Тасдиқланган низомга мувофиқ, маҳкумларнинг адабиётларни ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш, тест синовлари жараёнини назорат қилиш ҳамда натижаларни тасдиқлаш учун муассаса ходимлари ва жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия тузилади.

Комиссия йиғилишлари, қоида тариқасида, ҳар йили камида икки марта — февраль ва август ойларида ўтказилади.

Тест натижалари бўйича тайёрланган комиссия хулосаси маҳкумга имзо қўйдирган ҳолда таништирилади ва унинг шахсий йиғмажилдига киритилади. Шунингдек, хулосанинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади, маҳкумнинг ҳимоячисига эса сўровига кўра тақдим этилади.

Низомга кўра, маҳкум тест синови натижалари билан таништирилган кундан бошлаб беш иш куни ичида тест ўтказиш жараёни ёки унинг натижалари юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Суд шикоятни кўриб чиқиб, далиллар тасдиқланмаган тақдирда тест натижаларини ўзгаришсиз қолдириши, далиллар асосли деб топилса эса шикоятни қаноатлантириб, тест натижаларини бекор қилиши мумкин.

Мазкур тартиб маҳкумларнинг маънавий тарбиясига кўмаклашиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган.