачиси” ғояси ялпи равишда англанса, эртанги “маҳалла — янги Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим таянч нуқтаси” тамойилига айланиши мумкин.

Фазлиддин РАВШАНОВ,

сиёсий фанлар доктори, профессор