2025 йил 3 январь ва 2026 йил 5 январь кунлари қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари айнан шу муҳим бўғинни мустаҳкамлашга, маҳаллани жамият тараққиётининг фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳаллаларда жиноятчиликни камайтириш, ижтимоий муаммоларни жойида ҳал этиш ва аҳоли билан бевосита ишлаш тизими йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январдаги қарори билан ҳар бир маҳаллада манзилли профилактика, яъни муаммо қаерда бўлса, ечим ҳам ўша жойда бўлиши тамойили асосида иш юритиш белгилаб берилди. Натижада кўплаб ҳудудларда жиноятчилик сезиларли даражада камайиб, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончи мустаҳкамланди.
Мазкур қарорда маҳаллаларда “намунали хавфсиз кўча” ва “намунали хавфсиз уй” тизимини жорий этиш, профилактика инспекторларининг фаолиятини кучайтириш, жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар белгиланди. Энг муҳими, маҳалла еттилиги, фаоллар, нуронийлар ва ёшлар етакчиларининг биргаликдаги масъулияти кучайтирилди. Бу эса “менинг муаммом – маҳаллам муаммоси” деган тушунчани амалий ҳаётга олиб кирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январдаги қарори эса бу ишларни янги босқичга олиб чиқди. Эндиликда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича яхлит ва узлуксиз ишлаш тизими жорий этилмоқда. Ҳар бир криминоген вазияти оғир маҳаллага аниқ масъуллар – ҳоким, прокурор, ички ишлар ва бошқа соҳа раҳбарлари бириктирилиши белгиланди. Яъни, энди муаммо учун “ҳеч ким жавобгар эмас” деган тушунча бўлмайди.
Қарорда, айниқса, оила муаммолари, ёшлар ва аёллар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг асл сабабларини илмий асосда ўрганиш, низоли оилалар билан тизимли ишлаш, ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса жиноят содир бўлгандан кейин чоралар кўриш эмас, балки уни олдиндан бартараф этишга хизмат қиладиган мутлақо янги ёндашувдир.
Шунингдек, “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” доирасида маҳаллаларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар, меҳнат ярмаркалари, ҳуқуқий маслаҳатлар, маданий ва спорт тадбирларининг ўтказилиши белгиланди. Бу ташаббуслар орқали маҳалла ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айланмоқда.
Бугун маҳаллада содир бўлаётган ҳар бир ўзгариш одамларнинг ҳаётида яққол сезилмоқда. Янги иш ўринлари, тадбиркорликка жалб этилаётган ёшлар, муаммоси ҳал бўлган оилалар – буларнинг барчаси давлат сиёсатининг айнан маҳалла даражасида натижа бераётганидан далолатдир.
Энг қувонарлиси, бу қарорлар орқали маҳалла фақат ёрдам кутувчи тизим эмас, балки ташаббус кўрсатадиган, ўз келажагини ўзи белгилайдиган кучли институтга айланмоқда. Эндиликда маҳаллада тинчлик бўлса – мамлакатда барқарорлик бўлади, маҳалла обод бўлса – юрт равнақи таъминланади, деган ҳақиқат янада мустаҳкамланмоқда.
Президентимизнинг ушбу икки муҳим қарори маҳаллани жамият тараққиётининг юрагига айлантириб, “инсон – жамият – давлат” тизимини айнан маҳалла орқали мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим таянчи – тинч, обод ва фаровон маҳаллалар сари ташланган ишончли қадамдир.
И.Б.Джураев,
Тошкент давлат юридик университети
ўқитувчиси