Ушбу “Сўзбоши”нинг сарлавҳаси аввал бошда “Сўз айтиш саодати” тарзида қўйилган эди. Дарҳақиқат, бу кўҳна ва янги очунда, кўкламда бойчечак ва қўзигулларнинг илдиз ёриши самовотга қадар – юлдузларгача етиб борса-ю, “глобаллашув” замонидаги заминдошларинг буни илғамаса, қизиқ экан. “Илдиз” билан “юлдуз”нинг эгизак келишини қаранг.

Сўз айтиш қабоҳат бўлган замонлар ҳам кечди.

Сўз жароҳат олган, Сўз жасоратга айланган йилларимиз бор.

Мен сўзлар уммонида қолиб кетдим. Сўз тўфонида деса ҳам бўлгай.

Дунёни сув босган десам, йўқ-йўқ, сўз босиб ётган экан.

Кўзлар дунёсида нима сир-синоат бор экан? “Одамлар қўрқарлар ёмон кўзлардан. Мен эсам шу яхши кўзлардан қўрқдим”, дер эди Омон ака — нозиктаъб шоиримиз Омон Матжон. Азиз устозларим қайга кетдилар?.. Қани, қайда эканлар?.. “Эр бошига иш тушса” китобини ёзган улуғ жангчи адиб Одил Ёқубов қанилар? “Почта” орқали буюртма бериб олганим, 8-синфда, ўн тўрт ёшимда биринчи ўқиган роман жанридаги илк китобим шу эди: “Эр бошига иш тушса”. Биринчи шеърий туркумимни кейин “ЎзАС”да шу киши чиқарган. Қанилар? Қайдалар? Миртемир домла, Шуҳрат домла, Пиримқул Қодиров билан Асқад Мухтор йўқ-ку! Буюк Айтматов қани? Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков сингари адабиётимизда ўз сўзини, ўлмас сўзини қолдирган бутун бошли бир буюк авлод қани, қайга ғойиб бўлди? Эркин ака, Абдулла ака қайда, қаерга кетди?

Ҳазрати Бобурнинг маълум ва машҳур “Ҳар вақтки, кўргасен менинг сўзумни, Сўзумни ўқуб, соғинғасен ўзумни” сатрлари елкасида неча “Бобурнома” билан не-не тарихлару салтанатларнинг залвори юкланганини яхши англаймиз. Бу тамсилни ҳозирча очиқ қолдирамиз...

Устоз Эркин Воҳидовга келганда сўз тўхтаб қолди. Аниқроғи, сўз латофати тўхтаб қолди. Сўз саодати бошланди. Сўз айтиш матонати бошланди.

Эркин ака Алишер Навоий бобомизни жуда яхши кўрарди. Сўз санъати — сўз маҳоратию сўз зарофатидан ҳамиша ҳайратланиб гапирарди. Иқтибосни ҳам “Хамса”дан келтирамиз. “Садди Искандарий”дан бир байт:

Навоий, сўз айтурда фарзона бўл,

Чу иш бошинга тушди, мардона бўл!

Ўхшашликни кўринг: раҳматли устозимиз Абдулла Орипов “Сўзни мард киши айтади”, дер эди. Бобо ва набиралар-да! Қон тортади-да!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат “Туркий адабиёт дурдоналари” деб номланган 100 жилдлик китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш ғоясини илгари сурган эди.

Ушбу эзгу ташаббус асосида биринчи бўлиб Ўзбекистонда мана шу муҳташам адабий мажмуа яратилди.

Мазкур кенг кўламли, залворли бадиий силсилага умумтуркий адабиётнинг энг етук намуналари, Ўзбекистон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Венгрия давлатларининг атоқли шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилди.

Туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган ушбу кутилмаган йирик лойиҳа она юртимизда маърифат ва адабиётга кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг, халқимизнинг қардош халқлар ва уларнинг сўз санъатига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиромининг чинакам амалий рамзига айланди...

 

* * *

Буни қарангки, мазкур адабий ва энди-да, емирилмас абадий обиданинг “100 жилд­лик” деган ёзуви замирида тарихий бир сир яширингандай. Унинг бунёдга келмоғи учун юз йиллардан ҳам кўпроқ ҳукмронлик қилган мустабид тузумлару не-не ёлғон таълимотлар барбод бўлмоғи шарт ва зарур экан.

Мустақиллик шамлари пирпираб, истиқлол омборларида уч кунлик буғдойимиз қолган оғир синовли кунларни ҳам бошдан ўтказишга тўғри келди. Ранжу аламлар, ўкинчлару ўтинчлар ҳам кўп бўлди. Ўй ва хаёлларда, онг ва тафаккуримизда қандайдир ишончсизлик, ноумидлик ва тушкунлик аста давом этаётгандай эди гўё...

Ва кутилмаган бу даъват, порлоқ ва мунаввар бу ғоя: 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”. Тарихда бўлмаган гап.

Гўё барча қавмларимиз — тилдошлару дилдошларимиз ҳам порлоқ шу лаҳзаларни юз йиллар “миқ” этмай кутиб ўтиргандай. Истибдод билан Истиқлол жимлик бўйича ҳам зимдан куч синашаётгандай бўлиб кўринган бир ҳолатда ҳақиқатан мўъжиза рўй берди. Давлатимиз раҳбари, ҳа, айнан бизнинг Президентимиз томонидан оламшумул адабий ғоянинг оламшумул минбардан туриб баралла ўртага ташланиши, аввалига анжуманнинг бевосита иштирокчилари бўлиб ўтирган “манаман” деган давлатларнинг йўлбошчиларини ҳайратда қолдиргандай бўлди.

Кўзланган ният, мақсад ва муддао қалб-қалбларига етиб боргач, умид ва армонларимиз аён бўлгач эса англашилмовчилик онлари тез тугаб, олқиш ва қарсаклар янграган эди. Муҳташам давра аҳлининг — арбоблару аъёнларнинг юз ва қиёфаларида шундай бир эътироф ва хулоса мужассам эди гўё: “Қаранг-а, шунча йиллар индамай юрган эканмизда-а? Китоб билан ҳам, адабиёт билан ҳам олқиш олса бўлар эканда-а?..”.

Ўша кунлардан бошлаб, айнан ўша нурли онлардан буён китоб ва китобхонлик бизнинг Президентимиз тимсолида дунё минбарига чиқди.

Давлат раҳбарлари бир-бирларига китоб туҳфа қиладиган бўлди. Йўлбошчимиз шарофати билан бу эзгу амал умуммиллий ҳодисадан умумбашарий, давлатлараро юксак инсоний анъанага айланиб қолди.

Кейинги халқаро учрашувга Туркия жумҳурбошқони, муҳтарам Режеб Таййип ­Эрдоған жаноби олийлари устоз Эркин ­Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасини жонли тилда ёддан айтиб келгани бутун туркий дунёга овоза бўлиб кетди.

Фахр ва ғурур билан айтиш мумкинки, биз Президентимиз сиймосида китоб билан, маърифат билан ҳам жаҳонгирлик илмидан хабардорлигимизни яна бир карра олам аҳлига намоён этмоқдамиз.

Навоий бобомиз ҳам буни тасдиқлаб турибди:

Не мулк ичраки бир фармон йибордим,

Анинг забтиға бир девон йибордим.

Дунё бошқонлари лолу ҳайратда: “Манас” ботирлару Юнус Эмро ҳазратлари олам минбарларига чиқиб кетди. Ҳазрат Махтумқули билан Фузулий бобонинг девонларини кўринг — замон олампаноҳлари даврасида қўлма-қўл бўлганларини!

Мана, ҳозиргина яна бир халқаро янги хушхабар келди: АҚШнинг Пенсильвания штати Филадельфия шаҳри, ундан кейин Нью-Йорк шаҳарларида замонамизнинг таниқли сиёсатшуноси Қудратилла Рафиқовнинг “Миллат Шавкати” китоби тақдимоти катта завқ ва ҳаяжон билан бошланиб, шундай баланд руҳда муваффақият билан давом этаётган экан.

Дунё давлатлари қурол-яроғ тарқатаётган, жанговар ракеталари билан олам тинчлигига таҳдид солаётган сертаҳлика, алғов-далғов бир пайтда — биз китоб ва маърифат, нур ва зиё тарқатмоқдамиз. Дунёни эзгулик эгалласин деб. Дунёда инсонийлик, инсонпарварлик завол топмасин деб.

Жоҳил, муғамбир дунё бизга савол бераётир: “Сиз ким томон, кимлар томон?” деб. Жаҳлингиз чиқадими ахир?!.

Биз жавоб бераётирмиз: “Бизлар халқимиз томон, ватанларнинг, эллар-элатларнинг гуллаб-яшнаши томон”, деб. Биз тинчлик ва омонлик томондамиз. Биз — фарзандларимизнинг бахту камоли томонмиз деб. Келинг, гаплашайлик. Тиллашайлик. Сўзлашайлик деб. “Дунё — тижорат билан, муросаю мадора билан ободдир”, демишлар бизнинг улуғларимиз. Бу ҳикматлар муқаддас китоблардан иқтибос келтирилганини ҳам унутмаслигимиз керак. Демакким, бу ёруғ дунё билим билан, маърифатнинг нуру зиёси билан янада мунавварроқдир! Якун шулким, демак, дунё — илму маърифат билан обод ва мукаммалроқдир дегимиз келади-да!

Ер юзи тилсимотларга, ҳавас ва ҳайратлар, ажойиб ва ғаройиб тахмин ҳамда тамсилларга лиқ тўла. “Ўзбек шоир ва ёзувчиларига маза, — деган эди бир қардош шоир дўстимиз. — Адабиётни яхши кўрадиган Президентингиз бор. Қалам аҳлига эътибор зўр. Янги ва янги муҳташам бинолар, тап-тай­ёр бошпаналару оқ-ойдин хиёбонлар! Ижод уйларию ижод мактаблари, санаторийлар, унвонлару қатор-қатор орденлар! Ўз-ўзидан осмондан тушмайди-ку булар! Яна нима керак, қарсиллатиб ёзиш керак! Вақт ўтиб кетаверади. Авж пардаларда, баланд пардаларда Инсонни куйлаш керак. Гуриллаб, ловиллаб замонни ёзиш керак. Замон солномасини яратиш керак! Ватанни ёзиш керак. Ёзганда ҳам фақат ёниб ёзиш керак!..”.

Булар жиддий гаплар эди. Ҳавас ва ­эътироф баробарида эътироз ва ўкинч, даъват ва ҳайқириқ ҳам эди у сўзлар...

* * *

Устоз Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобининг турк тилида тайёрланган нашрига сўзбоши сўралганида, ўша лаҳзаларда кутилмаган хушхабардан сўнг шу баҳонада тахминан шундай ўй-хаёллар мени тамомила банд этган эди. Сал эсанкирагандай, “Сўз латофати”га-я, сўз заргари саналмиш устоз Эркин Воҳидовнинг китобига-я?!” қабилидаги иштибоҳлар кўнгилдан кечгани ҳам айни ҳақиқат.

Ва яна кўнгилнингми, онг ё тафаккурнингми хилват бир кунжагида устознинг “Инсон” қасидасидаги якуний сатрлари ҳам дудама пичоқ тиғларидай санчилиб, зирқираб турарди: “Эй сен Эркин, сен букун, ёздинг дилингдан бир тугун: Сен ким-у, не даҳри дун? Бийрон ўзинг, нодон ўзинг!..”.

Бундайин донишмандона лутфу латофат қайда-ю, биз қайда? Устозимиз бор-йўғи дилнинг бир тугунини ёзибдилар, бир тугунгинани очибдилар, холос. Эҳ-ҳе, бизга, биз каби доною нодонларга йўл бўлсин!..

Шу боис, гапни узоқ-яқин тарихдан, яна ҳам аниқроғи, “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасидан бошлаганимиз бесабаб эмас эди, албатта.

* * *

Аввалига икки оғиз маълумот: устозимизнинг “Сўз латофати” китоби бениҳоят сирли-сеҳрли, кўркам ва чиройли китоб бўлган. Бундан икки йил олдин жонкуяр олима, профессор Алмаз Улви хоним томонидан Озарбайжонда ҳам нашр этилган. Ғоят нозик дид, назокат ва зарофат билан битилган ушбу Сўзномага сўз ёзиш бошда осондай туюлган бўлса-да, Чўлпон ҳазратлари айтгандай, ­“бошимни зўр ишга бериб қўйганим”ни кейин англаб етдим.

Авваламбор, ушбу туркча нашрнинг бор юмуш ва ташвишларига кайвонилик қилаётган “Турксой” ташкилотига, унинг жонкуяр ва беҳаловат раҳбари, таниқли адиб, Қирғиз халқ ёзувчиси Султон Раев оғамизга ва албатта, мутаржимлар Авазхон Умар ҳамда Жаҳонгир Демир сингари заҳматкаш инсонлар меҳнатига таҳсин ва ташаккурлар айтмоқ жоиз. Султон оға оламшумул адиб, таниқли жамоат арбоби Чингиз Айтматовнинг саноқли, аммо суюкли шогирдларидан бири.

Ишда ҳам, ижод ва ижтимоий фаолиятда ҳам таълим ва тарбияни улуғ устозидан олганлиги таҳсинга сазовор. Эътиқод ва халқпарварликда ҳам Чингиз Айтматов ибрат бўлган. Қутлуғ бўлсин деймиз, буюрсин деймиз.

Бошқа гапни айтмоқчи эдим: бор-йўғи саккиз-ўн йиллар аввал ушбу ташкилотнинг ўзи тугул, ному нишони ҳам бизга яқин йўлолмас эди. Ўзбегимдан фахр этиб, “Ўзбегим”ни қойилмақом қилиб ёзган шоирини ҳам, ҳофизини ҳам саҳнага чиқармай қўйган сертаъқиқ ва дилгир бир кунлар эди. “Ифтихоримиз” дердигу, устоз Абдулла Орипов ҳолидан ҳеч ким кўрмасин деб беркиниб, яширинча хабар олардик. “Хабар олгандай” бўлардик.

Бугун энди мутлақо янги замон. Янги Ўзбекистон асосчисининг ўзи эътироф этгандай: “Бўлар экан-ку!..”.

Ортга қайтмас ислоҳотлар замони дейди буни.

Бизга Фарангистон Президенти Эммануэл Макрон жаноби олийларининг ташриф чоғи Президентимиз ҳамроҳлигида Самарқандда, Регистон майдонини сайр қилиб юргандаги ҳайрат ва ҳаяжонини ичга сиғдиролмай айтган гаплари, аниқроғи, эътироф ҳайқириғи беҳад маъқул келган эди.

Макрон жаноблари соф ўзбек тилида: “Яшасин Ўзбекистон ва Франция!” дебон меҳр-муҳаббатини жонли ижрода, фарангча мақомда изҳор этганида, бутун Регистон майдонию миноралар порлаб-чарақлаб кетгандай бўлган эди. Бу биргина шахснинг эмас, балки бугунги кибор Оврупонинг очиқ ва аниқ эътирофи, янги Ўзбекистоннинг янги сиёсати билан танлаган йўлини бани башар кўзи ўнгида қойил қолиб, тан олиши эди.

Яна бир ажиб ва ғаройиб ҳолатни — бир-бирига мос ва мутаносиб келган, бир пайтнинг ўзида, бир сония ичида икки кўнгилдан кечган икки ўхшаш ўйми, мулоҳазаними айтиб ўтмасак бўлмас. Гап шундаки, биз “Турксой” ташкилотидан “Сўз латофати” тўғрисидаги хушхабарни олган айни ўша лаҳзаларда, буюк қозоқ шоири ва маърифатпарвари Абай Қўнонбоев туғилган куни 10 август — таваллуд санаси муносабати билан муҳтарам зотнинг муҳташам ҳайкали пойига гуллар, гулчамбарлар қўйиб бўлиб, тадбирнинг бадиий қисмини бошламоқда эдик. Абай бобонинг умри охирида битган сўнгги битиклари — ҳажми кичиккина, аммо маърифий-тарбиявий аҳамияти, мазмун-моҳияти эса одамзодга қиёматга қадар етиб ортадиган буюк асари “45 қора сўз” номи билан маълум ва машҳур “Абай насиҳатномаси” (“Васиятнома” деса ҳам бўлади) ҳақида гапираётиб, эндигина ушбу байтни иқтибос келтираётган жойимиз эди:

Ўлди деса бўладими, ўйланглар-чи,

Орқасида ўлмайдиган Сўз қолдирган.

(Сўзма-сўз таржима қилган Носир ­Фозилов).

* * *

Ўша тиғиз ва шошқин келган дамларда таниқли турк адиби ва олими, жамоат арбоби доктор Кемал Явуз Атаман афандининг “Мен таниган Ўзбекистон” китоби тақдимотига ҳам вақт топиб, тўпланишга ҳам улгурган эдик. Китоб — Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган бўлиб, бугунги янги Ўзбекистонимиздаги оламшумул ислоҳотлару ўзгаришлар, ­буларнинг бош бунёдкори ҳурматли ­Президентимизнинг қизғин ва жўшқин фаолияти холис ва беғараз бир адиб томонидан меҳр ва ҳайрат билан тасвирланган самимий дил изҳорлари эди.

Китоб тақдимоти чоғида муҳтарам Кемал афанди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзоликка қабул қилиниб, расмий гувоҳнома тантанали тарзда эгасига топширилган паллалар ғоят ҳаяжонли кечди. Кемал жаноблари кутмаган эканми, бехос кўзлари гирдида ёш ғилтиллади, “лабда табассуму кўзда ёш билан” (устоз А.Орипов ибораси) гувоҳномани қабул қилиб олди.

 

* * *

“Сўз латофати”ни аста варақласангиз, азиз устозимиз ўзининг яқин дўсти, қозоқ халқининг яна бир атоқли шоири ва тилшунос адиби Ўлжас Сулаймоновнинг “Код слова” (“Сўзнинг қулфу калити”) асарию “1001 сўз” луғат китоби билан қилган қизиқ мулоқотларигача завқ бағишлайди.

Бошқирд шоири Мустай Карим билан бўлган гурунглар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Алқисса, бу китобни ўқиш керак, уқиш керак. Ҳамма қулфу калит, ҳамма тилсиму тилсимот, ҳамма гап шунда!

Қирғиз халқининг буюк намояндаси Чингиз Айтматов аллақачонлар ўзбекларнинг ҳам ўз туғишган фарзандига, ўзбекнинг ўз ёзувчисига айланиб бўлган. Қардошлик, дўстлик, биродарлик бизнинг қон-қонимизда, бу мавзуда қиёс келтирамиз десак, қиёсимиз беқиёс, иқтибосимиз беҳисоб... Энг муҳими — дўстимиз, дўстларимиз беҳисоб бўлсин. Сўзимиз, Эзгу Сўзимиз, инсоннинг инсонлигини кўрсатадиган, инсонни юксалтирадиган юксак сўзимиз кўп бўлсин!

Ишончимиз комилки, турк китобхони устозимизнинг “Сўз латофати”ни мутолаа қилиб, момоларимиз тили билан айтганда, баҳра олади. Роҳатланади. Бунга шак-шубҳа йўқ.

“Сўз латофати”нинг Туркий дунёга бошлаган сафари бехатар, саёҳати бахайр бўлсин деймиз.

Разолатдан, қабоҳату жаҳолатдан, адоватдан, энг ёмони, касофатдан, сўз касофатидан Яратганнинг ўзи асрасин! Сўз — диёнат бўлсин, ҳаргиз хиёнат бўлмасин. Балою қазодан, ҳалокату надоматдан паноҳ берсин!

Худойим саховатдан, садоқатдан буюрсин! Мен шу элнинг, шу адабиётнинг камтарин бир вакили, қарздор бир ижодкори сифатида айта оламанки, давлатимиз раҳбарининг “Жаҳолатга қарши маърифат билан!”, “Адабиётсиз — ҳаёт ҳам, нажот ҳам йўқ!”, “Адабиёт — халқнинг юраги” сингари китобхонликка даъватларини, даъватнинг ўзигина эмас, гўё олам аҳлига қарата ҳайқираётган, нолаю фиғон чекаётган, эй одамизод, кўзингни оч, дея бутун бир миллатни, рўйи заминда яшаётган одамиятни илму маърифатга чорлаётган буюк бир зотни, ўз она Ватани учун жонини тикиб, жаҳон майдонига чиққан фидойи ва халқпарвар мард ва матонатли етакчини кўраман!

Бўлмаса, бу кунлар қайда эди, бу давру давронлар қаерда эди?

Бугунги ёш авлод — фарзандларимиз, ўғил-қизларимизнинг толеи порлоқ экан. Фақатгина ҳавас қилиш мумкин.

Демакким, Сўз — наинки латофат, наинки зарофат ва нафосат, сўз меҳру муҳаббат ҳам, бағрикенглик ва мурувват ҳам сўз.

Сўз — адолатдир. Сўз латофати — сўз садоқати ҳамдир.

Бугун оламни ҳайратга солган улуғвор сўзларимиз бор.

Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси — айтиш мумкинки, буюк аждодларимизнинг илму маърифатига, шу давру давронга мамлакат етакчисининг халқимиз иродасини ўзида мужассам этган улуғвор ниятлари, Буюк Сўз обидаларидир.

Дунёда Сўз айтмоқ саодатини берган матонатли зотларга таҳсин ва тасаннолар бўлсин. Демакким, Сўз матонатдир. “Сўз матонати” деса ҳам бўлар. Яшасин — мардлик. Яшасин — Матонат деймиз-да. Олам тинч бўлсин, дўсту ёрлар саломат бўлсин.

Юнус Эмро ҳазратлари бундоқ буюрмишлар:

“Биза дийдор керак, дунё керакмас!”.

Ўзбекда бундоқ дейдилар:

“Меҳрдан, дийдордан айирмасин!”.

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири